Сўлим хиёбонлар чорлайди
  • 16 Июнь 2015

Сўлим хиёбонлар чорлайди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Гўзал ва сўлим дам олиш масканлари — халқимиз хизматида” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида бири-биридан кўркам маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, истироҳат боғлари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Булар халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, ўғил-қизларимизни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш, уларнинг мазмунли ҳордиқ олишларини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида тасдиқланган Дастурга мувофиқ, жумладан, 2011 — 2014 йилларда 90 та маданият ва истироҳат боғида қайта таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари бажарилди. Уларга 800 дан ортиқ замонавий аттракцион ўрнатилди. Бир қатор маданият ва истироҳат боғларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Жорий йилда 77 та янги маданият ва истироҳат боғи ташкил этилиши кўзда тутилган. Қолаверса, кўплаб сўлим гўшаларда реконструкция ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилаяпти.
Ҳозирги кунда республикамизда 225 та маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатаётир. Уларда юртдошларимизнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун барча имконият мавжуд. Хусусан, қатор маданий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бундан ташқари, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, гўзал ва сўлим дам олиш масканларида нуронийларимизга қулайликлар яратиш мақсадида ҳам ибратли ишлар бажарилмоқда.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn