Жамоавий электрон мурожаат фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга
  • 14 Февраль 2018

Жамоавий электрон мурожаат фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамоа бўлиб электрон мурожаат этиш тартибини татбиқ қилишни таклиф этган эди.

Бу амалий таклиф Юртбошимиз Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Унга мувофиқ, фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш — петиция йўллаш тизими жорий этилади.

Дарҳақиқат, электрон жамоавий мурожаат қилиш институти демократиянинг илғор механизми бўлиб, халқ иродасини ифода этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллигини, ҳисобдорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бундай мурожаат қилиш тартиби, ўз навбатида, Конституциямиз 35-моддасидаги ҳар бир шахснинг бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат этиш ҳуқуқи таъминланишига ҳам хизмат қилади.

Дунёнинг кўпгина давлатларида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш институти “электрон петиция” деб номланади. Унга кўра, фуқаролар давлат ҳокимияти органларига жамоа бўлиб электрон шаклда мурожаат этади. Бунда давлат ҳокимияти органлари ва кенг жамоатчилик эътиборини ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги, иқтисодиётдаги турли муаммоларга қаратиш асосий мақсад ҳисобланади.

Халқаро амалиётга асосан, мурожаатчилар петиция орқали ҳукумат ёки парламентдан аниқ ҳаракатларни талаб қилиши мумкин. Дунё парламентлари тарихида электрон петиция биринчи марта 1999 йилда Шотландияда қўлланилган. Ҳозирги кунда эса мазкур амалиётдан 70 дан ортиқ мамлакатларда фойдаланилмоқда. Масалан, Германия, Австрия, Бельгия, Испания, Хорватия, Исроил, Ирландия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Туркия парламентларида петиция институти билан бир қаторда, уни кўриб чиқиш бўйича алоҳида қўмиталар ҳам ташкил этилган. 

Фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига петиция шаклида мурожаат қилиш асослари Германия, Франция, Бельгия, Литва, Нидерландия, Португалия, Швейцария, Жанубий Корея ва Япония каби ривожланган мамлакатлар конституцияларида белгилаб қўйилган. 

Германия парламенти қуйи палатаси (Бундестаг) регламентига мувофиқ, 50 минг имзо тўплаган петиция дастлабки тарзда парламентнинг Петиция қўмитаси муҳокамасига қўйилиши шарт. Қўмита петицияда кўтарилган масала муҳокамасига ташаббускорлар ва масъул органлар вакилларини таклиф қилади. Қўмита масалани парламент муҳокамасига олиб чиқиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 

Франция парламенти регламентига кўра, петиция дастлаб қуйи палата раиси томонидан кўриб чиқилади, сўнг қонун чиқарувчи органнинг Конституциявий ҳужжатлар, қонунчилик ва умумий бошқарув қўмитасига юборилади. Қўмита томонидан масъул ноиб тайинланади. Депутатнинг ушбу масалада тайёрлаган маърузаси қўмита йиғилишида муҳокама қилинади. Агар петицияда қўйилган масалани ҳал этиш ижро ҳокимияти ваколатига кирса, у ҳолда қўмита мурожаатни ижро ҳокимиятига йўллайди.

Буюк Британияда электрон петиция бериш тартиби қуйидагича: аввал бунинг учун махсус белгиланган веб-саҳифага электрон петиция киритилади. Сўнг петицияни беш киши қўллаб-қувватлаши лозим. Шундан кейингина веб-саҳифа масъуллари петициянинг талабларга мослигини ўрганишади ва эълон қилишади. Парламент қуйи палатасининг тегишли қўмитаси барча петицияни кўриб чиқади. Мазкур қўмита ҳукумат ёки парламентдан петиция бўйича чоралар кўришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар электрон петиция 10 минг имзо тўпласа, ҳукумат унга жавоб беради. Мабодо, мурожаат қилувчилар сони 100 мингдан ошса, ушбу масала парламент муҳокамаларида кўриб чиқилади. Электрон петицияда фақат Буюк Британия фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Мазкур институтнинг ижобий тарафи шундаки, петиция давлат ҳокимияти органларини халққа яқинлаштиради, аксарият аҳолини безовта қилаётган масалалар давлат ҳокимияти органлари кун тартибидан ўрин олади ҳамда албатта, кўриб чиқилади.

Ҳар бир масаланинг ижобий тарафи бўлгани каби унинг салбий жиҳатлари ҳам борлигини унутмаслик лозим. Масалан, конституциявий тузумга, давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этувчи, халқнинг соғлиғи ҳамда маънавиятига тажовуз қилувчи, Давлат бюджети ва солиқларни ўзгартириш, амнистия ҳамда афв этиш, жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ҳамда шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш, мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш каби масалалар юзасидан Парламентга петициялар юбориш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу сабабли ҳам хорижий давлатлар қонунчилигида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида электрон петиция предмети сифатида саналадиган масалалар аниқ-равшан белгилаб қўйилган. 

Дейлик, Буюк Британияда электрон петиция, агар аввал бундай мазмундаги петиция берилган, ҳукумат ёки парламент қуйи палатаси томонидан қандай чоралар кўрилиши лозимлиги аниқ белгиланмаган, масалани ҳал қилиш ҳукумат ёки парламент қуйи палатаси ваколат доирасига кирмаса ёки бошқа давлат ва нодавлат ташкилотга тааллуқли бўлса ёхуд туҳмат тусида ёки ёлғон хабарларни ўз ичига қамраб олса, рад қилинади. Бундай тартиб шахс жиноят содир этганликда айбланаётган, мазкур масалани ҳал қилиш судлар ваколатига кирса ёки судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишга доир бўлса, унинг мазмунидан давлат ёки тижорат сирига оид материал ўрин олса, петиция бошқа шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари бузилишига олиб келса ҳам қўлланилади.

Электрон петиция парламентга одатдаги мурожаатдан ажралиб туради. Бу ҳуқуқ, авваламбор, махсус сайтда амалга оширилади, уни қўллаб-қувватлаб муайян миқдордаги овоз тўпланса, парламент ёки унинг қўмитаси ўз йиғилишида ушбу масалани кўриб чиқиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, электрон петиция институтининг жорий этилиши давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятида янги босқични бошлаб беради. Яъни халқ билан тизимли мулоқот йўлга қўйилишига, жойларда кўпчиликни безовта қилаётган масалалар асосида парламент кун тартибини шакллантиришга замин яратади. Энг муҳими, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш  давлат идоралари фаолиятининг асосий мезонига айланади. 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

юридик фанлар доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn