Муқаддас бурч, рағбат ва масъулият
  • 14 Декабрь 2017

Муқаддас бурч, рағбат ва масъулият

 

Фарғона шаҳрида ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ҳамда идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди.

Айтиш керакки, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда замон талаблари асосида ташкил қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида янги хизмат уйлари ҳамда автомашиналар берилаётгани, айниқса, эътиборга лойиқ. Зеро, бу уларнинг хизмат вазифасини тўлақонли бажаришида, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маросимда вилоят ички ишлар органлари таянч пунктларининг 150 нафар инспектори тантанали қасамёд қабул қилди. Уларга замонавий хизмат уйлари ва автоуловлар калитлари топширилди.

— Маҳалламизда 7416 нафар аҳоли яшайди, — дейди Бувайда туманидаги Шўрқишлоқ ҳамда Турк маҳаллаларига -хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, капитан Фарҳод Аҳмедов. — Уларнинг дарду ташвишлари билан яқиндан қизиқиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Бундан кейин ҳам ҳудудимизда осойишталикни таъминлашга юксак масъулият билан ёндашамиз.

Ана шундай тадбир Андижон шаҳрида ҳам ўтказилди. Унда 400 нафар профилактика инспектори тантанали қасамёд қилди.

— Ички ишлар идоралари ходимларига яратилаётган шароитлар бизни нафақат қувонтирмоқда, балки зиммамиздаги вазифани бундан-да фидойилик билан адо этишга ундаяпти, — дейди Андижон шаҳридаги М. Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Искандар ўаниев. — Бундай юксак ғамхўрлик ҳамда эътиборга жавобан маҳалламизда бирорта ҳам жиноят юз бермаслиги учун кечаю кундуз астойдил хизмат қилаяпмиз. Бу борада маҳалла фаоллари, посбон ва жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларимиз ижобий натижа бераяпти. Хизмат ҳудудимизда янги тураржой биносининг ажратилиши ҳамда имтиёзли кредит асосида топширилган автомашина барчани бирдек руҳлантирди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn