Болалар шаҳарчаси
  • 15 Декабрь 2015

Болалар шаҳарчаси

Болажон халқмиз. Шу боис энг яхши неъматларни улар билан баҳам кўришга, ўғил-қизларимизнинг ёруғ ва фаровон келажагини таъминлашга интиламиз. Қувонарли жиҳати, миллатимизга хос бундай эзгу анъана ва фазилатлар истиқлол йилларига келиб давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Баркамол авлод орзуси — энг устувор мақсадимизга айланди.

Хива туманининг Эски Қиёт қишлоғида 20-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун янги Болалар шаҳарчаси қуриб фойдаланишга топширилгани ҳам бу борадаги юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Етти гектар майдонни эгаллаган кўркам  масканда навқирон авлод вакилларининг жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун барча қулайлик муҳайё этилди.
Шаҳарчага қадам қўяр эканмиз, бу ердаги обод манзарадан кўзимиз қувнайди. “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонасининг моҳир бинокорлари томонидан 140 нафар тарбияланувчига мўлжаллаб барпо этилган 18 та коттежнинг ҳар бири муҳташам кошонани эслатади. Ҳудуд атрофидаги майдонлар, равон йўллар, ички ва ташқи коммуникация тизимлари замонавий меъморчилик анъаналари асосида тикланган. Энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган компьютер хонаси, спорт зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол ва махсус ўйин майдончалари ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 200 ўринли зал болажонлар ихтиёрида.
— Одатда, ота-онасиз вояга етаётган болалар меҳр-муҳаббатга ташна бўлиб улғайишади, — дейди 20-Меҳрибонлик уйи директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак. — Негаки, оила — муқаддас қўрғон. Унда нафақат ота-она, балки ака-ука, опа-сингилнинг ўз ўрни бор. Бу кўринмас ва сирли ришта ота-онасиз болажонлар кўзларида мунг, кўнглида ўксиклик уйғотади. Шу боис давлатимиз ташаббуси билан ташкил этилган шаҳарчамизда оила муҳитини яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Яъни бу ерда ҳар бир ўғил-қизнинг ўз онаси, ака-укалари, опа-сингиллари бор. Улар учун шаҳарчадан уй-коттежлар ажратилган. Яшаш шароитлари ҳам шунга мос. Масалан, она — фарзандларни тарбиялаш учун масъул. Бунинг учун махсус педагог-тарбиячи жалб қилинган. У шу ерда яшаб, оилага бошчилик қилади. Хонадоннинг каттароқ аъзолари — фарзандлар онага дастёр, ука-сингилларига меҳрибон кўмакчи.
Яқинда мазкур шаҳарчанинг тантанали очилиш маросими чинакам шодиёнага айланди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар болажонлар кўнглига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn