Аҳоли бандлиги, тиббий хизмат сифати
  • 19 Январь 2018

Аҳоли бандлиги, тиббий хизмат сифати

ўрганилаётган муаммоларнинг аксариятини ташкил этмоқда

Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини самарали ҳал этиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш заруратига эътибор қаратилиб, бу бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Зеро, айнан ушбу тизим орқали фуқароларни кўпдан буён ўйлантираётган масалалар жойида ижобий ҳал қилинаётганини ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин.

Чунончи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг шу кунларда Навоий вилоятининг Томди тумани аҳолиси билан мулоқотлари очиқ ҳамда самимий ўтмоқда. Улар туманнинг Томдибулоқ, Янги Томди қўрғонлари, “Аяқудуқ”, “Ўтемурот”, “Алдаберган” овул фуқаролар йиғинлари ва Қинғир, Оқтақир каби овулларида бўлиб, уч юздан ортиқ хонадонларда аҳоли муаммоларини ўргандилар. Мисол учун, туман марказий шифохонаси ҳамда 1-мактабгача таълим муассасасида иситиш тизимидаги камчиликлар туфайли мазкур даргоҳларда меъёрдаги иссиқлик таъминланмаган. Ушбу масала мутасадди идоралар иштирокида ижобий ҳал этилди.

— Туманда аҳоли бандлиги ўта долзарблигича қолмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов. — Айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласида. Ваҳолонки, Томди хом ашё ресурсларига бой ҳудуд саналади. Ўрганишлар жараёнида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, мазкур йўналишда туман бўйича алоҳида дастур тайёрлашга келишиб олинди. Бу янги иш ўринлари ташкил қилиш имконини беради.

Туман тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласи ҳам парламент аъзолари томонидан атрофлича ўрганилди. Узоқ вақтдан буён бетоб ётганлар билан суҳбатлашилди.

— Умуртқа поғонамдаги касаллигим туфайли юролмай қолганман, — дейди Янги Томди қўрғонида истиқомат қилувчи Лариса Кушбекова. — Депутатлар кўмаги билан ногиронлигим масаласи кўриб чиқилмоқда. Даволанишим учун вилоят марказига йўлланма берилди.

Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида архив ишларидаги камчиликлар, яъни фаолияти тугатилган бир қатор идоралар ҳужжатларни ўз вақтида архив идораларига топширмагани пенсия ёшига етган фуқароларнинг сарсон-саргардонлигига сабаб бўлаётгани аниқланди. Ушбу масалага мутасаддилар жалб қилинди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга паспортларини янгилашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти каби ҳаётий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, туманнинг “Роҳат” массиви аҳолиси учун Зарафшон шаҳридан сув тармоғини тортиш анча пайтдан буён пайсалга солиб келинаётган эди. Мазкур масала вилоят миқёсида кўриб чиқилиб, уни ҳал этиш тадбирлари белгиланди.

Халқ вакиллари Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида бўлиб, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижроси, тўртта сектор фаолияти, иқтисодий инфратузилма ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг бандлигини кафолатлаш, таълим-тарбия масалаларини чуқур ўрганмоқдалар. Албатта, ушбу мулоқотлар қонун ижодкорларининг фуқаролар талаб ҳамда таклифларидан келиб чиқиб, келгуси вазифаларни белгилаб олишларида долзарб аҳамият касб этади.

— Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг туманимиз аҳолиси билан мулоқотларида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойил рўёбини кўраяпмиз, — дейди Ачақалъа маҳалласида яшовчи Олимбой Тожимуродов. — Турмуш ўртоғим — Ойпошша Раҳимова 1-гуруҳ ногирони. Физиотерапия муолажаларини олиш, аравача билан таъминлашга оид мурожаатимиз анчадан буён ҳал бўлмаётган эди. Парламент аъзолари билан мулоқот чоғида арзимиз тингланди ва шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан уйимизда таъмирлаш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Чет элда ишлаш учун кетган ўғлимнинг шу ерда, ўз Ватанимизда меҳнат қилиши учун имконият яратиб берилди.

Депутат ҳамда сенаторлар туман деҳқон бозори, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, тиббиёт масканлари ҳамда аҳоли хонадонларида бўлиб, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш борасида қилинаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Янгибозор тумани Кенгаши сессиясида батафсил кўриб чиқилди. Аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида рўёбга чиқарилган саъй-ҳаракатлар муҳокама этилди, туман тиббиёт бирлашмаси, давлат санитария-эпидемиология назорати бўлими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги, жумладан, туман марказий шифохонаси қабул бўлимида беморлар учун етарлича зарур шароитлар яратилмагани, қабул жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмагани, беморлар ҳамда уларнинг яқинлари учун кутиш жойлари номигагина ташкил этилгани таъкидланди. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш чора-тадбирлари белгиланди.

— Меҳнат фахрийлари, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар вакиллари билан мулоқотлар, дилдан кечаётган суҳбатларда халқимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга юксак ишонч билан қараётгани, ушбу тарихий ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётганини англадик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев. — Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси фуқароларнинг теварак-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатини, дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборгани, халқимизнинг улкан яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳиятини эркин намоён этишга йўл очаётганининг гувоҳи бўлдик. Бизнинг аҳоли билан учрашувларимиз ана шу эзгу интилишларни янада фаоллаштириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Жойларда парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

Одилбек ОДАМБОЕВ,

 «Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn