Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси
  • 27 Январь 2015

Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси

Ўтган йили декабрь ойида ўтказилган сайлов якунларига кўра, янгидан шакллантирилган парламент палаталарининг қўшма мажлиси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ёрқин воқеалардан бири бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маъруза қилди. Бугунги кунда экспертларнинг таъкидлашича, навбатдаги чақириқ фаолияти бошидаёқ парламент қўшма мажлисида давлат раҳбари томонидан анъанавий тарзда сўзланган нутқ мазмун-моҳияти жиҳатидан дастурий ҳужжатдир. Мухбирларимиз бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан интервью олди.

Дилором ФАЙЗИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Парламент палаталари қўшма мажлиси фаолиятимиз ва юртимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш учун янги саҳифани очиб берди. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида парламент томонидан амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиб, унинг натижаларига реал баҳо берди ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Афтидан, беш йил — унча катта муддат эмасдек туюлади. Лекин мустақилликнинг қисқа 23 йили давомида халқимиз томонидан қанчадан-қанча ишлар амалга оширилганини инобатга олсак, олдимизда турган беш йил демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш йўлидаги энг муҳим қадамга айланиши, аҳоли турмушини тубдан яхшилашнинг ҳал қилувчи босқичи бўлиши яққол ойдинлашади. Айни чоғда депутатлар, Сенат аъзолари ўзлари учун конкрет ҳаракат дастурини аниқлаб олиши, шу асосда кундалик фаолиятимизни келажак авлод учун бунёдкорлик ҳамда яратувчанлик ишларига йўналтиришимиз керак.
Юртбошимиз томонидан сиёсий партиялар фракциялари ва депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, парламент назоратини амалга оширишдаги ташаббускорлигини кучайтириш лозимлиги эътироф этилди. Ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўзининг асосий ғоялари, Сайловолди платформалари ҳамда дастурларидан келиб чиқиб, уларни қонунчилик фаолиятида қайси шаклда амалга ошириши, ислоҳотларнинг ҳуқуқий майдонини янада такомиллаштириш учун қандай ташаббусларни амалиётга татбиқ этиши лозимлигини аниқ белгилаб олиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг ортимизда партия, ғояларимизни ҳаётга татбиқ этишимиз учун ўз овозини берган электоратимиз турганини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Мазкур саъй-ҳаракатлар қонуний манфаатларининг қонунчилик даражасида ҳимоя қилинишини бизга ишониб топширган сайловчилар олдидаги ҳисобдорликнинг асосий мезони бўлиши лозим.

Полянте СВЕШНИКОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига берилган кенг миқёсли ваколатлар парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини кучайтиради. Бироқ парламентнинг реал кучи фақатгина мазкур ваколатлардан унумли фойдаланиш, хусусан, парламент назоратини самарали амалга ошириш шароитидагина намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти парламент қўшма мажлисида чиқиш қилар экан, конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатдан янги асосда қурилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Парламент назорати — депутатлар ва сенаторлар фаолиятининг муҳим қисмидир. Зеро, биз қабул қилаётган қонунлар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Парламент назоратини кучайтириш, унинг шакллари ва усулларини такомиллаштириш қонунчилик ҳужжатларини самарали амалга ошириш, ижро ҳокимияти, жумладан, жойлардаги маҳаллий давлат органлари фаолияти, уларнинг масъулиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига қатъий риоя этиш, барча давлат механизми фаолияти уйғунлиги билан бевосита боғлиқдир. Парламент назоратини амалга ошириш ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда қонунларни янада маромига етказиш нуқтаи назаридан чуқур таҳлилдан ўтказиш имконини ҳам беради. Сиёсий партияларнинг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, партиялараро рақобат ва фракциялараро курашни кучайтириш бўйича чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, депутатлар фаоллиги ва малакасининг ўсиши, ўз навбатида, парламент назоратини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши лозим. Бугун биз парламент назорати соҳасидаги амалдаги ҳолатдан қониқиш ҳосил қила олмаймиз. Фаолиятга киришар эканмиз, биз қуйи палатанинг қонунчилик ишида ўзаро боғланган қўмиталари кесимида назорат-таҳлил тадбирларининг аниқ дастурини ишлаб чиқишимиз даркор. Шу маънода, парламент назорати тартиб-таомиллари аниқ белгиланган, уни амалга оширувчи субъектлар ваколатлари, вазифалари, давлат назоратининг бошқа органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари аниқлаб берилган, қолаверса, қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кўрсатиб ўтилган ягона меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат — “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш ва қабул қилишни тезлаштиришимиз мақсадга мувофиқ. Кундалик фаолиятимизда бизга Ватанимиз тақдири ва келажагини ишонган сайловчиларимиз манфаатлари турганини асло унутмаслик асосий бурчимиздир. Бинобарин, халқ ишончини оқлаш йўлида бор куч-ғайратимизни ишга солиб ишлашимиз шарт.

Шоҳида АРИПОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси янги шаклланган миллий парламентимиз фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда қонун ижодкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Зеро, Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг ўтган даврдаги фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни кўрсатиб ўтди. Биргина сўнгги йилларда қабул қилинаётган айрим қонунлар, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳаётда ижро қилинмасдан, ҳавода муаллақ туриб қолаётгани, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилмаётгани танқид қилинди.
Шу маънода айтганда, ҳар бир депутат, ҳар бир сенатор сайловчилар манфаатлари ва мамлакатимиз равнақи йўлида ўз вазифасига масъулият билан ёндашмоғи, ҳар бир қонунни чуқур ўрганиб чиқиши, бунда олимлар, жамоат бирлашмалари, сайловчилар фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиши айни заруратдир.
Сенат аъзоси сифатида бизга билдирилган ишончни оқлаб, аҳоли саломатлигини асраш, ижтимоий муҳофазасига зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил тараққий эттириш, мухтасар айтганда, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қонунларни такомиллаштириш ва ҳаётга татбиқ этиш йўлида бор куч-ғайратимизни, билимимизни аямаймиз. Зеро, ҳар жиҳатдан пишиқ, мукаммал қонунлар одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга, юртимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Истиқболда бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтириб, аниқ муҳокамалар ўтказишни мақсад қилаяпмиз. Уларда нафақат жамиятнинг у ёки бу соҳасида олиб борилаётган ишларни кўриб чиқиш, балки уларни янада яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш ва унинг ижросини йўлга қўйиш доимий диққат-эътиборимизда бўлади.

Турғун ИСКАНДАРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Давлатимиз раҳбарининг Сенатнинг биринчи ташкилий мажлиси ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларини юксак дахлдорлик туйғуси билан тингладик. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида парламентимиз юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим иштирокчисига айланди. Айниқса, икки палатали парламент фаолиятининг йўлга қўйилиши демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳали-ҳануз бартараф қилинмаган бир шароитда иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда юқори ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, аҳоли фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани биз, депутатлар ва сенаторлардан ўз фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Мен ҳам биринчи марта сайланган сенатор сифатида, аввало, халқ ишончига муносиб бўлишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Зеро, очиқ, ошкора, миллий ва халқаро қонунчилик меъёрлари асосида бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра шаклланган парламентнинг ҳар бир аъзоси айни пайтда истиқболдаги режа ва вазифаларини белгилаб олмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган парламент аъзолари барча жабҳаларда фаол, мустақил ва асосли қарашларга эга бўлиши бугуннинг талабига айланган. Хусусан, сенатор ўз фаолияти давомида қонунлар, дастурларни ўрганиш ва қарорлар қабул қилишда умумдавлат манфаатларидан келиб чиқиши зарур. Ўз навбатида, ҳар бир масалага ўзи сайланган ҳудуд манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиши лозим. Бунинг учун биз — халқ вакилларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонунларда тўла ҳуқуқ ҳамда ваколатлар берилган.
Сенаторлар халқ фаровонлиги ва Ватан тараққиётига хизмат қиладиган, халқаро қонунчилик нормаларига жавоб берадиган, ҳар томонлама мукаммал қонунларни маъқуллаб, уларнинг жойлардаги ижросини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда назорат қилиши, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўриши айни муддаодир.


«Халқ сўзи» мухбирлари
Қ. ХИДИРОВ, С. МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn