Эҳтиромдан беҳад мамнунмиз
  • 16 Апрель 2015

Эҳтиромдан беҳад мамнунмиз

Бу йил 103 ёшни қаршиладим. Кўпчилик мендан “Узоқ умр кўришнинг сири нимада?” деб сўрайди. Шунда ўзим ҳаётда амал қилиб, кам бўлмаган хислатларни бирма-бир санайман: “Аввало, инсон сифатида ўзимиз яшаётган, жаннатмонанд Ўзбекистонимизни севишимиз, ундаги ҳар бир янгиланиш ва бунёдкорликдан қувониб яшашимиз керак”, дейман. Донолар бежиз одам яхши кунларни кўриб, яшаради демаган-да.

Юртимизнинг кекса авлод вакиллари истиқлол йилларининг дастлабки кунлариданоқ эътибор ва ардоқда. Биргина мисол, қарилик нафақасини уйимизга олиб келиб беришаётган бўлса, Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз ҳамда бошқа байрамларда маҳалламиз вакиллари, шифокорлар, ёшлар йўқлаб, иссиқ-совуғимиздан хабар олаётган бўлса. Ахир бундай инсонпарвар юрт қайда бор?!
2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ҳам бизга бўлган ҳурмат, ғамхўрлик белгисидир. Бундай эътибор, қолаверса, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва фаровонликдан умримизга умр қўшилмоқда.
Ўзим Сурхондарёнинг энг чекка туманларидан бири — Олтинсойда яшайман. Туманимиздаги ўзгаришлар, яратилаётган боғу роғлар, бунёдкорлик ишларидан қувонаман. Шаҳардагидан қолишмайдиган, намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойларни айтмайсизми?! Қишлоқлар ҳуснига ҳусн қўшаяпти.
Фарзандларим ана шундай кўркам ва чиройли уйларда яшаётганидан севинаман. Айниқса, невара-чевараларим таълим олаётган янги қурилган мактаб ҳамда коллежларни кўрганимда, кўзларим хурсандчиликдан ёшланади. Шундай ажойиб юртимизга кўз тегмасин, Юртбошимиз омон бўлсинлар, дея дуога қўл очаман.
Куни кеча Президентимизнинг “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини эшитиб, қувончимизга қувонч қўшилди. Унда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 майидан мен сингари 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш белгиланибди. Қолаверса, ушбу ҳужжатда ёши улуғ юртдошларимиз учун яна бир қатор имтиёз ва ғамхўрликлар назарда тутилганки, буларнинг барчаси тинчлик-омонлик, оқилона сиёсат мевасидир.
“Қариси бор уйнинг париси бор”, дейишади. Биз, кексаларни қадрлаётган, эъзозлаётган Ўзбекистонимизнинг келажаги бундан-да буюк бўлишига астойдил ишонамиз.

Олтинсой туманилик
Йўлдош ота БОБОЕВнинг дил сўзини
Нормурод ТЕМИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn