Ўзбекистон туризм соҳасида юксак марраларга интилмоқда
  • 14 Февраль 2018

Ўзбекистон туризм соҳасида юксак марраларга интилмоқда

Юртимиз азалдан ўзга элларни мафтун этиб, ҳайратига сабаб бўлиб келган. Бу бежиз эмас, албатта. Диёримизда тўрт фаслнинг тугаллиги, пурвиқор тоғлару серҳосил боғларнинг кўзни қувнатувчи ажиб манзаралари, заминимизда етиштириладиган нозу неъматларнинг болдек таъми, қолаверса, аждодларимиз заковати ила яратилган, жаҳон цивилизациясида ғоят катта ўрин тутган бой илмий-маърифий мерос, барпо этилган меъморий обидалару осориатиқалар, меҳмоннавоз халқимиз, қўйингки, бетакрор Ўзбекистон ҳар қандай хорижликда доимо ҳавас уйғотган.

Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг шундай улкан туристик салоҳиятидан фойдаланиб, уни юқори даражага олиб чиқиш мақсадида кейинги вақтларда изчил ислоҳотлар  амалга оширилмоқда. Зеро, бу соҳани юксак тараққий эттириш мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, қисқача айтганда, фаровонликка хизмат қилади.

Шу боис ҳам 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида туризм тармоғини самарали равнақ топтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари юртимизда сайёҳлик йўналишини кескин ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, хорижлик меҳмонлар оқимини кўпайтириш, туристик, маданий, табиий ва спорт салоҳиятини бутун жаҳонга намойиш этиш, ўз навбатида, ички туризм маданиятини шакллантиришда муҳим ташкилий-ҳуқуқий дастуриламал бўлади.

Энг асосийси, мазкур ҳужжатлар билан юртимиз туризм салоҳиятини, биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ҳамда технологияларни жорий этиш, шунингдек, бой табиий, маданий ва тарихий меросимизнинг мавжуд ресурслари ҳамда имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига юксалтириш учун янада қулай шароит яратилади.

Эндиликда шу вақтга қадар ечимини топмай келаётган, туризм соҳаси тараққиётига жиддий соя солаётган масалалар, жумладан, хорижий фуқаролар учун виза ва паспорт режимини либераллаштириш ишлари силжимаётгани, уларга электрон кириш визаларини расмийлаштириш имконияти йўқлиги, ички ҳамда зиёрат туризмлари салоҳиятидан суст фойдаланилганлиги, инфратузилманинг етарлича ривожланмагани, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари талаб даражасида татбиқ этилмаётгани сингари бир қатор муаммоларга барҳам берилади.

Фармон билан 7 та давлат фуқаролари учун республикамиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилаш, 39 та давлат фуқаролари учун Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерга оид талабни бекор қилиш, шунингдек, жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш визалари бериш тизимини жорий этиш, туризм соҳаси билан боғлиқ бўлган объектларни, уларнинг атрофини ободонлаштириш ва бошқа туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб қўйилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури эса юртдошларимизнинг диққатга сазовор жойларни бориб кўриш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, юртимиз тарихи борасидаги билим ва тасаввурларини бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари учун айрим солиқ мажбуриятларининг бекор қилиниши, имтиёзли кредитлар олиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва бошқа масалаларда кенг имтиёз ва преференциялар берилгани ҳам диққатга сазовордир.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган юқорида номлари келтирилган ҳар икки қарорда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам мамлакатимизда кириш туризмини миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, маданий-тарихий меросимиз ва табиий бойликларимизни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни, айниқса, ёшларни қадимий обидаларимиз, муқаддас қадамжоларимиз, халқимизнинг бетакрор маданияти ва анъаналари билан кенг таништиришда беқиёс ўрин тутади.

Қайд этиш жоиз, туризм соҳасини ҳар томонлама тараққий топтириш масаласи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий мақсад-вазифалари ҳамда Сайловолди платформасида алоҳида акс эттирилган. Шунинг учун Президентимизнинг мазкур муҳим ҳужжатлари ижросини таъминлашда партиямиз фаоллари ташаббускор бўладилар.

Биз бу борада аввалги режа ва дастурларимизни қайта кўриб чиқиб, ўзимизга қатор муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан олиб бораётган парламент ҳамда депутатлик назорати самарадорлигини янада ошириб, аниқ натижаларга эришиш ҳаракатида бўламиз. Маданий мерос объектлари муҳофазаси ва туризмни ривожлантиришга оид масалаларни сессиялар муҳокамасига киритиш юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар гуруҳларимиз масъулияти оширилади. Шунингдек, жорий йилда фракциямиз томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг соҳага оид қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари ижроси бўйича ахборотини эшитишни ҳам режалаштирганмиз. Бу борада ҳудудларда ҳам назорат-таҳлил ишларини олиб бориш, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кундалик фаолиятимиздаги асосий вазифа бўлиб қолаверади.

С. НОМОЗОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn