Қалб қўридан яшнаётган дурдона
  • 12 Август 2014

Қалб қўридан яшнаётган дурдона

Яқинда “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир” сарлавҳали материални ўқиб чиқиб, мақола биз, пахтакор фермерлар учун муҳим қўлланма бўлибди, деган фикрга келдим.

Чунки унда ғўза парваришидаги энг масъулиятли давр — август ойида бажариладиган муҳим агротехника тадбирларининг аҳамияти ва бу жараёнда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида батафсил маълумот берилган. 

Дарҳақиқат, пахта ҳосили тақдири айни шу кунларда ҳал бўлаяпти. Ҳозирги тиғиз меҳнат мавсумида ғўзани чеканка қилиш, суғориш, культивациялаш тадбирлари сифатли бажарилса, мавжуд ҳосил элементлари тўлиқ сақланиб, бўлиқ кўсаклар сони кўпаяди. 

Бу йил табиат ҳам саховатини аямаяпти. Республикамизда пахтачилик учун жуда қулай об-ҳаво кузатилмоқда. Масалан, бизнинг “Ёрқин машъал жилоси” фермер хўжалигимизнинг 29 гектар майдонида парваришланаётган ғўзанинг “Андижон-36” нави баравж ривожланаяпти. Ҳар бир ниҳолда ўртача 7-8 тадан бўлиқ кўсак бор. Бунда, айтиш мумкинки, июль ойининг ўн бешинчи санасигача барча агротехника қоидаларига риоя қилиб, чилпиш ишларини якунлаганимиз муҳим омил бўлди. Натижада айрим ниҳолларда кўсак сони 15 тага етди. Лекин бу хотиржамликка асос бўлмайди. Халқимиз айтганидек, даладагиси эмас, хирмондагиси ҳисоб.

Уста деҳқонлар орасида “пахтани темир пиширади”, деган ибора юради. Бунинг маъноси шуки, культивация ер етилиши билан тез-тез ўтказилса, экин ривожини тезлаштиради. Шу боис ҳам айни кунларда ушбу муҳим агротехника тадбирини сифатли бажаришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Хўжалигимиз тасарруфида иккита чопиқ тракторининг борлиги ушбу жараёнда қўл келмоқда.  

Ҳозир айни асад ойи. Бу пайтда ғўзалар кун санай бошлайди. Яъни ғўзалар кун сайин ривожланиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади. Шу маънода, августда деҳқонларнинг масъулияти икки карра ошиб, улардан эртаю кеч ҳушёр бўлиш, ҳар туп ғўзани назардан қочирмаслик талаб этилади. Мавсумдаги биргина хато ҳам ҳосил салмоғига путур етказиши ҳеч гапмас. Масалан, ғўза гуллаш даврида суғориш муддатлари кечикса, гектарига ўрта ҳисобда 6-7 центнер ҳосил йўқотилишига олиб келар экан. Шунинг учун бу тадбирни мутахассислар тавсиясига кўра, асосан, тунда амалга ошираяпмиз. Бунинг учун олти нафар мироб махсус кийим-бош, ёритиш воситалари билан тўлиқ таъминланган. Фермер хўжалигимизнинг 4 хонали замонавий дала шийпони мавжуд бўлиб, бу ерда ишчи ва механизаторларнинг дам олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. 

Ҳарорат август ойида бирмунча пасайишини хисобга олиб айтганда, ҳосилни зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоялаш тадбирларини бир зум ҳам эътибордан қочириб бўлмайди. Биз ҳосил кушандаларига қарши биологик усулни қўллаётганимиз яхши самара бераяпти. Яъни далаларга олтинкўз, трихограмма ва бракон чиқарилиб, тўлиқ ишлов берилмоқда. Бу тадбирни ой охирига қадар асло сусайтирмаймиз.

Ўтган йили ҳар гектар пахта майдонидан 38 центнердан ҳосил кўтариб, шартномавий режани 110 фоизга бажарган эдик. Жорий мавсумда ҳосилдорликни 41,7 центнерга етказишни ният қилганмиз. Шу мақсадда жамоамиз бир тану бир жон бўлиб, ғўзани обитобида парваришлаш пайидан бўлмоқда.  

ўўза — меҳрталаб экин. У деҳқоннинг қалб қўри ва меҳридан қувват олиб яшнайди, фидокорона меҳнати туфайли қимматбаҳо ҳосил тўплайди. Ниятимиз баракали ва юқори сифатли ҳосил етиштириб, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.

 

Шермуҳаммад ЮНУСОВ,

Жалақудуқ туманидаги 

«Ёрқин машъал жилоси» 

фермер хўжалиги раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn