• 24 Ноябрь 2015

Ижодкор ёшлар фестивали

Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ташкил этилган Ёшлар ҳафталиги якунланди. Ушбу тадбир доирасида ижодий учрашувлар, мулоқотлар, турли беллашувлар ўтказилди. Уларнинг ҳар бири иштирокчиларга олам-олам таассуротлар туҳфа этди, десак, муболаға бўлмайди.

Жумладан, “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам юксак савияда уюштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида улкан ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Бунинг натижасида республикамизнинг барча ҳудудида бири-биридан кўркам замонавий таълим муассасалари бунёд қилиниб, уларнинг моддий-техника базаси тубдан янгиланди. Таълим сифати юксалиб, фарзандларимизнинг пухта билим эгаллашларига замин яратилди. Ўқув муассасаларида жорий этилаётган турли истиқболли лойиҳалар, ўтказилаётган кўрик-танловлар ҳам ўғил-қизларимиз камолотида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танлови ана шундай ташаббуслардан биридир.
Кўрикнинг сўнгги босқичида Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг “Истиқлол”, Фарғона давлат университетининг “Сарбон”, Урганч давлат университетининг “Ал-Хоразмий ворислари”, Тошкент молия институтининг “Истиқлол фарзандлари”, Тошкент давлат аграр университетининг “Агроислоҳотчи”, Тошкент давлат юридик университетининг “Адолат” жамоалари ўзаро беллашдилар.
Белгиланган шартларга кўра, ёшлар ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасасидаги ижобий ўзгаришлар, яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги фикрлари, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-сиёсий тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир билимлари билан ўртоқлашдилар. Қолаверса, истиқлол даврида эришилган ютуқлар акс эттирилган ижтимоий ролик, бугунги кундаги иллатларга, хусусан, “оммавий маданият”га қарши курашиш, улардан ўғил-қизларимизни асраб-авайлашга қаратилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
— Яратилган улкан имкониятлар ҳар биримизни пухта билим олишга ундайди, — дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Дилноза Ўринбоева. — Бу каби учрашувлар кўникмаларимизни мустаҳкамлаш, тенгдошларимиз билан ўзаро фикр алмашиш имконини бермоқда.
Кўрик-танлов якунида Тошкент давлат юридик университетининг “Адолат” жамоаси ғолиб, деб топилиб, ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Ёшлар ижод саройида Мода ва дизайн фестивали доирасида Ёш дизайнерлар гала-дефилеси ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мода ва дизайн кўргазмалари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари юртимизда ушбу соҳа жадаллик билан равнақ топаётгани, истеъдодли ёш модельер ва дизайнерлар етишиб чиқаётганини яна бир карра тасдиқлади.
Тадбирда сўз олганлар эртамиз эгаларининг миллий ҳамда замонавий услубларни ўзида мужассамлаштирган либослар яратишда янгиликка интилиши ва бу борада халқимизнинг қадимий анъаналарига асосланаётганини юқори баҳоладилар.
Ушбу фестивалнинг “Мода лабораторияси” номинациясида Регина Юсупова, “Дебют” йўналишида Эльвира Мустафина, “Театр либоси” номинациясида Ўғилой Азимова, “Халқ либоси” йўналишида Гўзал Қутпуллаева биринчи ўринга лойиқ кўрилди.
“Энг яхши рангтасвирчи”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг ёш рассом”, “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш амалий санъат рассоми”, “Энг ёш санъатшунос”, “Энг яхши либос дизайни”, “Энг яхши халқ костюми” йўналишларида ҳам иқтидорлар тақдирланди.
Шунингдек, “PROlogue” — ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари фестивалининг тантанали ёпилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар томонидан тақдим этилган 55 та фильм кўриб чиқилиб, улардан йигирматаси фестиваль асосий дастурида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
Фестиваль доирасида “Қисқа метражли фильм — ёш киноижодкорлар учун маҳорат мактаби” мавзуида давра суҳбати, махсус эффектлардан фойдаланиш ва 3D-технологияси асосида фильмлар суратга олиш бўйича хорижлик мутахассислар иштирокида тақдимотлар, Ўзбек кино санъати музейида очиқ эшиклар куни, замонавий киноиндустрия кўргазмаси, ёш киноижодкорлар томонидан тасвирга олинган турли жанр ҳамда мавзудаги энг сара қисқа метражли филмлар намойиши иштирокчилар учун катта тажриба вазифасини ўтади.
Якунда “Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” учун бош соврин, шунингдек, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши”, “Болалар мавзусидаги энг яхши сценарий”, “Болалар мавзусидаги энг яхши режиссёрлик иши”, “Болалар мавзусидаги энг яхши операторлик иши” каби номинациялар бўйича ғолиблар номи эълон қилинди.
Мамлакатимизда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган “Янги нигоҳ” видеороликлар танлови ҳам ёш истеъдодларни кашф қилгани билан катта аҳамиятга эгадир.
Таъкидлаш керакки, мазкур танлов видеороликлар ёрдамида республикамизнинг туризм салоҳиятини юртдошларимиз ҳамда хорижликларга етказиш, ўғил-қизларимизда ватанпарварлик, бунёдкорлик ва янгиланишларга нисбатан фахр туйғуларини шакллантириш, юрт тарихига қизиқиш ва ҳурмат уйғотиши билан алоҳида диққатга сазовордир.
Танловга тақдим этилган “Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Ўзбекистоннинг экотуризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Миллий қадрият ва урф-одатларни тарғиб этишга қаратилган энг яхши видеоролик”, “Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тўғрисидаги энг яхши видеоролик” номинацияларидаги ижодий ишларда ёшларимизнинг юртимиз тарихи, маданияти ва санъатига бўлган юксак ҳурмат ҳамда эҳтиром туйғулари, янгича қарашлари ўз аксини топган.
Фестиваль якунида “Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик” номинациясида Тошкент вилоятилик Усмон Самуғжонов “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” ижодий иши билан, “Ўзбекистоннинг экотуризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик” номинациясида Тошкент шаҳрилик Музаффар Тошев “Зираворлар фестивали” ижодий иши билан, “Миллий қадрият ва урф-одатларни тарғиб этишга қаратилган энг яхши видеоролик” номинациясида хоразмлик Нилуфар Аҳмедова “Лачак тўйи” ижодий иши билан, “Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тўғрисидаги энг яхши видеоролик” номинациясида эса навоийлик Хуршид Сафаров “Жонбулоқ” ижодий иши билан биринчи ўринга сазовор бўлди.
Навқирон авлод байрамига айланган Ёшлар ҳафталиги ниҳоясига етди. Унда турли соҳаларда ижод қилиб келаётган йигит-қизларимизнинг юксак салоҳияти, иқтидори кенг намойиш этилди. Буларнинг барчаси, ҳақиқатан ҳам, эртанги кун, марра ёшларники эканлигидан далолатдир.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.