Ғамхўрликдан дилларда қувонч
  • 17 Июнь 2015

Ғамхўрликдан дилларда қувонч

Хонқа туманида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ёш оилалар яқинда қуриб битказилган “Камолот” уйига кўчиб ўтди.

Янги хонадонларнинг калитларини топширишга бағишлаб ўтказилган маросимда сўзга чиққанлар юртимизда ёш авлодни баркамол қилиб вояга етказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган йигит-қизлар тураржой билан таъминланаётгани, уларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Сузиш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаган, қатор нуфузли беллашувлар ғолиби Машраббек Ҳозиров ҳам ана шундай бахтли оилалар соҳибларидан бири. Ҳозирги кунда у Урганч олимпия захиралари коллежида мураббийлик қилаяпти.
— Бундай кўркам ва шинам уйда яшашнинг ўзи бир бахт, — дейди М. Ҳозиров. — Хонадонларнинг узоқ муддатга, бошланғич бадалсиз, имтиёзли кредит асосида берилиши биз учун катта имкониятдир. Бу ғайратимизга ғайрат қўшаяпти.
Айтиш жоизки, бундай муҳташам уйлардан яна иккитаси Хива ва Гурлан туманларида ҳам фойдаланишга топширилди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Таътил завқи Билимдонлар баҳси »