Криста Пиккат: «Ўзбекистон — бой маданий меросга эга мамлакат»
  • 12 Август 2014

Криста Пиккат: «Ўзбекистон — бой маданий меросга эга мамлакат»

Мамлакатимиз кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида ЎзА мухбири ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста ПИККАТ билан суҳбатлашди.

— Пиккат хоним, Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти давомида илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида эришган ютуқлари ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.

— Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримов томонидан таълим, фан ва маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳалар давлат ва жамият тараққиётининг муҳим жабҳалари сифатида белгиланди. 

Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, яқинда Таълим бўйича глобал шериклик жамғармасининг дастури (GPE) доирасида ажратилган 49,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант Ўзбекистонда таълим соҳасини янада такомиллаштиришга кўмак беради.

Ўзбекистон азалдан ўзининг юксак илмий салоҳияти билан маълуму машҳурдир. Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк алломалар бутун дунёда математика, астрономия, тиббиёт, табиий ва гуманитар фанлар ривожига катта таъсир кўрсатган.

Ўзбекистон — бой маданий меросга эга мамлакат. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон номоддий мероси билан ҳам фахрланса арзийди. Масалан, Шашмақом, Катта ашула, Наврўз ва Бойсун маданий мероси ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ушбу барҳаёт анъаналар маданий меросингиз ранг-баранглигини намоён этади. 

— Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболини қандай баҳолайсиз? 

— 1996 йилда Ўзбекистонда ЮНЕСКО ваколатхонаси ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилотимиз миллий ҳамкорлари билан биргаликда таълим, фан, маданият, ахборот ва коммуникация соҳаларида кўплаб лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.

Ўтган даврда ЮНЕСКО шафелигида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби ўзбек халқининг буюк аждодлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент, Марғилон сингари тарихий шаҳарлар, “Алпомиш”, “Авесто” каби бебаҳо адабий ёдгорликлар, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди.

Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дунё халқларининг ноёб мусиқа мероси ҳамда анъаналарини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу ташкилотимиз миссиясига ҳамоҳангдир.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўп йиллардан буён миллий ҳамкорлар билан биргаликда ўз ваколати доирасига кирадиган соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Бу борада йўлга қўйилган ишончли муносабатлар Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

— Шу йилнинг май ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу форумнинг моҳияти ва якунлари ҳақида нима дея оласиз?

— Президент Ислом Каримов билан биргаликда ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани мамлакатларидаги минтақавий ваколатхонасининг илм-фан бўйича директори, профессор Хуберт Гизен очиб берган мазкур конференцияда иштирок этиш ЮНЕСКО учун катта шарафдир. 

ЮНЕСКО дунё олимларининг учрашувлари, фикр ва тажриба алмашишлари халқларнинг ўзаро яқинлашишига ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Бу, шубҳасиз, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни,  ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаб, уларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилади. 

Илм-фан, технологиялар, маданият, ижодкорлик ва инновациялар ҳуқуқий асос ҳамда мустаҳкам илмий базага эга янги ёндашувларни шакллантириш учун ҳаётий муҳим воситалардир. Конференция ўтмишга назар ташлаб, ўша даврлардаги билим, заковат, донишмандлик ва эришилган ютуқларни баҳолаш ҳамда шу аснода барқарор ривожланиш истиқболларини белгилаб олиш имконини берди. 

Ўзбекистон раҳбариятининг ўрта асрлардаги Шарқнинг бой илмий анъаналарига таянган ҳолда, илм-фан ва таълимни мамлакат келажагини шакллантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлашни истардим. 

— Сизнингча, Ўзбекистонда маданий туризмни ривожлантириш истиқболи қандай? 

— Туризм саноати иқтисодиётнинг катта даромад келтирадиган ва дунё мамлакатлари фаровонлигини юксалтиришга ёрдам берадиган муҳим соҳаларидан биридир. Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон бой маданий меросга эга мамлакат. Бу архитектура ёдгорликлари, фольклор, анъанавий ҳунармандчилик, миллий пазандачилик ва бошқа кўплаб соҳаларга ҳам тааллуқлидир. Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий мероси уни дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюраётган сайёҳлар учун янада жозибадор қилмоқда. Шу боис юртингизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, улар Ўзбекистонни қизиқарли ва мафтункор мамлакат сифатида кашф этмоқда. 

Давлатингиз раҳбарияти томонидан туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида мамлакатингизда ички туризм ҳам равнақ топмоқда. Умумтаълим мактабларида юртингиздаги тарихий жойларга саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу ўз тарихи ва анъаналарини яхши биладиган ёш авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда. Уларда ўз халқининг бой маданий мероси билан фахрланиш ва унинг муҳимлигини англаш туйғусини, ушбу меросни асраб-авайлаш ҳамда янада бойитишга ҳисса қўшиш истагини шакллантираётир.

Шу боис Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ мамлакатлари орасида маданий туризмни ривожлантириш борасида етакчилик қилиш учун катта салоҳиятга эга, деб биламан. 

— Яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

— ЮНЕСКО номидан Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклайман, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман. 

 

ЎзА мухбири   

Бобур ОБИДОВ 

суҳбатлашди.  

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дастлабки шартнома Оилалар қувончи »