Кундузи ҳамма ишда — чироқ бор. Тунда барча хонадонлар зим-зимистон
  • 18 Январь 2018

Кундузи ҳамма ишда — чироқ бор. Тунда барча хонадонлар зим-зимистон

Ҳар гал кечки пайт оила даврасида таомга қўл узатдинг дегунча, “лип” этиб чироқ ўчади. Туман электр таъминотидагилар пойлаб турадими дейманда.

Ўчакишгандек ё нонушта пайти ёки оқшомда бизни электр  токидан мосуво қилишади. Бунақа пайтда навбатчилик телефонига умуман тушолмайсиз. Мабодо омадингиз чопиб, гўшакни кимдир кўтариб қолса, ҳар доим бир хил жавоб —  нима эмиш, “нагрузка” юқори.

Алам қиладигани, кундузлари ҳамма ишда — чироқ бор. Тунлари барча хонадонлар зим-зимистон. Бу қанақаси ахир?! Фиғоним фалакка чиқади. Укам телефон чироқчасини ёқаркан, пинак ҳам бузмайди: “Ака ҳадеб куйинаверманг, биз ўрганиб  қолганмиз. Буни шаҳар эмас, қишлоқ  дейдилар.  Энди сериал бошланганда  ёнади. Ие, қишлоқдагилар одам эмасми?! 

Ўзим шаҳарда яшайман. Тез-тез ота-онам ҳолидан хабар олиб тураман. Бир оёғим қишлоқда.  

Сизга ёлғон, менга чин! Бачқир қишлоғида, ишонасизми, электр токидан  бирорта  йирик  қарздор  хонадон йўқ. Ҳамма тўлов маданиятига  қатъий амал қилади. Мажбурий ижро бюросидан келиб хуноб қилгандан кўра, вақтида тўлов қилган яхшида. Масалан, биз 305 минг сўм олдиндан тўлаб қўйганмиз. Қишлоқда бундай “одобли” хонадонлар истаганича топилади.

Хуллас, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бутун қишлоқ аҳли тўловларни вақтида амалга ошираётган бўлса, унча-мунчасини Мажбурий ижро бюросидагилар “тўлдираётган” экан, бир кунда беш-олти соатлаб электр энергиясидан нега атайин узиб қўйилади? Бу хурмача қилиқларини айни эҳтиёж ортган маҳалга тўғрилаш кимга зарур? Агар навбатчи операторнинг айтганидек “нагрузка” юқори бўлса, ҳар гал қиш мавсумида муаммолар шундай бардавом бўлишини соҳа мутасаддилари яхши билишадику?  Қиш ғамини ёзда ейишса, бўлмайдими? 

Иқболжон  ЮЛДАШЕВ.

Бувайда тумани Бачқир қишлоғи 

 

  

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn