Бувайдалик ёшларга Президент совғаси топширилди
  • 18 Сентябрь 2014

Бувайдалик ёшларга Президент совғаси топширилди

Бувайда туманида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбир Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан ташкил этилди.
Турли соҳаларда салмоқли натижаларни қўлга киритаётган Фарғонанинг фаол ёшлари ва халқаро мусобақаларда катта ютуқларга эришаётган спортчилар қатнашган ушбу тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда янги авлоднинг камол топиши йўлида беқиёс ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бугун Фарғона вилоятидаги 919 та умумтаълим мактаби, 157 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар, бешта олий ўқув юртида ёшларимиз замонавий илм-фан сирларини пухта эгаллашмоқда. Эътиборлиси, ўтган даврда яна учта мусиқа ва санъат мактаби қуриб битказилди. Йигирмадан ортиқ мактаб бинолари мукаммал таъмирдан чиқарилиб, еттита спорт иншооти бунёд этилди.
Фестиваль доирасида бир гуруҳ ёшлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Бувайда тумани ёшларига эса Президентимиз совғаси — “ISUZU” автобуси топширилди.
Тадбир якунида уюштирилган гала-концерт иштирокчиларга хушкайфият улашди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn