XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 28 Март 2015

Эркинлик, тенглик ва ҳалол сиёсий кураш асосида

Мамлакатимиз муҳим сиёсий воқеа арафасида турибди. 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ҳамюртларимиз, халқаро жамоатчилик диққат-эътибори сиёсий партиялар ўртасида сайловолди кураши жараёнига қаратилди.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар ўзларининг мамлакатни янада ривожлантиришга оид қарашлари ва ёндашувлари белгилаб берилган Сайловолди дастурлари билан сайловчиларни таништиришга йўналтирилган ташвиқот фаолиятини якунламоқдалар.
Мухбиримиз Президент сайловига оид материалларни ўрганди, сиёсий партиялар сайлов штаблари фаолияти билан қизиқди, Марказий сайлов комиссиясининг қатор, жумладан, сайловолди ташвиқоти масалаларига бағишланган йиғилишларида иштирок этди. Бу эса ушбу жараёнлар таҳлили учун салмоқли мақола тайёрлаш имконини берди.
Қайд этиш керакки, 2015 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайловолди кампанияси мутлақо янги шароитларда бўлиб ўтаяпти. Ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларига эришди. Кучли ижтимоий сиёсат аҳоли ҳаёт сифати ва даражасини сезиларли миқёсда ошириш имконини берди. Давлат томонидан самарали қўллаб-қувватлаш механизми жорий қилингани, республика ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий тараққиётининг аниқ устувор йўналишларини белгилашда иштирок этиш, давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари таъминлангани самараси ўлароқ, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ва роли мустаҳкамланди.
Кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва тафаккурини юксалтириш бўйича яратилган ҳуқуқий асослар одамларнинг фуқаролик фаоллиги, уларнинг жамият ва давлат бошқаруви ишларидаги иштироки даражаси ўсишига туртки бўлди. Буларга 2014 йил декабрь ойида парламент сайловларини кузатган хорижлик экспертлар ҳам гувоҳ бўлдилар. Ўшанда юртимизнинг барча ҳудудида фуқароларнинг овоз бериш жараёнида нафақат фаол қатнашгани, балки ўзбекистонликларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ўсгани қайд этилди.
Шубҳасиз, мамлакатда ислоҳотларга дахлдорлик баробарида, ўз номзодларини илгари сурган сиёсий партиялардан натижа кутиш ҳисси сезиларли ортди. Сайловлар республиканинг келгуси тақдирини белгилаб берувчи муҳим палла эканлигини фуқаролар яхши англайдилар.
Сайловолди ташвиқоти жараёни Президентликка номзодлар учун сиёсий етуклик ва ўз ғояларини ҳимоя қилишга қодирлигини кўрсатиб берадиган ҳақиқий имтиҳон бўлди. Улар биринчи кунданоқ сайловолди курашига фаол киришдилар. Айтиш мумкинки, Президентликка номзодларнинг бу галги сайловолди ташвиқоти жадал, очиқ, сиёсий кучларнинг ҳаққоний ва эркин рақобати асосида бўлиб ўтмоқда ҳамда у 2007 йилги Президент сайловидан ҳам ахборот оқими ҳажми, ҳам мазмун-моҳияти, ҳам сиёсий технологиялар турфа шакллари билан тубдан фарқ қилади.
Сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясининг асосий босқичларидан бири сифатида очиқликни тўла таъминлаш, сайловчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумотлар олишида муҳим роль ўйнайди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда демократик сайловларнинг асосий тамойилларидан бири — бутун сайлов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳамда сиёсий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун тенг имкониятлар берилган. Учрашувларда номзодлар ўзларининг келгуси фаолиятига оид дастурларини тақдим этадилар.
Президентликка номзодларнинг жорий йил 14 февралидан бошланган сайловолди ташвиқоти биринчи кунданоқ жадал суръат олиб, айни вақтгача у сира пасайгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан номзодлар учун сайловолди ташвиқоти доирасида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари учун кенг ва тенг шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, улар ўзларининг Сайловолди дастури, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий тараққиёти масалалари бўйича қарашлари ҳамда йўналишларини сайловчилар ва жамоатчиликка етказишлари учун уларга тенг ҳажмда эфир вақти ҳамда нашр майдони тақдим этилди. Ташвиқот кампанияси бошланганини эълон қилар экан, Марказий сайлов комиссияси номзодлар имкониятлари тенглиги бош тамойили бузилишига, нохолис сайловолди курашига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
Марказий сайлов комиссияси қарори билан сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телерадиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти ажратилди. Бу номзодларга электоратга сезиларли таъсир ўтказишга қодир кенг ташвиқот ишларини олиб бориш имконини берувчи салмоқли эфир ҳажмидир. Солиштириш учун, ўйлайманки, 40 рақамини келтириб ўтиш ўринлидир. 2007 йилда Президентликка номзодлар ташвиқоти учун ҳар ҳафтада эфирда айнан шунча вақт берилган эди.
Ўз навбатида, ташвиқот кўрсатувларининг жанр, мавзу жиҳатидан хилмахиллиги ошган. Жумладан, эфирга мунтазам равишда сайловчилар билан учрашувлардан, сайлов штаблари ишидан репортажлар, ташвиқот видеороликлари, тўғридан-тўғри мурожаатлар ҳамда номзодлар билан интервьюлар ва бошқалар бериб борилди.
Мониторинг натижасига кўра, бугунги кунда “Миллий тикланиш” ДП, ЎзХДП ва “Адолат” СДПдан номзодлар уларга Миллий телерадиокомпания каналларида тақдим этилган бепул эфир вақтидан тўлиқ фойдаланишди. Сайлов кампанияси даврида мамлакат ижтимоий ҳаётига оид янгиликларга бағишланган дастурларда барча номзодлар учун имкониятлар тенглиги тамойили таъминланди. Энг асосийси, теле ва радиоташвиқот эфирнинг энг тиғиз вақтида бериб борилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ташвиқотда фойдаланишлари учун “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” марказий газеталарида 10 саҳифадан нашр майдони ажратилди. Кўрсатиб ўтилган нашр майдонидан сиёсий партиялар ва номзодлар фаол фойдаланди. Уларнинг деярли ҳар бир сонида ташвиқот материаллари жойлаштириб борилди. Ўз навбатида, айтиб ўтиш жоизки, 2007 йилда Президентликка номзодлар сайловолди ташвиқоти даврида ушбу газеталарда 1,5 саҳифадан сал ортиқ жойдан фойдаланган эдилар.
Электоратга мақсадли таъсир этиш учун бевосита жойларда ҳам ахборот кампанияси ташкил қилинди. Округ сайлов комиссиялари қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳудудий телерадиоканалларда 180 дақиқадан эфир вақти, ҳудудий даврий нашрларда эса 5 саҳифадан нашр майдони берилди. Булар ҳам ташвиқот ишларининг кенг миқёсини таъминлади.
Агар эски газета тахламлари кўтарилса, ўшанда бутун ташвиқот даврида номзодларнинг фақат таржимаи ҳоллари, дастурлари, шунингдек, жойларда сайловчилар билан учрашувлар ҳақидаги қисқа ахборотга кўзингиз тушади. Бу галги сайлов кампаниясида матбуотга мурожаат этилса, партияларнинг ташвиқот ташкилотчилари томонидан номзодларнинг Сайловолди дастури мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳар томонлама очиб берилган кенг ҳамда турли шакллардаги ахборот материаллари тақдим этилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Булар етакчиларнинг партия съездларидаги чиқишлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларининг жойларда сайловчилар билан учрашувлари, партиялар сайлов штаблари фаолиятига доир тўлиқ маълумотлар, номзодлар билан Сайловолди дастурларининг асосий йўналишлари ҳақидаги суҳбатлардир.
Номзодлар ташвиқот кампанияси даврида республиканинг барча ҳудудига бориб, турли аудитория билан учрашди. Эътиборлиси, мазкур тадбирларда Сайловолди дастурларида илгари сурилган ғояларга чинакам қизиқиш билдирган кўплаб ёшлар йиғилди. Номзодларнинг ишончли вакиллари мамлакатнинг ҳар бир тумани ва шаҳарида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Сиёсий партиялар сайлов штаблари маълумотлари, жойлардаги мухбирларимиз хабарларига қараганда, давлат органлари, жамоатчилик бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ушбу тадбирларга ҳар томонлама кўмак бермоқда. Ҳамма жойда номзодларга қулай хоналар ажратиб берилиб, аҳоли учрашув ҳақида олдиндан хабардор қилинди. Сайловолди учрашувлари ҳақидаги эълонлар давлат органлари, қолаверса, сиёсий партиялар сайтларида жойлаштирилди. Тадбирлар очиқ, уларда иштирок этиш эркинлиги таъминланди. Қайд этиш даркорки, аҳоли сайловолди учрашувларида жуда фаол қатнашди, ҳудудларни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Умуман, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва сиёсий партиялар сайлов кампаниясида ташвиқотнинг барча имкониятларидан унумли фойдаланмоқда. Чунончи, республика шаҳарлари, туманлари, ҳаттоки, чекка қишлоқларда ҳам номзодларга овоз беришга чақирувчи ташвиқот баннерлари илиб қўйилди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳар номзод учун 829 тадан баннер ўрнатилди. Ҳар бир партия ўз номзодининг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури киритилган 80 мингдан брошюра нашр қилиб, аҳоли ўртасида тарқатди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ҳар бир номзод учун 600 мингдан зиёд нусхада портрети, таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури ўрин олган турли форматдаги ахборот плакатлари чиқарилиб, сайлов участкалари, бошқа жамоатчилик жойларига осиб қўйилди. Бошқа ташвиқот материаллари — стол устида турадиган ва чўнтак тақвимлари, буклетлар, флаерлар ҳам тарқатилди.
Юртимизда турли миллат вакиллари истиқомат қилаётгани ҳам, албатта, эътиборга олинди. Бинобарин, ташвиқот материаллари бир неча тилда тайёрланди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг таржимаи ҳоллари ва дастурлари туширилган брошюралар ўзбек, қорақалпоқ ҳамда рус тилларида нашр қилинди. Шулар қаторида кўрсатиб ўтилган материаллар қозоқ ва тожик тилларида “Нурлы жол” ҳамда “Овози точик” газеталарида чоп этилди.
Номзодлар ҳақидаги кўп, асосан, уларнинг Сайловолди дастурига доир маълумотларни сиёсий партиялар нашрлари ва веб-сайтларидан олиш мумкин. Мазкур электрон ахборот манбалари замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда, номзодларнинг Сайловолди дастурлари мазмун-моҳияти, аҳамияти, номзодлар ва ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари ҳақида аҳолини хабардор қилиб бормоқда.
Бундан ташқари, сайловолди кампанияси интернетдан фойдаланган ҳолда ҳам олиб борилди. Оммавий ижтимоий тармоқларга мунтазам асосда жойлаштирилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг Сайловолди дастурлари том маънода, айниқса, ёшлар ўртасида муҳокамалар мавзуига айланди.
Сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотининг барча воситаларидан фаол фойдаланилгани жамоатчилик фикрининг шаклланиши, ўзларининг сиёсий қарашлари ҳамда дастурлари билан сайловчиларни чуқур таништиришлари, фуқароларнинг реал талаблари ва кайфиятини аниқлашга ижобий таъсир кўрсатиш имконини берди. Буларнинг барчаси партияларга янада ривожланиш ҳамда зарурат туғилганда, сиёсий йўналишига тузатиш киритишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда 2015 йилги сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти қизғинлиги даражаси сезиларли ўсгани, шунингдек, ташвиқот шароитида очиқлик, ошкоралик ва тенглик принципи таъминланганини айни пайтда юртимизда сайлов жараёнларини кузатиб бораётган халқаро кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этиляпти.
Бугун энг асосий нарса — ҳар бир сайловчининг ўз хоҳиш-иродасига таянган ҳолда, танловини онгли ва масъулият билан амалга оширишидир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жадал, миллий қонунчилик қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, ҳаққоний рақобат, очиқ курашда ҳар қандай тўсиқларсиз, айни пайтда турли сиёсий партиялар қарашларига ҳурмат муҳити ҳамда юқори фуқаролик фаоллиги шароитида ўтказилаётгани муҳим роль ўйнайди.

 

Салим ДОНИЁРОВ.


* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасидан.

Оммавий ахборот воситалари янгиликлар дастурлари ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенг шарт-шароитлар таъминласин.


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қароридан.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+