Одамлар эътирозига сабаб бўлаётган камчиликлар
  • 20 Январь 2018

Одамлар эътирозига сабаб бўлаётган камчиликлар

Уларни ҳал этишда сенатор ва депутатларнинг роли қандай бўлиши керак?

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда парламент аъзолари ҳудудларда бўлиб, одамларнинг турмуши, яшаш шароити, эҳтиёжини атрофлича ўрганаяпти.

Айтиш мумкинки, мазкур учрашувлар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий кўриниши сифатида кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда.

Чунончи, халқ вакилларининг Наманган вилояти Мингбулоқ тумани аҳолиси билан мулоқотининг дастлабки кунларида 426 та хонадондаги аҳвол ўрганилиб, 300 дан ортиқ муаммоли масалалар ўртага ташланди. Маҳаллалар инфратузилмасидаги камчиликларни бартараф этиш, оилавий бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа соҳалар фаолияти билан боғлиқ масалаларнинг 132 таси маҳаллий бошқарув идоралари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида ҳал қилинди. 112 та муаммо туман ҳокимлиги томонидан ижро учун тегишли ташкилот ва муассасаларга юборилди. Республика даражасида ҳал этиладиган 34 та масала депутатлар томонидан қатъий рўйхатга олинди.

Таъкидлаш керакки, депутат ва сенаторларнинг қишлоқ маҳаллаларидаги хонадонларга ташрифи чоғида одамлар кўпроқ бандлик масаласини ўртага қўйишаяпти. Тўғри, туманда бу ишни томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали йўлга қўйишнинг  имкониятлари мавжуд. Бироқ ер участкалари мелиоратив  ҳолатининг ёмонлиги деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари ҳосилдорлигининг ўта  даражада паст бўлишига олиб келмоқда.

— Масалан, 11 мингдан ортиқ фуқаролар истиқомат қилаётган Меҳнатобод, Уюрчи Дамкўл ва Қўғаликўл маҳаллаларидаги 1,5 мингдан ортиқ оилалар мазкур масалада узоқ йиллардан буён азият чекиб келаётган экан, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев. — Гап шундаки, бу ҳудудларда ер ости суви юзага кўтарилиб, кўп йиллик мевали дарахтлар ўтинга айланаяпти. Бу ерда сизот сувларни тортиб олишга мўлжалланган насос бор. Аммо ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ўрнатилган агрегат қарийб 20 йилдан буён ишламайди. Аҳоли бу  масалада тегишли идораларга мурожаат қилиб чарчаган ва охир-оқибатда муаммо ечилишидан умидини узган. Биз ҳудуддаги аҳволни ўрганаётган чоғда одамлар масалани қатъий қўйишди. Шундан келиб чиқиб, насосни янгилаш юзасидан республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига депутат сўрови билан чиқамиз.

Жойлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти, аҳолининг улардан фойдаланиш даражасини ўрганиш жараёнида қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда врачлик пунктларида мутахассислар етишмаслиги, патронаж ҳамшираларининг хонадонларга ташрифи мунтазам эмаслиги, айрим жойларда қабул ва муолажа хоналаридаги шароит талабга жавоб бермаслиги кўзга ташланди. Тумандаги дорихоналарда нархи чекланган дорилар сотуви етарлича йўлга қўйилмаган. Мисол учун, Жомашўй шаҳарчасидаги фаолияти кўздан кечирилган 8 та шохобчанинг бирортасида қонни суюлтирувчи гепарин препарати топилмади.

Парламент аъзоларининг Сирдарё вилояти Оқолтин тумани фуқаролари билан бу галги учрашувлари янада самарали кечмоқда. Боиси, эндиликда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ишни секторлар бўйича олиб боришаётир. Бу, албатта, барча ҳудудни қамраб олиш, аҳоли билан янада кўпроқ мулоқот қилиш имконини кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг бажарилиши атрофлича кўриб чиқилаётир. 

Ўрганишлар давомида кўплаб оила ва фуқароларнинг мушкули осон бўлаётгани эътиборга молик. Масалан, Обод маҳалласида истиқомат қилувчи Қаҳрамон Йўлчиев доимий иш жойига эга бўлди. Энди у “Оқолтин агро капитал” фермер хўжалигининг ходими. Шунингдек, тикувчилик йўналишида фаолият юритаётган Зебо Мадаминова ва зардўзлик билан шуғулланаётган Муҳайё Мамарасулованинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга оид мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Парламент аъзолари таълим муассасаларидаги шароит ва ўқув-тарбия ишлари билан батафсил танишмоқда. Хусусан, тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактабидаги 3 та синфда парта ва стуллар етишмаслиги, ягона иситиш тизими мавжуд эмаслиги, кутубхона эса зарур адабиётлар билан етарли даражада таъминланмагани маълум бўлди. Энг  ачинарлиси, мазкур таълим муассасасида кимё, физика, жуғрофия, математика, рус ва инглиз тиллари фанлари бўйича ўқитувчилар ҳам етишмайди. Ўз навбатида, ушбу камчиликларни бартараф этиш вазифаси туман халқ таълими бўлими назоратига олинди. Аҳиллик маҳалласидаги “Олтин калитча” мактабгача таълим муассасасидаги камчиликлар “йўл харитаси”га киритилиб, айни чоғда уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 

Халқ вакилларининг Тошкент вилояти Қибрай тумани аҳолиси билан бевосита мулоқотларида одамларни ташвишга солаётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари фаолияти чуқур ўрганилаётир. Бу жараёнда туман Кенгаши депутатлари яқиндан ҳамкорлик қилишаяпти.

Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акмалжон Тиллаев раҳбарлик қилаётган 4-сектор штаби “Кўприкбоши” маҳалла фуқаролар йиғини биносида  жойлашган, бу ерда ишлаш учун барча шароит яратилган. Ўтган давр мабойнида штаб аъзоларининг ҳаракатлари билан секторга бириктирилган Байтқўрғон, Чинобод, Қипчоқ ҳудудларидаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг 622 та муаммоси ўрганилди. Уларнинг 422 таси жойида ҳал этилди, 187 та масала ҳал этиш учун туман, 6 та масала эса вилоят ҳокимлигига  юборилди.

Лекин айрим камчиликлар мавжудки, бу ҳануз одамларни ташвишга солмоқда. -Масалан, “Байтқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Гулзор кўчасида яшовчи Латофат Мирраҳимовани олайлик. Бу аёл уч нафар фарзанди билан 2013 йилдан буён ижарада яшайди. Уйли бўлиш унинг бирдан-бир орзуси. Ёки Дўстлик кўчасида истиқомат қилувчи Раъно Туяқова иш вақтида йиқилиб жароҳатланган, мустақил юра олмайди. Ногиронлик нафақаси сўраб ёзган мурожаати рад этилган. Етмиш ёшга яқинлашаётган нурободлик Нина Фидяшовага эса қарилик нафақаси берилмаган. 

Бу каби муаммоларни депутат ва сенаторлар хонадонма-хонадон юрганларида аниқлашди. Уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Аслида сектор ишини бундан-да фаоллаштириш мумкин. Бу ушбу фаолиятни назорат қилиш бўйича жамоатчилик назорати гуруҳи саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқ. Ҳозирча сектор саъй-ҳаракатида гуруҳнинг таъсири сезилмаяпти. Сабаби, гуруҳ аъзоларининг айримлари бу ишдан умуман бехабар. Шунингдек, улар орасида туман Кенгаши депутатлари ҳам бор. Ажабланарлиси, таркибни  сектор раҳбарининг ўзи шакллантирган. Ҳолбуки, мазкур таркиб халқ депутатлари туман Кенгашининг сессия-сида муҳокама этилиб, тасдиқланиши мақсадга мувофиқ. Бу, ўз навбатида, -депутатларнинг хабардорлиги таъминланиши, масъулияти ортишига хизмат қилади.  

— Халқ билан мулоқот чоғида жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш билан бир қаторда, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини жамоатчиликка кенг тушунтирмоқдамиз, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Буларнинг барчаси парламентнинг назорат-таҳлил фаолиятида, халқ вакилларининг аҳоли билан мулоқотларини янада самарали ташкил этишда, очиқлик, ошкоралик, ҳаққонийлик принципларига қатъий амал қилишда ижобий таъсир кўрсатади.

Парламент аъзоларининг ҳудудларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn