Малакали мутахассис — давр талаби
  • 17 Февраль 2016

Малакали мутахассис — давр талаби

Мамлакатимизнинг илмий-техникавий салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Жумладан, автомобилсозлик, электроника соҳаларида қўлга киритилаётган ютуқлар, айниқса, диққатга сазовордир. Бунда соҳа мутахассислари билан бир қаторда, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ишчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ана шундай малакали кадрлар етказиб беришда Тошкент шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг ҳам аҳамияти катта бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСA) иштирокида Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолият бошлаган ушбу муассаса кенг имкониятлари билан мамлакатимиз касбий таълим тизимида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади, дейиш мумкин. Негаки, 2012 йилдан буён ҳозирги кунга қадар бу ерда юртимиздаги етакчи корхоналар, ишлаб чиқариш субъектлари учун 1800 нафар малакали мутахассис тайёрланди. 

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра,  ташкилот ва муассасалар буюртмасига асосан, ҳар йили туман, шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан ишсиз  ёшлар замонавий касбларга қайта ўқитилади. Бунинг учун базавий касб-ҳунар коллежлари ва ишсизларни касбга тайёрлаш марказлари имкониятларидан фойдаланилмоқда. Мазкур марказ айнан ушбу мақсадларга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга. 

Марказ энг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, ускуна ва дастгоҳлар, ўқув қуроллари ҳамда  қўлланмалар билан таъминланган бўлиб, вилоятлардан келганлар учун юз ўринли ётоқхона ҳам мавжуд.  Бу ерда ҳар йили ишсизлар орасидан 360 нафар қобилиятли ёшлар танлаб олиниб, машинасозлик, электротехника, электроника, ахборот технологиялари, автомобилларга хизмат кўрсатиш йўналишларида малакали ишчи-мутахассислар тайёрланади. Муассасага истиқболли лойиҳа асосида КОIСA ташкилоти томонидан Қуёш энергияси асосида ишловчи миниэлектр станцияси ўрнатилди. Ушбу мосламанинг афзаллиги шундаки, у ўқув курси хонаси ва лабораториясини электр энергияси  билан таъминлаш баробарида, ўқувчиларнинг амалиётида ҳам ғоят қўл келмоқда.

Меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича корхоналар билан тузилган шартнома асосида қисқа муддатли пулли ўқитишлар ҳам ташкиллаштирилган. Муассасамизда ўтказиладиган “Очиқ эшиклар куни”, “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” сингари тадбирлар эса мутахассисларимизга иш жойи танлаш имконини берса, иш берувчилар учун кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплашда муҳим аҳамият касб этади.  

Марказда касб-ҳунарга ўқитилган ёшлар бугунги кунда “Ўзавтосаноат”, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзбектелеком”, “Тошавтотеххизмат”, “GM Powertrain Uzbekistan”, “Ўзагромашсервис”, Бекобод металлургия комбинати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизими идоралари ва бошқа қатор корхона ҳамда ташкилотларда фаолият юритишаётир. Қолаверса, мамлакатимиздаги техника соҳасига йўналтирилган олий ўқув юртлари, жумладан, Тошкент давлат техника университети, Турин политехника университети, Тошкент автомобиль-йўллар институти сингари муассасалар билан “Машинасозлик саноати”, “Автомобилсозлик” йўналишлари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Корея Республикасида ишлаш истагидаги ёшлар учун ҳам махсус ўқув курслари мавжуд. Биргина 2015 йилнинг ўзида ана шу давлатга ишга юборилаётган ёшлардан 600 нафари марказда махсус ишлаб чиқилган ўқув дастури ва режалари асосида техника, ёнғин хавфсизлиги ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилди. Бундан ташқари,  вақтинчалик иш билан банд бўлмаган фуқаролар ҳамда Тошкент шаҳрида, вилоятларда жойлашган саноат корхоналарининг буюртмалари асосида меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича ҳам қисқа муддатли курслар ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар 300 нафар ёш махсус дастур асосида касб-ҳунар эгаллади. 

Яна бир эътиборли томони шундаки, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш усталаримиздан ўн нафари Жанубий Кореянинг турдош марказларидаги ўқув жараёнлари билан танишиб, малака ошириб қайтишди. Марказимизнинг бошқа касбий таълим муассасаларидан фарқи шундаки, бу ерда ўқув дастури ва жараёни ўзига хос бўлиб, ўқишнинг 30-35 фоизи назарий ва 65-70 фоизи амалий машғулотлардан иборат. Шунингдек, ўн ойга мўлжалланган курснинг сўнгги тўрт ойи бевосита иш жойи, яъни корхонада ўтказилади.

Бугунги кунда марказимизга юртимизнинг юздан зиёд етакчи корхоналаридан ишчи-мутахассислар учун буюртмалар келиб тушган. Бу эса, ўз навбатида, касб эгаллаётган бўлажак мутахассисларнинг танлаган соҳаси бўйича ишга жойлашиши кафолатланади, деганидир.

 

Равшан ИБРАГИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини 

ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Тошкент шаҳридаги 

Касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn