Халқнинг энг яқин кўмакчиси
  • 14 Февраль 2018

Халқнинг энг яқин кўмакчиси

Пойтахтимизда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Оммавий ахборот воситалари — халқнинг энг яқин кўмакчиси ва демократия кўзгуси” мавзуида конференция ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги ижодий кенгашлар аъзолари, ОАВ вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг раиси А. Саидов ҳамда бошқалар мамлакатимизда ОАВ фаолиятини либераллаштириш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида уларнинг кенг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида чинакам маънода профессионал журналистикани шакллантириш борасида муҳим таклифлар илгари сурилди. Нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий сайтларни қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида давлат фонди тузиш, Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил қилиш борасидаги таклифлар ўзбек журналистикасининг янги авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган йили маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари ривожига қаратилган 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинди. Уларда ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигидаги “Дўстлар клуби” ижодий тузилмалар фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг бу борадаги ҳамкори — Республика товар-хом ашё биржаси билан келишув битими имзоланиб, ўзаро яқин алоқалар ўрнатилди. 

Конференцияда матбуот ва ахборот соҳаси ривожи йўлидаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ОАВ олдида турган вазифалар, Давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни тезкор ва таҳлилий ёритиш масалалари ҳақида маърузалар қилинди, фикр алмашилди.

Тадбирда Республика товар-хом ашё биржаси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида ташкил топган “Дўстлар клуби”нинг “Дўст билан обод уйинг” веб-сайти тақдимоти ўтказилди. Журналистлар ижодий уюшмасининг 2017 йилдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, жорий йилдаги режалар билан ўртоқлашилди. 

Дилшод КАРИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn