«Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси!»
  • 26 Декабрь 2015

«Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси!»

Диёримиз бўйлаб Янги йил байрами шукуҳи кезаётган айни шу кунларда давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармойишига мувофиқ, Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлар, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларида ҳам Ватан ҳимоячилари куни олдидан “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

“Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси!” мавзуида Тошкент давлат аграр университетида ташкил этилган видеоконференция — шулардан бири. Интерактив мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда Сурхондарёдаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган Тошкент ви-лоятилик ва пойтахт вилоятида йигитлик бурчини адо этаётган сурхондарёлик муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашди.
Тошкент ҳарбий округи ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган видеомулоқотда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида қайд этилди.
— Ҳарбий хизмат ҳаётимнинг энг ёрқин ва унутилмас палласи бўлиб қолиши шубҳасиз, — дейди Тошкент ҳарбий округидаги қисмлардан бирида йигитлик бурчини -ўтаётган сурхондарёлик оддий аскар Фаррух Набиев. — Буни чинакам ҳаёт мактаби, дейишганича бор экан. Буёғини сўрасангиз, хизматлар аъло, ўқиб-ўрганишимиз, жисмоний чиниқишимиз учун барча шароит муҳайё. Коллежни ахборот технологиялари йўналиши бўйича битирганим хизмат даврида ҳам қўл келмоқда. Мана шундай замонавий миллий армиямиз сафларида эканимдан, ўз Ватанимга хизмат қилаётганимдан фахрланаман.
Бекобод шаҳрилик Азамат Тошматов — оиланинг кенжаси. Акасига қизиқиб, муддатли ҳарбий хизматга отланди. Айни пайтда Сурхондарёда. Видеомулоқотда онаси Муҳаббат ая билан тўғридан-тўғри суҳбатга киришган оддий аскар гапининг сўнгида “Сизга берган ваъдамни бир зум ҳам унутганим йўқ, онажон!” деди.
Аскар йигитнинг бундай самимий гапидан сўнг тадбир ўтаётган зал лаҳзалик сукутга чўмди. Муҳаббат аянинг жавоби эса қисқа бўлди:
—    Сендек фарзандим борлигидан чексиз фахрланаман!


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn