Тергов жараёнига ахборот технологиялари фаол жорий қилинмоқда
Тергов жараёнига ахборот технологиялари фаол жорий қилинмоқда Unicef Uzbekistan
  • 18 Январь 2018

Тергов жараёнига ахборот технологиялари фаол жорий қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хона ташкил қилинди.

Ички ишлар вазири ўринбосари А. Бобохоновнинг таъкидлашича, махсус хоналарда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахслар ҳамда вояга етмаганларни сўроқ қилиш, таниб олиш, юзлаштириш, видеоконференцалоқа воситасида масофадан туриб тергов ҳаракатлари ўтказилади. “Биз суд жараёнида иштирок этаётган болалар ўзларини йўқотиб қўйишлари ёки руҳан қийналишларига йўл қўя олмаймиз”, деди у.

Мазкур хоналар ташкил қилиниши фуқароларнинг, хусусан, вояга етмаган жабр-ланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини судга қадар иш юритувда ҳимоя қилишни кучайтиради, оғир ва ўта оғир жиноятларни фош ҳамда тергов қилиш самарадорлигини оширади.

Ушбу амалиёт, ўз навбатида, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолатларини таъминлайди. Уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, шунингдек, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматини камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга хизмат қилади. 

Махсус хонада болаларнинг ёши ва руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, уларни қўрқитмайдиган хавфсиз муҳит яратилган. У илғор халқаро тажриба асосида ЮНИCEФ кўмагида ташкил этилди. 

— Жиноят натижасидаги руҳий жароҳатлар болаларга жиддий таъсир кўрсатиб, уларнинг ўсиши ва ривожланишида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, — деди ЮНИCEФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. — Судгача иш юритувида вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш жуда муҳимдир. Бу уларнинг нормал ҳаётга имкон қадар тезроқ қайтишларига ёрдам беради.

Шуни қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги қарорига биноан, мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги ички ишлар органларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил қилинади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn