Боқий қадриятлар эъзози
  • 12 Ноябрь 2015

Боқий қадриятлар эъзози

Ҳунарли кишиларнинг исмига “уста” сўзини қўшиб айтиш халқимизга хос одат. Гулистон туманидаги Дўстлик қўрғонида яшовчи Жўравой Бердиалиев ўзи яшаётган ҳудуд аҳолиси ўртасида ана шундай эҳтиромга сазовор бўлган қўли гул ҳунармандлардан биридир. У ёғоч, темир ва ипдан хонадон эҳтиёжи учун зарур бўлган ўнлаб турдаги сифатли буюмларни тайёрлайди.

— Ёшлигимдан ҳунармандчиликка қизиқар эдим, — дейди уста. — Бу орзуимга истиқлол шарофати билан эришдим. Ёшим бир жойга етган бўлса-да, давлат томонидан кўрсатилаётган беқиёс эътибор ва рағбат менга катта куч-ғайрат бағишлаяпти. Натижада ҳунармандчилик йўналишида оилавий бизнесимизни йўлга қўйдик. Бугун ўғлим ҳам ёнимга кириб, устачилик билан машғул. Боболаримиздан мерос ҳунарларимиз навқирон авлод томонидан катта иштиёқ билан ўрганилиб, изчил давом эттирилаётгани қувонарлидир.
Сирдарё вилоятида халқ ҳунармандчилиги анъаналарини пухта эгаллашга ва уни янгича ёндашувлар асосида бойитишга ҳаракат қилаётган ёшлар сафи кенг. Эътиборлиси, улар амалий санъатнинг деярли барча йўналишида фаолият кўрсатишмоқда. Чунончи, Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган “Ташаббус — 2015” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳунармандлар ишлари кўргазманинг катта қисмини эгаллагани бунга яққол мисол бўла олади. Ўша танловда илк бор қатнашган Элбек Қосимовнинг ёғоч ўймакорлиги йўналишидаги буюмлари қўйилган бўлма ҳам танлов давомида томошабинлар билан гавжум бўлди.
— Бу ҳунарни эгаллашни мактабимиздаги тўгаракдан бошлаганман, — дейди навқирон ҳунарманд. — Сўнг Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида, республика дизайн коллежида таълим олдим. Айни чоғда эса Гулистон давлат университетида меҳнат таълими йўналишида ўқияпман. Бу ерда ёғоч ўймакорлигини пухта ўрганиш учун барча шарт-шароит яратилган. Халқимизнинг минг йиллардан буён сайқалланган ушбу амалий санъат турини мукаммал ўзлаштиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Олий ўқув юртида таҳсилни тамомлагач, ёғоч ўймакорлигига қизиқувчи иқтидорли ёшлардан кўплаб шогирдлар тайёрламоқчиман.
Айтиш лозимки, айни чоғда вилоятда фаолият кўрсатаётган 400 дан зиёд ҳунарманднинг аксарияти ёшлардан иборат. Улар сафи кенгайишига “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармасининг жойлардаги Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказлари билан ҳамкорликда ташкил этаётган “Устоз — шогирд” мактаблари ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Гулистон шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган ана шундай масканда 54 нафар қиз тикувчилик, зардўзлик ва каштачилик бўйича тажриба орттирди.
— Яқинда Сирдарё туманидаги “Малик” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида “Ҳунармандлар” марказини туздик, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳайё Мирзажонова. — Айни пайтда мазкур муассаса ёшларга касб ўргатиш ҳамда уларнинг малакаларини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Шунингдек, бошқармамиз ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан ҳунармандларга кредит олиш ҳамда солиқ имтиёзлари бўйича маслаҳатлар берилиб, бу борада ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қувонарлиси, давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятлар туфайли бугун ҳунармандчилик ҳаракати Сирдарё вилоятида ҳам кенг қулоч ёзиб, жадал равнақ топаётир. Пировардида соҳа вакиллари ишлаб чиқараётган сифатли маҳсулотлари билан юрт ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб, халқимизнинг азалий яратувчанлик салоҳиятини амалда намоён этишаяпти.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn