• 20 Август 2014

Тадбиркорлар учун давлат хизматлари соддалаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида иқтисодиётда тадбиркорлик тараққиёти ҳамда инвестициявий имкониятларнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида текширишлар сонини чеклаш, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш, соҳа фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Президентимиз томонидан жорий йил апрель ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтиришда ҳуқуқий пойдевор бўлмоқда.

Анжуманда мазкур ҳуқуқий ҳужжатларни тадбиркорлар, умуман, аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишнинг муҳим омилларига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Фармонга кўра, эндиликда ҳужжатларни тақдим қилиш ёки ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талаблар бекор қилинди. 2014 йил 1 октябрдан бошлаб молия, солиқ, статистика ҳамда бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш, тақдим этиш, солиқ ва бошқа мажбурий ҳамда коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ҳамда давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш каби имтиёзлар жорий қилинади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, иқтисодиётимизда кичик бизнес улушининг янада ортишига хизмат қилади.

— Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 апрелдаги қарорига асосан, рухсат этиш характерига эга ва лицензияларни олишда кўпгина енгилликлар белгиланди, — дейди Адлия вазирлиги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Умурзоқов. — Жумладан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб тадбиркорликка оид рухсат этиш характерига эга ҳужжатларнинг 21 тасини расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди. 2015 йил 1 январгача бўлган муддатда фаолиятнинг 19 та турини лицензиялашда “бир дарча” тамойили жорий қилинади. Тадбиркорларга яратиб берилаётган бу каби имкониятлар, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти  ҳақида жойларда манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Масалан, шу йилнинг биринчи ярмида бир минг 200 дан зиёд ана шундай учрашувлар ўтказилди.

Тадбирда адлия органлари томонидан тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу берилди. Жумладан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида адлия органлари томонидан тадбиркорликка, шунингдек, хорижий инвестицияларга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 529 ноқонуний қарори бекор қилинди. Тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатини кўзлаб судларга 11,5 миллиард сўмликдан ортиқ 766 та даъво аризаси киритилган.

Муҳокама жараёнида соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, “Ягона ойна” марказлари фаолиятини, тадбиркорлар билан ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни”ни самарали йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Зиёда АШУРОВА.