Асра қизил гулингни...
  • 19 Январь 2018

Асра қизил гулингни...

Биз — тўйсевар халқмиз, топганимизни тўйга атаймиз. Бир ўзбек иккинчи ўзбекка яхши ниятини изҳор қилмоқчи бўлса: “Топганларингиз тўйларга буюрсин” деб айтади. Ҳатто аза маросимига таъзия изҳор қилиб борганлар “Энди ёмон кун кўрсатмасин, изи тўйларга улансин. Энди тўйларга келайлик ва тўйларда учрашайлик” деган ниятни билдирадилар.

Лекин, афсуски, кейинги йилларда, хусусан, мустақиллик бахш этган тўқ ва фаровон ҳаёт туфайли айримлар эсанкираб, дабдабабозликка, исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Айниқса, тўйларимизни ташкил қилиш ва ўтказишда бу яққол кузатилаяпти. Энг ёмони, бундай дабдабабозлик ўзлигимизни унутишга, ўзбекона тўйларимизнинг маъно-мазмунига раҳна солишга, ёшларимиз тарбиясининг йўлдан чиқишига олиб келмоқда.

Бунга, аввало, айрим юртдошларимизнинг ўзбекона тўйларимиз тарихини, мақсад ва вазифаларини, ижтимоий-этнографик моҳиятини яхши билмаслиги, англамаслиги ҳам сабаб бўлаётгани, шубҳасиз. Агар эътибор берсак, кейинги вақтларда тўйларимизда шундай ғалати удумлар ва “удумчалар” болалаб кетдики, билиб-билмай кўплар унга кўр-кўрона эргаша бошлади. Ҳатто улар тез фурсатда шундай анъанавийлашдики, жаҳоншумул довруққа эга, маънавий жиҳатдан фойдали айрим удумларимизни сиқиб чиқариб, уларнинг ўрни ва вақтини ўзиники қилишга чоғланди. Бу борада пайдо бўлган айрим жиддий муаммолар кўпчиликни қийнаётгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз, фольклоршунос ёки этнограф олимлар ҳам тўйларимизда юз бераётган ижобий ва салбий жараёнларни муҳокама қилиб бориб, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ёшларни тарбиялаш, маданиятимизни равнақ топтириш бўйича ўз ғоя ва фикрларимизни, таклиф ва тавсияларимизни билдиришни маъқул кўрдик.

Тўйларда пайдо бўлган “келиннавкар” удуми ғирт нодонлик. Бундай удум ҳақида бирорта манбада маълумот учрамайди. Пул топиб, ақл топмаганлар томонидан ўтказилиб, сўнгра юқумли касалликдек маънавий иммунитети сустларга тез юққан бу “касаллик” зарардан ўзга нарса бера олмайди. Бир қараганда, эътибор беришга, куйинишга унчалик арзимасдек туюладиган бу каби иллатлар аслида халқимиз анъаналарини тўлиқ ва чуқур тушунмасликдан келиб чиққани бу борада ҳали айримлар онгида маънавий бўшлиқ борлигини аёнлаштиради. 

Ўзбек тўйларида “гул отиш” удуми шу пайтгача асло бўлмаган. Тўғри, никоҳ тўйларининг “Қизлар базми”, “Қиз кечаси” удумида “Гул берди” одати бўлган. Унга кўра, “Қиз кечаси”га таклиф қилинган куёв ва унинг жўралари даврадаги қизларга ўзлари билан келтирган гулни тутқазиб, улар билан шеърхонликда мусобақалашишган. Бундай шеърий баҳслар “Гул бердим, кўнгил бердим” мисраси билан бошланган. Кўринадики, куёв томондан келин томонга бериладиган гул “кўнгилни кўнгилга, дилни дилга, тилни тилга, танни танга гулнинг қават-қават япроғи янглиғ уловчи восита” рамзини англатади. Шунинг учун гул севги, оила мавзусидаги қўшиқларда кўпинча муҳаббат рамзини ифодалаб келади. Шундай экан, куёв боланинг не яхши ниятлар билан келинга олиб келган гулдастасини келин бола унинг кўз олдидаёқ бошқа қизларни чорлаб, кўпчилик гувоҳлигидаги тўй даврасида олди-орқасига қарамай отиб юборишини қандай тушунмоқ лозим? Бу нописандликми, нодонликми, чаласаводликми, қўполликми, андишасизликми? Ахир момоларимиз ўз оиласини, муҳаббатини сақлаб қолиш учун жонларини ҳам аяшмаган-ку? Турмуш ўртоғидан бевақт ажралган қанчадан-қанча онахонларимиз ёри хотирасига хиёнат қилмаган-ку! Гарчи унга ҳам ҳаёт бир марта берилишини билса-да, ўзини ўйламай, умрини ёридан ёдгор қолган болалари тарбиясига бағишлашга жасорат топа олган-ку!  Эҳтимол, шунинг учун халқ қўшиқларида:

Асра қизил гулингни,

Сақла қизил гулингни,  — дея куйланади.

Шундай экан, нега бизнинг ўзбек қизларимиз ҳозиргина тўй даврасига кириб келишидан олдин бўлажак умр йўлдоши қўлига яхши ниятлар билан тутқазган гулдастани ҳали тўй тугаб улгурмай отиб юбораяпти. Уни асраш ўрнига бошқаларга “илинаяпти”. Энг ёмони, келинчак шу қилган ишидан завқ олмоқда. Унинг маънавий оқибати ҳақида ўйлаб кўришни ҳам хоҳламайди. Шуниси ҳам борки, тўйда келинчак томонидан ирғитилган гулдастани олиш учун кўпроқ бўй қизлар, яъни ҳали турмушга чиқмаган қизлар даврага тўй бошловчилари томонидан ошкора ва баланд овозда чорланиб, унинг шарти бўйича келинчак отган гулдастани ким илиб билса, навбатдаги тўй уники бўлиши айтилмоқда. 

Бунга жавобан бўй қизлар ҳеч тортинмай даврага чиқиб, худди эрдан қолиб кетаётгандек, қий-чув кўтаришиб, сакраб бўлса-да, бир-бирини туртиб-итариб бўлса-да, гулдастани илиб олишга ҳаракат қилишяпти. Ахир, ўзбек қизлари қачондан бошлаб ўзини бу қадар хор қилишни бошлади? Бизнинг қизларимиз шу пайтгача ҳатто тўйга боришдан уялмасмиди? Тўйхонада овоз солиш у ёқда турсин, даврага чиқиб ўйнаш, турли қилиқ ва муқомлар қилиш нарида турсин, ҳатто эҳтиёж юзасидан яқин қариндошининг тўй даврасига бориб, уялганидан бир чеккада томоша қилиб қайтганлар ҳам бўларди-ку! Лекин ёш-ёш келинчаклар бугунги кунда “эрим” деган сўзни бемалол, оғиз тўлдириб айтаётгани ҳам ҳозирги ёши улуғ аёлларни ҳайрон қолдирмоқда. Улар бунга қачондан ўрганиб қолишди экан? Негаки, кекса онахонларимиз ўнтадан ортиқ бола туғиб қўйган бўлсалар-да, ҳалигача “эрим” деган сўзни айтишдан ийманиб туришади. Бу сўзнинг ўрнида “хўжайиним”, “болаларимнинг отаси”, “дадамиз” каби сўзларни ўзига хос ҳурмат оҳангида, андиша билан айтишади-ку?!

Ўзбек оилаларида қиз бола “қоғозга ўралган қанддай” таърифи билан юритилиши одат тусига кирган эди-ку? Қолаверса, келин бўлаётган қизларимизни ҳозиргидек тўғри келган очиқ-сочиқ либослар билан тўй даврасига асло олиб чиқилмаган. Қайтага қизларимиз эгасига “ўраб-чирмаб” узатилган. Шу билан улар ёмон кўзлардан асралган, ор-номуси ва шаъни ҳимоя қилинган.

Ҳар бир келинчакка атаб келинлик сарполари харид қилиниб, унинг ягона ўзи учун ният қилиб тиктирилган. Бугун-чи? Бир келин кийган либосни яна ўн келин кийиб кетаверади. Бу борада мана шундай эътиборсизлик кучайгандан кучайиб бормоқда. Ҳозирги никоҳ тўйида миллий менталитетимизга мос бўлмаган яна бир одат кўзга ташланяпти. Бу — келин-куёвнинг тўй даврасида бир-бирининг белидан ушлаб, вальс тушиши. Ахир шу пайтгача одатимизга кўра, келин-куёв бир-бирининг қўлидан тутишига фақат чимилдиқдагина изн берилган-ку? 

Хулоса қилиб айтганда, “оммавий маданият” ниқоби остида, шунингдек, хорижда бўлиб қайтаётган айрим юртдошларимизнинг ҳой-ҳаваси, у ердаги удумларга кўр-кўрона эргашиши таъсирида ўзбекона тўйларимизга ёт одатлар қўшилиб бормоқдаки, ҳеч кечиктирмай уларнинг олдини олмоқ лозим. Ниятимиз — миллий урф-одатларимиз моҳиятига, юқорида таъкидлаб ўтилгани каби, зарар етмасин.   

Дармоной ЎРАЕВА, 

Бухоро давлат университети профессори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn