Энг яқин кўмакчи бўлиш бахти ва масъулияти
  • 20 Январь 2018

Энг яқин кўмакчи бўлиш бахти ва масъулияти

Бугун бутун дунёда одамлар бамисоли кечаси фонус изидан эргашгани каби карвон-карвон бўлиб, ахборот ортидан бораётир. Журналист қалами йил — ўн икки ой уйқу нималигини унутган замонда яшаяпмиз. Янгилик баъзан ҳали журналист оғзида эканидаёқ эскириб қолаётган даврни бошдан ўтказаяпмиз. 

Шиддатли замон суръати ахборот шаклу шамойилини, мазмун-мундарижасини ўзгартириб юбормоқда. Журналистикага нисбатан кўпдан буён ишлатиб келинаётган “холислик  ва ҳаққонийлик” ибораси ҳам бугун янгича маъно-мазмун касб этаяпти. Ахборотнинг қанчалик рост ҳамда ҳаққонийлиги унинг Ватан ва халқ манфаатларига нечоғли мувофиқлиги билан белгиланаётир.

Журналистиканинг ўзгармас қоидаларидан бири шуки, бирон журналист бошқа бир мамлакат ҳаёти ҳақида сўз юритиб, муайян таклиф ҳамда ғояни илгари сурар экан, улар замирида, аввало, ўзи мансуб бўлган давлат ва халқ манфаатларини мужассам этади. Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида айтилган қуйидаги фикрларни келтириш жоиздир: “Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз”.

Кўриниб турибдики, ҳаётнинг қайноқ нуқталаридан олинган янгиликлар Ватан ҳамда халқ манфаатларидан келиб чиқиб ёритилгандагина чинакам холислик ва ҳаққонийлик касб этади. Агар биз фаолиятимизга шу қарашдан ёндашадиган бўлсак, қилаётган ишларимизга ҳар жиҳатдан тўғри баҳо берган бўламиз.

Йилдан-йилга оммавий ахборот воситалари фаолияти, имкониятлари кенгайиб бормоқда. Буни ОАВ таркибида нодавлат тармоқлар кўпаяётганида ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу йўналишда янги ижодий авлод — интернет журналистикаси шаклланаётгани эътиборга сазовордир. Кейинги пайтларда медиа-майдонга “Ўзбекистон-24” телеканали, Халқаро пресс-клуб ва яна бир қанча медиа-субъектлар қўшилди.

2017 йил бошқа ижодий ташкилотлар қатори Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятида ҳам эсда қоларли бўлди. 2017 йил 3 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар ижодий ташкилотлар тарихида туб бурилиш даврини бошлаб берди.

“Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши, ижодий изланишларнинг қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистон ижодкор ёшларининг семинарлари, уюшмалар ҳамкорлиги, “Дўстлар клублари”. Оммавий ахборот воситаларига солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар муддатининг яна беш йилга узайтирилиши, қалам ҳақининг оширилиши, Матбуот ва ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда ҳудудий бўлимларнинг молиявий қўллаб-қувватланиши... 

Бевосита қарорлар ижроси бўйича сўз юритадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Илҳом” жамоат фондининг Низоми тасдиқланди. Фонднинг Ҳомийлар кенгаши ташкил этилди. “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Мазкур қарорлардан келиб чиқиб, навбатдан ташқари конференция чақирилди ва Уюшма Уставига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. ЎзЖИУ марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари структуралари ҳамда штатлар жадвали ишлаб чиқилди ва Бошқарув йиғилиши томонидан тасдиқланди.

Бир йилнинг ўзида ҳудудий бўлимлар юридик шахс мақомига эга бўлди. Президент қарорига биноан, эндиликда Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан “Илҳом” жамоат фондига ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида йирик корхоналар ва ижодий ташкилотлар ўртасида “Дўстлар клублари” ташкил этиш ғояси илгари сурилган, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Республика товар-хом ашё биржаси ҳомий сифатида бириктирилган эди. Ҳозир икки ўртада яхши ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди. Ўтган вақт давомида биргаликда қатор тадбирлар ташкил этилди. 

Ўзаро ҳамкорлик келишувида кўзда тутилган мақсадлар учун Биржа томонидан 400 миллион сўм ажратилди. 2017 йилнинг 25 — 27 октябрь кунлари Республика товар-хом ашё биржаси ҳомийлигида эҳтиёжманд 15 нафар ОАВ фахрийси ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳар бирига 300 минг сўмлик 24 хил озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Бу анъана бундан кейин ҳам давом эттирилади. Шунингдек, Республика товар-хом ашё биржаси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Дўстлар клуби”нинг “Дўст билан обод уйинг” веб-сайти ишлаб чиқилди, айни пайтда уни йўлга қўйиш, материаллар билан бойитиш устида иш олиб борилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида чинакам маънода профессионал журналистикани шакллантириш борасида бири-биридан муҳим икки таклиф илгари сурилгани алоҳида эътиборга молик: эндиликда нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий сайтларни қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида давлат фонди тузилади. Энг муҳими, Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети ташкил этилади. Президентимизнинг айнан мазкур ўқув даргоҳини ташкил этиш тўғрисидаги ғояси бугун, таъбир жоиз бўлса, ҳар икки журналист кўришганда саломдан сўнг айтилаётган биринчи калом бўлмоқда. Бу бежиз эмас. Бугун 1500 дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда эса ҳар йили олий ўқув юртларини, бор-йўғи, 150 нафар журналист битираяпти. Малакали кадрлар етишмаслиги бу соҳада, аччиқ бўлса-да, айтиш керак, мактаб кўрмаган, қаламидан даъвоси кучли “журналистлар” тоифаси пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлаётган эди. 

Бундай дейишимизнинг сабаби — университет, энг аввало, чинакам ватанпарвар, ўз касбининг устаси бўлган, хорижий тилларни пухта эгаллаган журналистлар ўчоғига айланади. Яна бир муҳим жиҳати, мазкур ўқув даргоҳи ўзбек ва жаҳон журналистикаси таълим муассасаларининг энг илғор анъаналарини ўзида мужассам этиши, қолипларга сиғмайдиган янгича, ноанъанавий таълим стандартлари асосида фаолият кўрсатиши лозим. Хусусан, талабаларнинг амалий машғулотларига устувор аҳамият бериш керак бўлади. Талабаларга, уларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, турли жаҳон тилларини ўқитиш ва ўргатиш тартиблари ҳам янгича асосларда ишлаб чиқилиши зарур, деб ўйлаймиз. 

Шу билан бирга, бугунги шиддатли замонда фақат эртани кутиб яшаш катта йўл четига чиқиб қолиш билан баробар. Президентимизнинг Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек: “...биз ўз фаолиятимизни “Буюк келажагимиз бугундан бошланади” деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур”. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда гапириб, мамлакатимиз олдида турган устувор масалалар ҳақида тўхталаркан, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулиятини алоҳида тилга олди: “Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур. Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак”.

Ҳаёт биз, журналистлардан дадил ҳаракатларни, фаол ташаббусларни, ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этади. Айрим газеталарда, афсуски, ҳали-ҳануз таҳлил ва танқидий руҳ етишмаётир. Энг тезкор ахборотлар, одатда, интернет, телерадио орқали тарқалиши ҳаммага маълум. Ҳафтада бир ёки икки марта чиқадиган газеталаримиз ҳам кўп ҳолларда одамларга аллақачон маълум бўлган хабарларни яна қайта, қандай бўлса, шундайлигича тақдим этмоқда. Ўйланиб қоласан: бундан кўра қизиқарли таҳлиллар қилиш кўпроқ самара бермасмикан? 

Таассуфки, аксарият газеталарнинг дизайни, формати ва материалларни бериш услуби эскича, уларда янгича ёндашув етишмайди, ўзига хос қиёфаси шакллантирилмаган. Яна бир муаммо: аҳолининг кенг қатламларига бугун мамлакатда рўй бераётган янгиланишлар жараёни, қабул қилинаётган қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини содда ҳамда тушунарли тилда, ҳаётий мисоллар билан етказиб бериш борасида ҳали-ҳануз бир хиллик устун. 

Кузатувлар Президентнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан одам аримаётган ҳозирги кунда ҳам журналистларимизда кўп ҳолларда бирон-бир ижтимоий муаммони мустақил равишда ташаббус кўрсатиб ёритиш борасида кўникма мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда. 

Бутун дунёда терроризм, диний экстремизм, наркобизнес, ахлоқсизлик, одам савдоси каби глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда ОАВда Ватан ва халқ манфаатлари, тинчлик-осойишталик йўлида жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда аниқ мақсадларга йўналтириш борасидаги чиқишларда изчиллик, чуқур таҳлил ва жон-куярлик етишмаётгани биз, журналистларни жиддий ўйлантириши лозим. 

Бундай долзарб ва ўта муҳим вазифалар, албатта, барчамизни ягона мақсад йўлида янада мустаҳкам бирлашишга даъват этади. Мавжуд муаммоларни ҳал қилишда, ўйлаймизки, уюшма қошида ташкил этилган — ижтимоий-иқтисодий ва экология масалалари, халқаро шарҳловчилар, ҳуқуқий журналистика, ҳарбий-ватанпарварлик, спорт, журналист аёллар, фахрий журналистлар ва ёш журналистлар кенгашлари катта ёрдам беради.

Ишончимиз комилки, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган — бири-биридан муҳим бу каби  вазифаларни ҳал этиш, юртимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қисқача айтганда, халқ манфаатининг чинакам ҳимоячиси бўлишда оммавий ахборот воситалари бундан буён фаол ҳаракат олиб боради.

Саъдулла ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn