Озодликнинг қадрига ҳеч нарса тенг келмайди
  • 14 Декабрь 2017

Озодликнинг қадрига ҳеч нарса тенг келмайди

 

Президентимиз Фармони билан афв этилган юртдошларимиз шундай фикр юритишмоқда.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу ҳужжатда 2 минг 700 нафар маҳкумни афв этиш белгиланган бўлиб, айни чоғда турли ҳолатларда жиноят содир этган, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, тураржойи ҳамда жазони ўташ муассасаларида ижобий тавсиф олган шахслар озодликка чиқарилаётир.

— Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати мужассам, — дейди Андижон шаҳридаги 14-тергов ҳибсхона бошлиғи, подполковник Алишер Ҳабибов. — Айтиш жоизки, шу пайтгача амнистия тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинар ва уларда фақат жиноят турлари кўзда тутилиб, озодликка чиқариладиган шахслар ижро жараёнида аниқланар эди. Афв этиш тўғрисидаги Фармонга биноан, ҳар бир маҳкум шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир қилиниш ҳолатлари ҳамда оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги ва шу каби бошқа жиҳатлар пухта ўрганиб чиқилди. Хусусан, бизнинг ҳибсхонамизда сақланаётган 6 нафар маҳкум ҳам озодликка чиқарилди. Улар жамиятда ўз ўрни ҳамда мавқеини эгаллаши учун ҳукуматимиз томонидан моддий-маънавий кўмак берилади.

— Инсон билиб-билмай хатога йўл қўяр экан-у, уни тузатиш учун ҳар доим имкон бўлмаслиги кишини виждон азобида қийнаркан, — дейди Андижон шаҳрида яшовчи Ш. Тошбоев. — Содир этган жиноятим учун 2 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилингандим. Тан олиш керак, бу ерда яратилган шароит ва ўрнатилган тартиб маҳбусларни жазолаш эмас, балки қайта тарбиялашга йўналтирилган. Бироқ ҳар қанча яхши шароит яратилмасин, барибир озодликнинг қадрига ҳеч нарса тенг келмайди. Бу ерда ўтган ҳар бир куним афсус билан кечди. Қани эди, тезроқ озодликка чиқсаму хатоларимни яхши ишларим билан ювсам, дея ўйлардим. Юртбошимизнинг бу Фармони мен каби қилмишидан пушаймон бўлаётган минглаб инсонлар учун катта имконият бўлди. Бундан кейин озодликдаги ҳар бир сониянинг қадрига етиб, ундан оқилона фойдаланишга, эзгу амалларим билан ҳаммага ибрат бўладиган даражада турмуш кечиришга сўз бераман.

— Суд ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилгандим, — дейди Гурлан туманида яшовчи Х. Каримов. — Юртбошимиз афви асосида оилам бағрига қайтдим. Аслида, инсон учун яқинлари дийдорига тўйиб, озод ҳамда хотиржам яшашдан ортиқ бахт йўқ экан. Уйга келганимда нафақадаги кекса онамнинг суюнганини айтмайсизми. Унинг қувончини кўриб, жазодан озод қилинганим нафақат ўзим, балки ота-онам, яқинларим учун ҳам катта ғамхўрлик эканини ҳис этдим. Ҳаётда жиноят кўчасига кириб, қаттиқ адашдим, афсус, нотўғри йўлдалигимни кеч англаб етдим. Мен каби адашиб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларни афв қилиб, ҳаётимизни тўғри йўлда давом эттириш имконини берган давлатимиз -раҳбаридан миннатдормиз.

— Очиғини айтсам, янги йилни уйда, оилам бағрида кутиб оламан, деб сира ўйламагандим, — дейди Шовот туманидаги Шовотқалъа қишлоғида яшовчи Б. Қодиров. — Жиноятим учун суд ҳукми билан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилингандим. Жазони ўташ муассасасида йўл қўйган хатоларим ҳақида кўп ўйладим ва қаттиқ пушаймон бўлдим. Тинч ҳаёт, эркин меҳнат, оила муҳити қадрини англаб етдим.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шовот тумани кенгаши Б. Қодировни ишга жойлаштириш, ўз иқтидорини намоён этиши ҳамда ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айланиши учун яқиндан кўмаклашишни ўз зиммасига олди.

— Йиқилганни суяш, бағрикенглик ва инсонпарварлик халқимизга хос фазилат ҳисобланади, — дейди Нукус шаҳрилик М. Халмуратов. — Бугун ўзим ҳамда оилам учун энг қувончли кун. Бундан кейин хатоларимдан сабоқ чиқариб, бор куч-ғайратим ва билимимни Ватан тараққиёти йўлида сарфлайман. Зеро, мамлакатимизда ишлайман, деган киши учун барча ша-роит мавжуд. Шундай экан, келгусида юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга, менга билдирилган ишончни оқлашга астойдил интиламан.

Фармон ижроси доирасида маҳкумларни жазодан озод қилиш ишлари жойларда изчиллик билан давом эттирилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn