Хива —  испаниялик сайёҳлар эътиборида
  • 14 Февраль 2018

Хива —  испаниялик сайёҳлар эътиборида

Испания Саноат, энергетика ва туризм вазирлигининг халқаро бўлими бошлиғи Мария Анхелес Мартинес Мингеса мамлакатимиздаги сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда туризм соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Хива шаҳрига келди.

Айтиш керакки, кейинги пайтларда ҳудудда мазкур йўналишни ривожлантириш бўйича бир қанча саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Бунда 2017 — 2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури муҳим аҳамият касб этаётир. 

Яқинда Хива ҳамда Испаниянинг Авила шаҳарларига биродарлашган шаҳарлар мақомини бериш, туризм соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилган эди. Испаниялик таниқли экспертнинг Хивага ташрифи ҳам ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Меҳмон сафари давомида “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги тарихий обидалар, қайта реконструкция қилинган “Нуруллабой” мажмуасида сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўналишидаги янгиликлар билан яқиндан танишди.

— Ҳақиқатан ҳам, Хива шаҳри ўзининг қадимий обидалари билан дунё аҳлини лол қолдирадиган даражада чиройли, маҳобатли экан, — дейди Мария Анхелес Мартинес Мингеса. — Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар бутун дунё сайёҳлик компаниялари эътиборини тортмоқда. Айниқса, виза тартибини соддалаштириш борасидаги янгиликлар сайёҳлик соҳасида янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришга кенг йўл очади. Ўйлайманки, яқин орада юртингизга, жумладан, Хивага испаниялик сайёҳлар оқими кўпаяди. 

Вилоятда фаолият кўрсатаётган туроператорлар, меҳмонхоналар ҳамда ресторанлар вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn