Амир Темур суйган кабутарлар йўқ бўлиб кетиш арафасида
  • 13 Февраль 2018

Амир Темур суйган кабутарлар йўқ бўлиб кетиш арафасида

Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Бахтиёр Абдуқодировдан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Қуйида ушбу мурожаатнинг   мазмуни билан таништирамиз.

Ҳамюртимизнинг  афсус билан маълум   қилишича,  Ватанга   муҳаббат ва садоқат  рамзи,  тинчлик  ва  бахт   элчиси  сифатида  халқимиз   ардоғида  бўлган, ота-боболаримиз   асрлар   давомида  кўз  қорачиғидай   асраб, давр  синовларидан  омон қолган, дунёга  машҳур қадимий “Андижон   пойгари”  кабутарлари  йўқ  бўлиб  кетиш  хавфи  остида.

“Ота-боболаримиз кўп асрлар давомида кабутарлар хизматидан беминнат фойдаланиб келган. Улар нафақат мактубларни узоқ масофаларга ташиш учун энг  ишончли восита, балки  200 йил мўғул истилосида бўлган халқнинг қалбига Ватанга садоқат ва муҳаббат, одамийлик фазилатларини пайванд қилишдек олижаноб ишларда мададкорга айланган”, – деб ёзади у.  

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз 1389 йили Самарқандда кабутархона ташкил этганларидан  сўнг, кабутар боқиш халқимиз анъанасига айлангани, Умаршайх Мирзонинг  Ахси ва Андижондаги кабутархонаси, Қўқон хонларининг Темурийлардан  қолган  кабутархонасидаги 12 минг бош кабутар 1867 йили  Чор Россияси  томонидан  мусодара  қилингани, Бухоро  амирларининг  бутун дунёга довруғи   кетган  энг  қадимий   кабутархонасидаги 120 хил  турдаги кабутарлар 1920  йил  номаълум шахслар   томонидан   ўғирлангани  тўғрисидаги тарихий ҳужжатлар ҳақида тўхталиб ўтади. Бу  қадимий  анъана, мерос  биз  учун   нақадар  қимматли эканлигини таъкидлайди. 

Шундай бўлишига қарамасдан, юртимизда мазкур масала илмий ва расмий доиралар  диққат-эътиборидан  четда  қолиб  келаётгани, бу  борада на илмий, на амалий чоралар кўрилаётгани оқибатида юртимиздаги ноёб  кабутар турлари  кескин  камайиб  бораётгани хусусида куйиниб ёзади.

“Биргина мисол, сўнгги 20 йил мобайнида “Андижон пойгари” кабутарларининг “Кишмиш ҳакка”, “Удди”, “Савзи ҳакка”, “Қора бағир”, “Сиза ҳакка”, “Новвот ҳакка”, “Қора дум”, “Малла дум”, “Гўрра ҳакка”, “Удди ҳакка”, “Шервоз”, “Оқ малла”, “Қопқон чинни”, “Чимиргиз” сингари 14 тури йўқ бўлиб кетди. “Маржон”, “Қора ҳакка”, “Қизил ҳакка”, “Қорапат новвот”, “Маллабош”, “Қорабош”, “Кишмиш”, “Майманай”  каби  яна  саккиз    тури  йўқолиш  арафасида.  

Кабутарлар неча  асрлардан бери Ахалтака, Араб тулпорларидай қиммат баҳоланади. Масалан, Европа чемпиони “Болт” лакабли пойгари кабутар “PIPA” кимошди савдосида 400 минг АҚШ долларига баҳоланди. Бельгия  чемпиони  “Долче Вита” лақабли кабутар эса  330 минг долларга нархланди. Ишонч билан айтиш мумкинки,  МДҲ  давлатларида  энг  қадимий  ва  энг  қимматбаҳо  кабутарлар бу  бизнинг  кабутарлардир. Юртимизнинг ноёб кабутарлари ўзининг фавқулодда гўзаллиги билан ҳар қандай диди нозик олий кишини хушнуд қилади. 

“Андижон пойгари” кабутарлари ўзининг гўзаллиги ва учқурлиги билан турдошлари  орасида ажралиб туради. Уларнинг ўзига хос, нозик ва бетакрор кўриниши, бугунги кунда нафақат юртимиз, балки хорижлик кабутар ишқибозларига ҳам манзур келмокда. Миттигина, беозор, тинчлик ва гўзаллик тимсоли бўлмиш бу жониворларни чет эллик шинавандалар  бир  неча  юз  доллардан  бир  неча минг  долларгача сарфлаб, сотиб олаяпти.

“Андижон пойгари” кабутарларини асл ҳолида сақлаб қолиш, йўқолиб кетган турларни қайта тиклаш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самара келтиришига шубҳа йўқ.  Бунинг учун уларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган  махсус  марказ  ташкил  этилиши  мақсадга мувофиқ. Бу иш юртимизда экосайёҳлик  бизнеси  ривожига  ҳам  салмоқли  ҳисса  қўшган  бўлар эди” – деб ёзади у. 

Бахтиёр Абдуқодиров йўқолиб бораётган кабутар турларини кўпайтириш, парваришлаш ва экспорт қилиш бўйича креатив таклиф ва режалар  билан  бир  неча  маротаба  мутасаддилар,  хусусан,  уч марта Президент виртуал қабулхонаси, сайёр қабуллар, халқ қабулхоналарига  мурожаатлар қилгани, аммо марказ ташкил этиш учун ер майдони ёхуд бино ажратиш ҳақидаги  сўровига ҳокимият  панжа  орасидан  қараганини қайд этади. 

“Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фақат ёввойи қушларни ҳимоя қилар экан. Адлия вазирлигига қадимийлиги ҳақида ҳужжат керак экан.  Ҳаттоки, бу ишни  бошлаш  учун  сотиб  олган  нотурар биноим ер майдонини  май  ойидан бери  бириктира олмаяпман. Вилоят муаммолари бугун бўлмаса эртага, албатта, ҳал бўлади. Аммо “Андижон пойгари” кабутарлари йўқ бўлиб кетса, қайта тикланмайди!” – дея афсусланади у.

Б.Абдуқодиров ўзига ер майдони ажратилса нималар қилишини ҳам келтириб ўтган. “У ерда замон талабларига жавоб берадиган кабутархона, орнитологик  клиника,  зоодорихона,  қуш  бозори,  кимошди  савдоларини  ташкиллаштирардим. “Андижон парвозлари”  ассоциациясини  тузиб,  ўндан  ортиқ  янги  иш  ўринларини яратган бўлардим. Бутун дунёга халқимиз  меросини тарғиб қилиб, чет эллик ишқибозларни, экосайёҳларни юртимизга ўзбек кабутарлари кўргазмалари, мусобақалари орқали ҳам  жалб  этардим”. 

У бу иш, ўз навбатида ёшларимиз қалбига она-табиатга муҳаббат, Ватанга садоқат, одамийлик фазилатларини сингдиришдек олижаноб ишларда ҳам мададкор бўлишини алоҳида таъкидлайди.  

Соҳибқирон  Амир Темур бобомиз асос солган миллий анъанимизни тиклашга, ноёб  кабутарларни сақлаб  қолиш,  кўпайтириш,  кейинги  авлодларга  етказиш  ишида давлат томонидан амалий  ёрдам кўрсатилишини сўраб, ўз мурожаатини якунлаган.

Мазкур мактубга туширилган дил оғриғи малҳам топадими ёки йўқ? Яқин кунлар ичида Андижон вилоятидаги мухбиримиз журналистик суриштирув ишларини олиб боради ва тинчликсевар қуш тақдири нима бўлгани ҳақида маълумот беради.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn