Демократик ислоҳотлар кўзгуси
  • 26 Декабрь 2015

Демократик ислоҳотлар кўзгуси

Пойтахтимизда оммавий ахборот воситаларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда соҳа ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ривожини кафолатлаш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиб, соҳада замон талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техника базаси шакллантирилди. Пировардида матбуотимиз фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий-сиёсий -фаоллигини юксалтиришда, жамоатчилик назоратини кучайтиришда, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти. 
Айни пайтда юртимизда 1 минг 400 дан ортиқ ОАВ фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, анъанавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет журналистикаси ҳам тез суръатда ривожланиб бораётир. Интернет ресурслари орқали кўплаб хорижий тилларда ахборотлар тарқатилмоқда. Бу эса мамлакатимиз миллий ахборот маконининг мазмуни ва манзарасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилаётир. 
Давра суҳбатида шулар хусусида фикр юритилиб, сўз эркинлиги масъулияти, журналистларнинг профессионал билим ва маҳоратини ошириш, уларнинг фаол фуқаролик позицияси, касб одоби, жамоатчиликка холис ахборот етказишда ихтисослашувининг аҳамияти юзасидан ўзаро фикр алмашилди. 
Тадбир доирасида Жамоат фонди томонидан қатор ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган “Жамият ва мен”, “Инсон ҳуқуқлари — журналист нигоҳида” танловлари ғолиб ҳамда совриндорлари муносиб тақдирланди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn