Борлиғини бахшида этиб, фидойилик кўрсатиб яшади
Борлиғини бахшида этиб, фидойилик кўрсатиб яшади Х. Пайдоев олган сурат
  • 20 Январь 2018

Борлиғини бахшида этиб, фидойилик кўрсатиб яшади

Шу кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида таълим муассасалари, маҳаллалар, давлат ҳамда жамоат ташкилотларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хотира кечалари ўтказилмоқда.

Хусусан, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти” мавзуида учрашув ташкил қилинди. Унда Биринчи Президентимизни кўрган, яқиндан билган, юртимиз тараққиёти йўлида елкама-елка туриб хизмат қилган инсонлар, таниқли олим ҳамда мутахассислар қатнашди.

Тадбир аввалида иштирокчилар Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Улуғ Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Т. Каримова, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т. Ширинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М. Қуронов ҳамда бошқалар Ислом Каримов халқимизни истиқлол сари етаклагани, одамларнинг қадри ва қаддини тиклагани, мамлакатимизнинг тараққиёт йўлини белгилаб берганини таъкидлади. Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида этиб, фидойилик кўрсатиб яшаган Буюк Юртбошимиз ўз ҳаёти, фаолияти билан барчага ибратдир.

Мустақиллигимиз асосчисига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, унинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ҳамда ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кенг муҳокама этди. Бу бўйича мутасаддиларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди.

— Ўз халқини ана шундай севган буюк қалб соҳибини халқимиз қанчалик ардоқлашига уни сўнгги манзилга кузатиш чоғида барчамиз гувоҳ бўлдик, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси совриндори Шоҳруҳ Ибрагимов. — Биринчи Президентимиз мангу ором топган жойдан мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, чет давлатлардан келаётган зиёратчилар қадами узилмаётгани ҳам ўз ҳаётини эл-юрт равнақига бағишлаган инсон қалбларда абадий яшашидан, хотираси эъзозу эҳтиромда бўлишидан далолат беради. Биз, ёшлар ҳам бор куч-ғайратимизни Ватанимиз тараққиёти учун сафарбар қилишга интиламиз.

Тадбирда “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Дилшод КАРИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn