Интилган ютқазмайди
  • 19 Июнь 2015

Интилган ютқазмайди

Тадбиркорлик билан шуғулланаётганимга ўн йилдан ошибди. Дастлаб бозордаги мўъжазгина дўконда қурилиш материаллари билан савдо қилардик.

Ўшанда  кўнглимда  “Қачонгача зарур маҳсулотни олиб келиш учун юртма-юрт кезамиз, шуни ўзимизда ишлаб чиқарсак-чи?” деган фикр пайдо бўлганди. Яхши ният кишига йўлдош бўлар экан. Ака-укалар ҳамжиҳатликда қурилиш-пардозлаш материаллари тайёрлашни йўлга қўйдик.
Буни қарангки, ишларимиз юришиб кетди. Кичкина цехимиз кўп ўтмай катта корхонага айланди. Ҳозир етмишдан ортиқ турдаги лок-бўёқ маҳсулотлари тайёрлаяпмиз. Ўттизга яқин кишини иш билан таъминлаганмиз.         
Биз — Истиқлол одамларимиз. Дунёқарашимиз юксалди. Ташаббускорлик, бунёдкорлик иштиёқи билан яшашга интилаяпмиз. 
Яқинда Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган ўғлим Анваржон айтиб қолди: “Дада, ўқишим ҳам битаяпти, дипломни олгач, корхонамиз ишлаб чиқаришида қўлланилаётган компьютер технологияларини бошқаришни менга қўйиб берсангиз. Улар ёрдамида бўёқларнинг ёрқинлигини янада ошириш юзасидан бир қатор  янгиликлар устида изланишлар олиб бораяпман. Ахир бизнесда кун сайин янгиликка интилмаган одам ютқазиб қўяди-ку?”.
Дилбандимдаги завқу шавқни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Булар мустақиллик фарзандлари-да. Билимли, шижоатли. Улар юртимизни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшади, албатта. Демак, эртамиз бугунгидан-да порлоқ бўлади. 

Акмалжон АҲМАДЖОНОВ,
Наманган шаҳридаги «Element paint» масъулияти
чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn