Яхшининг боғи
  • 09 Июль 2015

Яхшининг боғи

“Яхшидан боғ қолади”, дейди доно халқимиз. Ҳақиқатан ҳам, ҳаёт инсонга берилган азиз неъмат экан, унинг қадрига етган киши меҳнат қилиб, комил фарзандларни тарбиялаб вояга етказиш, эл дастурхонини тўкин этадиган боғлар яратишдек ибратли амаллар билан ўз умрига зеб беради. Чортоқ туманининг Пешқўрғон қишлоғида яшовчи пиру бадавлат отахон — Низомиддин Худоёров ана шундай инсонлар тоифасидан.

Бу йил саксон беш баҳорни қарши олган отахон эсини танибдики, боғ оралайди. Кўп йиллар давомида боғдорчилик бригадасига етакчилик қилиб, мева-сабзавот етиштириш бўйича катта тажриба тўплади. Гарчи юртимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларда пенсияга чиққан бўлса-да, севимли касбига бўлган меҳр барибир устун келди. Фарзандларини ёнига олиб, ўзи яратган боғлар негизида фермер хўжалиги ташкил этди. Боғнинг асосий қисмини янгилади.
— Мустақиллик туфайли бошқа соҳалар қаторида боғдорчиликда ҳам катта ўзгаришлар юз берди, — дейди Низомиддин Худоёров. — Мисол учун, интенсив боғларни олайлик. Мевали дарахтларни илмий асосда парваришлашга йўналтирилган бу усулнинг нафи тезда кўзга ташланди. Энг аввало, пакана ва яримпакана кўчатлар барвақт ҳосилга кириши билан барчага маъқул бўлди. Эсимда, бир пайтлар биз парваришлаган олма дарахтларининг ҳосилини ўн йиллаб кутганмиз. Шунда ҳам, улар бир йил ҳосил берса, кейинги йили “дам оларди”.
Низомиддин ота асос солган “Пешқўрғон Худоёри” фермер хўжалигини ҳозирги кунда катта  ўғли Исомиддин бошқараяпти. Бундан бир неча йил аввал у 5 гектар майдонда интенсив боғ яратиб, Польша ва Сербия давлатларидан янги навларни келтириб ўтқазган эди. Кўчатлар иккинчи йилиёқ нишона кўрсатган бўлса, учинчи йили тўлиқ ҳосилга кирди. Исомиддиннинг укаси Қодиржоннинг ҳам фермер хўжалиги бор. “Низомиддин шахмат боғи” деб юритилади. Ҳали ғайрати сўнмаган отахон кунда-кунора ҳар иккала хўжаликка келиб, ишнинг боришини кузатади, фарзандларига маслаҳат беради. Қолаверса, ҳовлидаги олмазорнинг ҳам ташвиши етарли. Бу ерда “Семеренко”, “Голден” сингари олма навларининг 25 тупи парваришланаяпти. Ҳар йили улардан мўл ҳосил олинади. Натижада оила даромади рўзғор харажатларидан ортиб, невара-чевараларнинг тўйига файз киритаяпти.
Низомиддин ота, шунингдек, меваларни узоқ вақт сақлашнинг ҳадисини ҳам олган. Бунинг учун ҳовлидаги уйлардан бир хонаси ажратилиб, ўзига хос омборга айлантирилган. Меваларни жойлаштириш учун махсус яшик ва бошқа қурилмалар ясалган. Хонанинг тагидан эса ариқ ўтказилган. Ундан мунтазам равишда оқиб турадиган сув ҳароратни мўътадил сақлайди. Қисқаси, “қўлбола совутқич”да 50 тоннага яқин олма ва бошқа меваларни март ойига қадар худди янги узилгандай сақлаш мумкин.
— Яқинда телевизор орқали Ўзбекистонимиз жаҳондаги бахтли ҳаёт кечираётган давлатлар орасида олдинги ўринлардан бирида бораётганини эшитиб, жуда суюниб кетдим, — дейди Низомиддин ота. — Ҳақиқатан, шаҳару қишлоқларимиздаги янгиланишларни айтмайсизми?! Масалан, кун сайин кўркига кўрк қўшилаётган Наманганимизга қараб, кўзи тўймайди кишининг. Фарзандларимизнинг келажагидан хотиримиз жам, уларнинг  таълим олиши, намунали тарбия топиши, касб эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Биз сингари кексаларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрликдан эса бошимиз осмонда. Мана шундай дориламон кунларимиз, озод ва обод юртимиз, осуда ҳаётимизга сира-сира кўз тегмасин, дея ҳар куни дуо қиламан.
Дейдиларки, кўпчиликнинг корига яраб, савоб ишларга елка тутган кишининг умрига умр қўшилади, ҳаётига барака инади. Айниқса, боғлар барпо этиб, эл дастурхони тўкинлигига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонларнинг туриш-турмуши ёшлар учун ибрат мактаби, фарзандлари учун бебаҳо давлатдир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn