Жонажон Ватанимизни севиш ва қадрлашни ўргатган инсон
  • 17 Январь 2018

Жонажон Ватанимизни севиш ва қадрлашни ўргатган инсон

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Зеро, Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Биз айрим юртдошларимизнинг бу ҳақдаги фикрларига қулоқ тутдик.

Азиз ҚАЮМОВ, академик:

— Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Улуғ Йўлбошчимиз нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ҳамда обрў-эътиборга сазовор бўлган шахс ва арбоб эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ юртдошларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатилаётгани ҳар биримиз учун ибратлидир. Айниқса, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича эълон қилинган мазкур қарорда бир қатор эзгу тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китоби, “Маънавият” нашриётида Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарларини, шунингдек, “Президентга мактублар” китобини нашр этиш ҳамда белгиланган тартибда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказишга урғу берилгани шулар жумласидандир.

Шайх Саъдий айтади: “Бир гулни эъзозласанг, боғ яратгандек савобга қоласан”. Бугун ўтганлар хотирасига кўрсатилаётган беқиёс эъзозу ҳурмат ҳам ана шундай савобга йўғрилганлиги билан алоҳида эътиборлидир.

Холиджон КОМИЛОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Бугунги дориламон кунлар, озодлик, фаровонлик, файзу барака осмондан тушгани йўқ. Биринчи Президентимизнинг қатъий азму шижоати мамлакатимизнинг давлат сифатида шаклланишида ҳамда ривожланишида асосий тамал тоши бўлди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номини абадийлаштиришга оид ташаббусларига биноан жуда хайрли ва савобли ишларга қўл урилмоқда. Чунончи, пойтахтимиздаги халқаро аэропортга Ислом Каримовнинг номи берилиши каттаю кичик, айниқса, у кишини яқиндан билган ҳамда кўрган биздек кексалар учун жуда катта воқеа бўлди. Негаки, бундан 25 — 30 йил аввал пойтахтимиз қиёфаси замонавий шаҳарсозлик талабларига умуман жавоб бермас эди. Биринчи Президентимиз истиқлол арафасидаёқ мамлакатимизнинг бош шаҳрини тубдан ўзгартириш, одамларга яшаш учун қулай шарт-шароит яратишга бел боғлади. Ўтган йиллар давомида бу ерда қад ростлаган кўркам бинолар, маънавий-маърифий обидалар, стадионлар, маданият ҳамда истироҳат боғлари, равон йўллар, кўприклар, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий ўқув юртларининг бинолари Тошкент кўркига кўрк қўшди. Буни ҳар биримиз катта мамнуният, фахру ифтихор билан тилга оламиз. Ушбу бунёдкорликларнинг барчаси Биринчи Президентимизнинг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган сўзларини ҳамиша ёдимизга солиб туради.

Ҳасан НОРМУРОДОВ, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:

— Мазкур қарордан ҳар бир юртдошимиз, хусусан, самарқандликларнинг қалби ғурурга тўлди, десак, муболаға эмас. Негаки, бугун Самарқандни нафақат улуғ алломалари, тарихий обидалари, балки Ислом Каримовдек беназир шахс вояга етган замин сифатида ҳам бутун дунёда яхши билишади.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳайкали қад ростлади. Айни кунларда эса Хотира мажмуи бунёд этилаётгани ҳам эзгу ва савобли ишларнинг амалий ифодасидир. Негаки, Буюк Йўлбошчимиз мангу қўним топган манзилда қурилаётган Хотира мажмуи ҳар бир юртдошимиз, ёшлар, хорижий меҳмонлар, қолаверса, келгуси авлодлар учун ҳам энг табаррук зиёратгоҳ бўлиб қолади.

Январ ИНОЯТОВ, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси:

— Ислом Абдуғаниевич Каримов! Бу улуғ инсон номи мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ҳамда сиёсат арбоби сифатида қалбларимизда мангу яшайди. Бинобарин, Биринчи Президентимизнинг жасорати ва матонати туфайли халқимиз ўзлигини англади, азалий қадриятларимиз тикланди, дунёда ўз сўзимиз ҳамда овозимизга эга бўлдик.

Мустақил давлатимиз асосчиси, Ўзбекистонни юксак тараққиёт йўлига олиб чиққан буюк давлат арбобининг хотираси юксак эъзозланаётганидан биз, қашқадарёликларнинг қалби ғурурга тўлади. Президентимиз қарорига кўра, жуда кўп тадбирлар қатори Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш белгилангани бутун воҳа аҳлини хушнуд этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонимизни, мустақиллигимизни, тинч ва обод ҳаётимизни севиш ва қадрлашни, ўз юртимизга меҳр-муҳаббатни биз улуғ Юртбошимиздан ўрганганмиз”. Ана шу туйғу барчамизни Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга ундайверади.

«Халқ сўзи» мухбири

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

 

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn