Ўзбекистон — Тожикистон: Дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланади
  • 14 Февраль 2018

Ўзбекистон — Тожикистон: Дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон ва Тожикистонни умумий тарих, маданият, узвий маънавий қадриятлар риштаси боғлаб туради. Кўп асрлик яқин қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

Бугунги кунда ўзаро алоқаларда улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Буни етакчи халқаро экспертлар ҳам алоҳида таъкидлашаётир. 2017 йилнинг якунида Жаҳон банки томонидан эълон қилинган маърузада Тожикистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ижобий тенденция сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида алоқалар яхшиланаётгани эътироф этилган. 

2016 йилнинг сентябридан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари ўртасида тўрт марта учрашув, шунингдек, олий даражадаги бир қатор телефон мулоқотлари ўтказилди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларни қардош мамлакатлар халқлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтариш учун биргаликда ишлашга тайёр эканликларини бир неча маротаба қайд этишди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида нафақат эришилган натижалар, мамлакатимизни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги вазифалари, айни пайтда ташқи сиёсатдаги муваффақиятлар ҳам эътироф этилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё — бош устувор йўналиш эканлигини қайд этган ҳолда, Тожикистон билан ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашга алоҳида урғу берди.

Шу ўринда Президентимиз жорий йил 8 январь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида Ўзбекистон Тожикистон билан яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаб боришини таъкидлаганини айтиб ўтиш ўринли. Президентимиз “Бу дунёдан ҳамма ўтиб кетади. Лекин қўшни билан яхши бўлмаганни ҳеч ким, ҳеч қачон кечирмайди”, дея қўшниларнинг ҳаммаси билан яхши бўлиш зарурлигини уқтирди. Шундагина дунё ҳамжамиятига чиқиш, яқин мулоқот ўрнатиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўзбек ва тожик халқлари қалбидан ўрин олган кўп йиллик умид ва тилакларни билдирди.

Шуни қайд этиш керакки, олий даражадаги учрашувлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий туртки берди. 

Аввало, ҳукуматлараро мажлислар жадаллашди. Ҳисобот даврида давлат чегараларини делимитация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учта учрашуви ўтказилди. Узоқ вақт мобайнида биринчи марта шу йилнинг 10-11 январь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳамда давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссия мажлисида иштирок этиш учун Душанбега ташриф буюрди. 

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкент ва Душанбе ўртасида доимий авиақатнов йўлга қўйилди. Ушбу тарихий воқеа қардош мамлакат фуқаролари томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Одамларга қулай бўлиши учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталар нархини икки марта арзонлаштирди. Хабар беришларича, Душанбе ва Самарқанд, Бухоро ўртасида ҳам ҳаво қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда кенгайиб бораяпти. 2017 йилда ўзаро савдо айланмаси 20 фоиз ўсиб, 237 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес форумлари муваффақиятли ўтказилди. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари “Тожикистон — Ўзбекистон” ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича битимни имзолади.

Тўртинчидан, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари божхона масалаларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги баённомани имзолади. Унда товарлар, йўловчилар, транспорт воситаларининг ўтишини жадаллаштириш, ўз вақтида ахборот алмашиш чора-тадбирлари ўз аксини топди.

Бешинчидан, энергетика соҳасида ҳамкорлик ўрнатилди. Ҳозирги кунда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва “Барқи Точик” очиқ акциядорлик холдинг компанияси ўртасида икки мамлакат энергия тизимлари ҳамкорлигини Марказий Осиё Бирлашган энергия тизимларига ҳамоҳанг равишда қайта тиклаш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистон томонидан ушбу йўналишда 220 ва 500 кВ. кучланишли линиялар тайёрлаб қўйилди. 

Олтинчидан, маданий-гуманитар алоқалар фаоллашмоқда. Жумладан, сўнгги 20 йил мобайнида биринчи марта аввал Душанбеда, сўнг Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон маданияти кунлари ўтказилди. 2017 йилнинг декабрь ойи охирида Тошкент метрополитенининг Сергели туманида қурилаётган станцияларидан бирига атоқли тожик шоири, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзода номи берилди. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга шу йилнинг март ойига режалаштирилган давлат ташрифига қизғин ҳозирлик кўрилаяпти. Ўзбекистон раҳбари қайд этганидек, ушбу ташриф шунчаки ташриф эмас, балки икки мамлакат ўртасида бутунлай янги муносабатга асос бўладиган учрашув бўлади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш биринчи галдаги вазифалар сифатида белгиланган. 

Ўзбекистон қардош Тожикистон билан шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий сиёсий ирода намойиш этмоқда. Шубҳасиз, икки давлат раҳбарларининг прагматик ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада самарали бўлади, икки халқнинг тарихан шаклланган дўстлик ришталари асосида жадал ривожланади. 

Қаҳрамон АЛЛАБЕРГАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти 

бош илмий ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn