• 27 Декабрь 2014

Мустақиллик ва эзгулик монументи порлоқ истиқболимиз ва пок ниятларимиз рамзидир

Инсон учун Ватандан улуғ ва азиз даргоҳ йўқ. Шу боис она-юрт тупроғи эъзозланиб, кўзларга тўтиё қилинади. Истиқлол эса мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини дунёга янада яққол намоён этиш имконини берди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган янгиланишлар ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун улкан аҳамиятга эга. Бугун муаззам юртимизда инсон азиз, унинг манфаатлари устувордир.
Мустақиллик йилларида ёшларнинг пухта билим олиши учун кенг имкониятлар яратиб берилди. Нафақат шаҳарларимизда, балки олис ва чекка ҳудудларда ҳам кўплаб ўқув даргоҳлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу илм масканлари иқтидорли ўқувчилар, талабалар билан доимо гавжум. Эртамиз эгалари замонавий технологиялар, ўқув-лаборатория жиҳозлари, спорт анжомлари ва бошқа турдаги асбоб-ускуналар билан таъминланган таълим муассасаларида камолга етмоқда.
Азим пойтахтимиз эса ана шу ўзгаришлар, янгиланишларнинг бош тимсолидир. Унинг чиройига чирой қўшиб турган Мустақиллик майдонининг салобати, улуғвор руҳи кишини оҳанрабодай ўзига тортади.  Бу муқаддас гўша том маънода бунёдкор халқимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обод ва фаровон турмушимиз, порлоқ истиқболимиз рамзи сифатида ҳам намоён бўлади.
2005 йилнинг 28 декабрида давлатимиз раҳбари Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, бу ерда янги қад ростлаган монумент пойига гул қўйди. Ушбу яхлит обида таркибидан фарзандини бағрига босиб турган Бахтиёр она ҳайкали жой олди.
Моҳиятан мустақиллик ва эзгулик тушунчаларини бири-биридан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Она сиймоси биз учун ҳамиша меҳрибонлик, фидойилик, эзгуликнинг ёрқин тимсоли бўлиб келган.
Президентимизнинг таклифига биноан, чуқур ва кенг маъно-мазмуни билан барчамиз учун азиз бўлган шу икки муқаддас қадриятни ўзида мужассамлаштирган мажмуага “Мустақиллик ва эзгулик монументи” деб ном берилишини жамоатчилигимиз, халқимиз катта хурсандчилик билан қўллаб-қувватлади.
Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимларда, спортчиларимизни халқаро мусобақаларга кузатиш чоғида Мустақиллик ва эзгулик монументини зиёрат қилиш яхши анъанага айланган. Юртимизга ташриф буюрган хорижий мамлакатлар раҳбарлари, турли даражадаги делегациялар вакиллари давлатимизга бўлган ҳурматини мазкур монумент пойига гул қўйиш орқали ифода этади.
Мустақиллик ва эзгулик монументини зиёрат қилиб, маънавий ҳордиқ олиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан кўплаб юртдошларимиз ташриф буюришади.
— Ҳар гал энг муқаддас ва мўътабар масканларимиздан бири — Мустақиллик майдонига қадам қўйганда, ажиб бир ҳаяжон ҳис этаман, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Чилонзор туманидаги 90-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Бахтиёр Каримов. — Бу табаррук гўшанинг гўзаллиги, файзу таровати, бетакрор меъморий ечими, шубҳасиз, ҳар қандай ташриф буюрувчини ўзига мафтун этади. Шу билан бирга, бунёдкор халқимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обод ва фаровон турмушимиз, порлоқ истиқболимиз рамзи сифатида ҳам намоён бўлади.
Мустақиллик майдонида, шунингдек, кўплаб хорижлик сайёҳларни ҳам учратиш мумкин.
— Ўзбекистонда одамларнинг илтифотли, хушмуомалалиги ҳавасимизни орттирди, — дейди Франциядан ташриф буюрган сайёҳ Бонами Селин. — Самарқанд, Хива каби бетакрор шаҳарларни зиёрат қилдим. Қад ростлаганига асрлар ўтса-да, тарихий биноларнинг марвариддек мавжланиб туриши қалбимизни тўлқинлантириб юборди. Қолаверса, мустақиллик йилларида қад ростлаган иншоотлар ҳам кўзни қамаштиради. Бунинг учун биргина мана шу муаззам майдонни томоша қилиш ва бу ердаги жозибани ҳис этишнинг ўзи кифоя.
Бош майдоннинг рамзий дарвозаси ҳисобланган Эзгулик аркаси тепасида парвозга шайланиб турган турналар, халқимизнинг кўнглидек, орзуларидек оппоқ лайлаклар дилларда ажиб бир ҳис уйғотади. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари мустақил мамлакатимизнинг бақувват таянчларидек таассурот  қолдиради.
Айни кунларда Мустақиллик майдони Янги йил байрами арафасида янада кўркам ва файзли қиёфа касб этган. Бу ерда қад ростлаган улкан арча каттаю кичикка бирдек завқ бағишлаяпти. Зеро, бу шоду хуррамлик бош майдонимиздан бошланиб, бутун юртимиз бўйлаб бахту саодат, қувонч улашмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Барча шодлик — болаларга Қисқа сатрларда »