Эзгу ғояларнинг эркин минбари
  • 26 Декабрь 2015

Эзгу ғояларнинг эркин минбари

Пойтахтимизда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан -Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бошқа ҳамкор идора ва ташкилотлар кўмагида “Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари умуминсоний эзгу ғояларнинг эркин минбари” мавзуида конференция ўтказилди.

Тадбир Президентимизнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда, миллий журналистика соҳасида 2015 йил давомида қилинган ишларни таҳлилий баҳолаш, Соғлом она ва бола йилида ҳаётга татбиқ этиладиган кенг кўламли чора-тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, унинг жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари -муҳокамасига бағишланди.
Қайд этилганидек, юртимизда масс-медиани ривожлантириш, миллий матбуотимиз таъсирчанлигини ошириш, фуқароларнинг сўз эркинлигига доир ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, материалларнинг янги, таъсирчан шаклларини яратиш, иқтидорли журналистларни рағбатлантириш, ёш ижодкорларнинг билим ва кўникмаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бинобарин, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини ёритишда қалам аҳли фаол иштирок этди. Хусусан, бу борада амалга оширилган салмоқли ишлар, уларнинг самаралари, мазмун-моҳияти туркум мақолалар, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, интернет-материалларда ўз ифодасини топди ва ушбу жараён давом этмоқда.
Тадбирда истиқлол йилларида республикамизда баркамол авлодни вояга етказиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида айтиб ўтилди. 2016 йилда бу борадаги саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилади. Ўз навбатида, ижод аҳли зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Жумладан, келгуси йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилишидан кўзланган мақсад, Президентимиз маърузаси ҳамда Давлат дастурида белгиланган йўналишлар моҳиятини аҳоли онгига чуқур етказиш, тарғиб этишда журналистлар янада фаол бўлишлари мақсадга мувофиқ. Ҳар бир оммавий ахборот воситасида махсус рукнлар, туркум телерадиодастурлар ташкил этилиб, уларда оналик ва болалик ҳимояси, баркамол авлод тарбияси йўлидаги эзгу ишларнинг бориши ҳақида кенг жамоатчилик бохабар этилади.
Конференцияда мавзуга доир маърузалар тингланди. Якунда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида журналистика соҳасида ўтказилган “Эъзоз, эҳтиром, эътироф” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда “Энг яхши мақола”, “Энг яхши теледастур”, “Энг яхши эшиттириш”, “Энг яхши ижтимоий ролик” ва “Энг яхши интернет-сайт” номинациялари бўйича бир қатор ижодкорларга ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.


М. ҚОСИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn