Китобхонлар байрами
  • 19 Май 2015

Китобхонлар байрами

Китоб — инсонни маънавий камолот сари етакловчи восита, илм дурдоналарини авлодларга етказувчи бебаҳо бойлик. Шу боис ҳар бир ўзбек оиласида китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратилади.

Пойтахтимиздаги Fафур Fулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган “Китоб бизни бирлаштиради” деб номланган китобхонлар фестивали бунинг ёрқин тасдиғи бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Байналмилал маданият маркази, Республика болалар кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ахборот-ресурс марказлари ходимлари, ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Фестивалда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ўғил-қизларнинг китобга бўлган меҳрини янада ошириш, мутолаа маданиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Бинобарин, ахборот-ресурс марказлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уларнинг адабиётлар захирасини янгилаш ва бойитиш борасида ислоҳотлар ҳам катта самара бераётгани эътироф этилди. Чунончи, бугунги кунда халқ таълими тизимида 10 114 та ахборот-кутубхона муассасаси фаолият юритаётган бўлиб, уларда 26 млн. нусхадан зиёд китоблар, дарслик ва адабиётлар мавжуд.
— Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари орасида китобхонликни тарғиб қилиш, қобилиятли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, — дейди Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов. — Биргина ўтган йили умумтаълим мактабларининг кутубхоналарига 5,6 млрд. сўмлик бадиий адабиётлар харид қилинди. Шунингдек, уч босқичли “Китобхонлар байрами” тадбирлари,  “Китобхон оила”, “Китобхон мактаб”, “Йилнинг энг яхши китобхони”, “Зукко китобхон” каби ўнлаб республика кўрик-танловлари ўтказиб келинаётир. Бундан ташқари, ҳар йили Республика болалар кутубхонаси томонидан “XХI асрда болалар китобхонлиги” мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилаяпти.
— Устозимиз “Заминни, она-табиатни офтоб иситса, одам қалбини китоб илитади, ёритади ва нурлантиради” деб айтадилар, — дейди тадбир иштирокчиси, пойтахтимизнинг 147-мактаб ўқувчиси Сирожиддин Неъматов. — Шу боис синфимиз билан ушбу фестивалда фаол қатнашдик. Тадбирларда янги китоблар билан танишиш баробарида, бадиий асарлар муаллифлари билан учрашиш, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлганимиздан жуда хурсандмиз.
Фестивалда энг фаол китобхонларга болалар адабиётларидан иборат совғалар топширилди. Тадбир доирасида юртимиз нашриёт-матбаа ижодий уйларида чоп этилган янги китоблар кўргазмаси ҳам  ташкил қилинди.
Миллий маданият марказлари қошидаги болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари фестивалга янада файз бағишлади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn