«Ақлли шаҳарлар» алмисоқдан қолган меъёрларни рад этади
«Ақлли шаҳарлар» алмисоқдан қолган меъёрларни рад этади Фото: gazeta.uz
  • 13 Февраль 2018

«Ақлли шаҳарлар» алмисоқдан қолган меъёрларни рад этади

“...Шаҳарларнинг бош режалари, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш талабга мутлақо жавоб бермайди, шаҳарсозлик қоидалари ва қурилиш меъёрларининг аксарият қисми эскирган, собиқ тузум давридан қолиб кетган”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига бағишланган йиғилишда айтган бу фикрларидан аён бўладики, ҳар бир бино ўз асосий вазифасини бажаришдан ташқари, кўриниши билан одамларнинг кайфиятига ҳам бевосита таъсир қилади. Шу боис бой шаҳарсозлик ва меъморий анъаналар замонавий инновацион ғоя ҳамда технологияларга асосланиши зарур.

Дастлабки қадамлар

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган “2018 — 2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналиш учун ўта долзарб ҳужжат бўлди. Негаки, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси архитектура ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда дунё шаҳарсозлигидаги ижтимоий, иқтисодий ва экологик мувозанатни ўзида мужассамлаштирган “барқарор шаҳарсозлик”  йўналиши “Ақлли архитектура” ва “Ақлли шаҳар”ни юзага чиқарди. Мамлакатимизда меъморчиликни илғор соҳага айлантириш борасида кейинги бир йил ичида дадил қадамлар қўйилди. Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси таркибий тузилмаси тубдан такомиллаштирилиб, лойиҳа ташкилотлари, илмий муассасалар очилди. Аҳолини тураржой билан таъминлаш мақсадида  қурилиш ишларига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилди. Бўш турган бинолар ишлаб чиқариш объектларига айлантирилиб, маҳаллалар тузилмаларидаги ўзгаришлар миллий меъморчилигимизда янгича қарашларни юзага келтирди. 

Бош режа пухта бўлиши керак

Мамлакатимизда қисқа муддат ичида 10 минг 431 арзон уй-жой фойдаланишга топширилди, шаҳарларимизда айни кунларда 7 минг 919 хонадонга эга 191 кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бундан ташқари, янги тартиб-таомиллар асосида саноат корхоналари, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этилиши билан бир қаторда, фойдаланилмай келинаётган ишлаб чиқариш объектлари модернизация қилиниб, эркин иқтисодий зоналар шакллантирилмоқда.

2010 йилда республикамиздаги мавжуд шаҳарлар сони 119 тани ташкил этган бўлса, яқинда улар сафига Тошкент вилояти ҳисобидан яна 4 та шаҳар қўшилди. Мавжуд 1081 шаҳар посёлкалари — шаҳарчаларнинг 207 таси, яъни атиги 17 фоизи бош режага эга бўлса-да, меъморий ривожланиш эҳтиёжларини тўла қондирмайди. Ваҳолонки, бундай режалар ишлаб чиқилишида бир неча юз миллион, баъзида миллиардлаб маблағ сарфланади. 

Шу ўринда “Бугунги жадал ривожланиш даврида 25 йилга тахминан прогноз қилинган бош режалар керакми?” деган савол туғилади. Бундай режаларда лойиҳалаштирилган ҳудудларда ер ости сувларини қочириш, канализациялаш, тураржой фондини аниқлаш, хизмат кўрсатишни меъёрлаш ишлари белгиланган муддатда бажарилмай қолиб кетаверади. 

Мавжуд регламентга кўра, бош режалар тегишли экспертиза, муҳокама ва келишувлардан сўнг белгиланган тартибда тасдиқланса-да, унинг ҳаётий кучга эга бўлиши учун мавжуд тартибга биноан, қўшимча равишда аҳоли пунктининг ҳудуд чегаралари (қизил чизиқлар) лойиҳаси алоҳида буюртма асосида ишлаб чиқилиши лозим. Нуфуси 20 мингдан ортиқ бўлган аҳоли пунктлари учун алоҳида объектлар қурилишини ўзида акс эттирувчи муфассал режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир. Одатда бош режаларда янги эҳтиёжлар асосида қурилиши юзага келиши мумкин бўлган кичик ва ўрта бизнес объектлари ўз ифодасини топмайди. Чунки мавжуд шаҳарсозлик қоидалари уларнинг меъёрларини аниқлаш имконини бермайди. 

Давлатимиз раҳбари кўрсатмаларида шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларини янгилаб, ихчамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, аҳоли пунктлари бош режаси борасида уч йиллик дастур тайёрлаш уқтирилган. Мавжуд 1446 та овул ва қишлоқ фуқаролар йиғинининг маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштирилганлиги, алоҳида ҳудудларда юзлаб намунавий ва арзонлаштирилган уйлардан ташкил топган янги маҳалла ҳамда тураржой мавзеларининг бунёд этилганлиги ҳам бош режасозлик соҳасида нақадар улкан вазифалар турганини кўрсатади. Буни амалга оширишнинг ягона йўли ахборот технологиялари — интерфаол воситаларни қўллаб, аҳоли пунктлари бош меъморлари, лойиҳа ташкилотлари, жойлардаги статистика ва иқтисодиёт бошқармалари мутахассислари иштирокида уч-беш йилга мўлжалланган қисқа муддатли концептуал ривожланиш бош режалари схемаларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу меъморчилик соҳасидаги кечиктириб бўлмас долзарб вазифадир.

Ҳозирги пайтда “индустриал шаҳар” деб номланган алмисоқдан қолган бош режалар лойиҳалаш усулидан тезда воз кечишни талаб этмоқда. Мавжуд қонунчиликда Ўзбекистонда аҳолиси 7 мингдан кам бўлмаган ҳудуд шаҳар сифатида эътироф этилади. Шаҳарсозлик кодексида 50 минггача аҳоли кичик шаҳарларни, 50 — 100 минг аҳоли ўрта шаҳарларни, 100 — 250 минг аҳоли катта шаҳарларни, 250 мингдан 1 миллионгача йирик ва 1 миллиондан ортиқ аҳоли энг йирик шаҳарларни ташкил этади.

Собиқ шўролар давридан қолган бу табақалашдан воз кечиш керак. Негаки, бизда 25 мингга яқин аҳолиси бўлган масканлар кўп. Қолаверса, шаҳарларнинг туман, вилоят, республикага бўйсунувчи тушунчалари шаҳарсозлик учун бугун керакмикан?

Соҳада мутахассислар етарлими?

Президентимиз “Хавфсиз шаҳар”, “Ақлли шаҳар” концепцияларини жорий этиш вазифасини ўртага қўйдилар. Бундай шаҳарлар замонавий барқарор шаҳарсозлик тамойилларига мос келиб, инсонпарварлик, энергосамарадор, экологик мувозанатни шакллантиришга хизмат қилади.

Масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, соҳада илмий-методик салоҳиятни ошириш кечиктириб бўлмас масала эканлиги ойдинлашади. Сабаби, республикамизда атиги 8 нафар архитектура фанлари доктори фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 6 нафари олий таълим муассасасида, 2 нафари эса Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги илмий-тадқиқот институтларида ишлайди. Бу олимларимизнинг ўртача ёши 70 дан ошган. Демак, шаҳарсозлик ва архитектурани ривожлантириш учун унинг илмий-методик базасини шакллантириш йўлларини излаш, архитектура академиясини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Кўп қаватли уйларнинг пастки қаватларида савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш билан бирга, мактабгача таълим муассасаларини ва оилавий поликлиникаларни қўшиб лойиҳалаш янгича “Ақлли шаҳар” ғоясини ривожлантиришни талаб қилади. 

Эскидан қолган функционал зоналаштириш усулидан воз кечиб, “ақлли” ғоя ва композицияга асосланган аҳоли пунктларини лойиҳалаш вақти келди. Бунинг учун бош режаларни тузиш услубияти тубдан янгиланиши, унинг таркиби ва амал қилиш муддати устида ўйлаб, қуёш энергияси, дарё, сой ва каналларимиздан энергия олиш хусусида бош қотириш керак. 

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирларида қурилишни индустриал асосга кўчириш соҳасида қилинган ҳаракатлар меъморчилик санъатини тўлиқлигича қурилиш технологиясига тобе қилиб қўйди. Бунинг таъсиридан халос бўлиш учун миллий меъморчилигимизнинг қадимий анъаналарини, обрў-эътиборини қайта тиклашга эҳтиёж туғилади.

Муҳаммаджон АҲМЕДОВ,

архитектура фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn