Инсон ҳуқуқларини таъминлаш фракциялар диққат марказида
  • 14 Февраль 2018

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш фракциялар диққат марказида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияларининг йиғилишларида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи” атрофлича кўриб чиқилди.

Хусусан, Президентимиз томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Зеро, унда фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини жиноят процессида жиноий тажовуздан муҳофаза этишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган янги механизмлар жорий қилинмоқда. Айни чоғда процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатув, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланаётир.

— Қонун лойиҳаси нормалари фракциямиз мақсад ва вазифаларига мос келади, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Иброҳим Хожиев. — Зеро, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоялаш партиямизнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Шу боис жамият демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, айниқса, суд-тергов фаолиятида фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза этишга қаратилган ушбу қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватладик.

Тадбирларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот тингланди ҳамда атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Омбудсманнинг ҳуқуқ ва ваколатлари янада кенгайтирилиб, унинг ҳудудлардаги фаолиятини янада самарали ташкил қилишга эътибор қаратилди. Натижада Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида қатор ишлар бажарилди. Айниқса, унинг аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, жазони ўташ жойларида инсон ҳуқуқлари таъминланиши ҳамда Давлат дастури доирасида ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти диққатга сазовор.

Шу билан бирга, йиғилишларда қилиниши зарур бўлган вазифаларга ҳам эътибор қаратилди. Масалан, ҳисобот даврида 9074 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2167 таси иқтисодий масалаларга тааллуқли. Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида мурожаатлар сони анча ошган. Бу эса Омбудсман, айниқса, унинг жойлардаги вакиллари фаолияти самарадорлигини юксалтириш, фуқароларнинг мазкур институтдан эркин фойдаланиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклашда ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятини кенгайтиришни талаб этади.

— Ҳисобот фракциямиз аъзоларини қизғин баҳсларга ундади, — дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Шерзод Қулматов — Жумладан, ҳанузгача ҳал қилинмасдан келинаётган мурожаатларга ижобий ечим топиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва парламент ҳамкорлигини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш, парламент ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Бизнес субъектлари оилавий бизнес ҳамда фермерликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ресурсларига кучли эҳтиёж сезаётганлигидан келиб чиқиб, консалтинг ва инжиниринг фирмалари, кредит лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосини тайёрловчи ташкилотлар ҳамда суғурталаш бизнесини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишларда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан киритилган “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси кўрилди.

— Бу қонун лойиҳаси қабул қилиниши давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш ва кенг жамоатчилик қизиқишини ўз ичига олган долзарб масалаларни ёритишда профессионал журналистларнинг нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Нўмон Акбаров — Айни чоғда профессионал журналистлик фаолиятини амалга оширишда журналистларни қўшимча ҳуқуқлар билан таъминлаш, қонунчилик даражасида уларни аккредитация қилиш жараёнининг ҳуқуқий механизмлари ҳамда асосий тартибларини белгилаш каби масалалар ҳам ҳал қилинади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракцияларнинг қизғин муҳокамасидан ўтди.

— Қонун лойиҳаси депутатлар парламентлараро гуруҳларини ташкил этиш, улар фаолияти юзасидан нормалар белгилаш, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ривожланган хорижий давлатларда қабул қилинган шу каби қонунлар билан қиёсий таҳлилини ўтказиш, ҳамкор давлатлар ўртасида прогрессив мулоқотни ривожлантириш, демократик парламент тузилмаларини, маданий, ижтимоий ҳамда ишбилармонлик алоқаларини илгари суриш, хорижий давлатлар парламентлари билан тажриба алмашиш самарадорлигини оширишга замин яратади, — дейди “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Қодир Жўраев.

Йиғилишларда, шунингдек, бошқа қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан фракцияларнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn