Маҳалла ислоҳотларда янада фаол иштирок этади
  • 12 Декабрь 2017

Маҳалла ислоҳотларда янада фаол иштирок этади

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигини улкан ютуқлар билан кутиб олдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур сана муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузаси кўлами жиҳатидан салмоқли бўлиб, истиқбол учун дастуриламал вазифасини ўтайди. Унда илгари сурилган ғоя ҳамда фикрлар кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилиб, келгуси режалар белгилаб олинмоқда.

Дилшода МИРЗАЖОНОВА,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари:

— Ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатнинг ўзига мос мезонлари бўлиб, улардан бири инсоннинг дахлсиз ва ажралмас ҳуқуқларининг таъминланиши ҳисобланади. Бундай эзгу ғоялар Асосий Қонунимизда ифодаланганидан, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият, деб эътироф этилганидан ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган кўплаб хайрли ишлар бугун ўзининг ҳаётбахш самараларини бермоқда. Буни аҳоли эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилаётир. Айни пайтда маҳалла институтини жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, “адолат тарозиси”га айлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун биргина жорий йилда 16 та қонун ҳужжати, шу жумладан, битта Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори қабул қилинди.

Эзгу ишлар нафақат муайян саналар, балки йил давомида уюштирилиб, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар ҳамда имконияти чекланган юртдошларимизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Масалан, имконияти чекланган юртдошларимизга қарийб 1,5 млрд. сўмлик ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ҳамда бошқа зарур буюмлар тарқатилди.

Юртбошимиз маърузасидан келиб чиқиб, бажаришимиз керак бўлган вазифалар кўп. Уларни муваффақиятли амалга ошириш барчамиздан фидойилик ва ташаббускорликни талаб этади. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг инсонни фақат жазолаш билан тарбиялаб бўлмаслиги, уни тарбиялаш учун бутун жамият ҳаракат қилиши лозимлиги, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш зарурлиги, -фаолиятимизни “Буюк келажагимиз бугундан бошланади” деган шиор асосида ташкил қилишимиз кераклиги ҳақидаги теран сўзлари биз, маҳалла фаоллари зиммасига юксак масъулият юклайди.

Алтибай РАДЖАБОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Хоразм вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

— Барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш, жамиятда қонунийликни қарор топтириш ва бошқа кўплаб масалалар маърузанинг асосини ташкил қилди. Айни чоғда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўйилди. Шулардан бири аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдир.

Бугун маҳаллаларда юз бераётган жиноятларнинг асосий қисми иш билан банд бўлмаган аҳоли томонидан содир этилмоқда. Афсуски, бунинг катта қисми ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

Давлатимиз раҳбарининг “Бугун ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди”, деган фикрлари биз, маҳалла фаоллари зиммасига катта масъулият юклайди. Биз ҳар қандай салбий ҳолатнинг туб сабабини, уни содир қилишга имкон яратган шарт-шароитларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрсак, эртага ўзимиз истиқомат қиладиган маҳалламизда ушбу салбий ҳолатнинг олдини олган бўлар эдик.

Бунинг учун фақат ва фақат ишлаш керак. Ҳозирги шиддатли замонда қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди. Айни пайтда ёшлар бандлигини таъминлаш кечиктириб бўлмас масала ҳисобланади. Қачонки, инсон бирор фойдали меҳнат билан машғул бўлар экан, ножўя ишга қўл урмайди.

Адҳамжон МАДРАҲИМОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Хўжаобод тумани кенгаши раисининг ўринбосари:

— Президентимиз ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларни маънан ҳамда жисмонан соғлом, баркамол этиб вояга етказиш саъй-ҳаракатларимизнинг асосини ташкил қилишини таъкидлади.

Юртимизда болаларнинг соғлом туғилишидан бошлаб, токи мустақил ҳаётга киргунича барча шароитни яратиб бериш бўйича улкан ишлар рўёбга чиқарилаётир. Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, айниқса, муҳим воқеа бўлди.

Бугунги кунда туманимизда 12 та мактабгача таълим муассасаси бор. “Шаҳрихонсой” ва “Тошота” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яна 2 та боғча ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Тарбиячиларнинг билим ҳамда малакасини ошириш чоралари ҳам кўрилаяпти. Зеро, Юртбошимиз айтганидек, боғча тарбиясини кўрган боланинг онги, дунёқараши юқори бўлишини бугун кимгадир исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Эътибор беринг-а, бу борада қабул қилинган дастурга мувофиқ, яқин 3-4 йил мобайнида юртимизнинг барча ҳудудида замонавий талаблар асосида жиҳозланган, малакали тарбиячи ва мутахассислар билан таъминланган, замонавий иш юритиш услублари асосида фаолият юритадиган минглаб янги боғчалар қурилади.

Президентимизнинг инсонни фақат жазолаш билан тарбиялаб бўлмаслиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳам биз, маҳалла фаоллари олдига долзарб вазифани қўяди. Чунки, инсонни тарбиялаш учун бутун жамият ҳаракат қилиши, авваламбор, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ҳамда омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз муҳим аҳамиятга эга.

Бунда ким катта ўрин эгаллайди? Албатта, маҳалла. Демак, барчамиз биргаликда ана шу ишга ҳисса қўшишимиз керак.

Раҳиба ҲАСАНОВА,

Жомбой туманидаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси:

— Конституциямизнинг 53-моддасида “Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, дея белгилаб қўйилган. Маросимда Юртбошимиз томонидан мазкур модданинг ҳаётий рўёби сифатида жорий йилда миллий валютамиз — сўмнинг эркин конвертациясига йўл очилгани алоҳида айтиб ўтилди. Шунингдек, республикани ривожлантиришнинг энг муҳим ҳамда асосий жиҳатлари ҳақида гапирар экан, тадбиркорликни янада кенгайтириш, уларга катта имкониятлар яратиш, преференциялар бериш ва қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Бугунги кунда жамиятимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни алоҳида. Туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, бугун 37 та маҳаллада фаолият юритаётган 70 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари экспорт қилувчи корхоналар сирасига киради.

Бугунги имкониятлар асосида тадбиркорликнинг оилавий бизнес, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларини ривожлантиришимиз зарур. Бугун лоқайдлик ҳамда бефарқлик кайфиятидан қутулиш вақти келди. Қолаверса, фуқаролар йиғинларидаги тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак-лашиш бўйича маслаҳат марказларининг фаолиятини янада кучайтиришимиз лозим.

Давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимдаги маърузасини диққат билан эшитиб, у кишининг “...халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур”, деган фикрлари нақадар долзарб аҳамиятга эга эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Чунки, одамларимиз ижобий ўзгаришларни кутмоқда.

Малоҳат ИСОҚОВА,

Чилонзор туманидаги “Дилобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Юртбошимиз маърузаси фаолиятимизни танқидий кўриб чиқишга ундади.

Маълумки, содир этилган ҳар қандай жиноятнинг сабаби бўлади. Агар ушбу сабабни келтириб чиқарувчи омилларни, шарт-шароитларни бартараф этсаккина, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олган бўлар эдик. Бунда эса шубҳасиз, маҳалланинг ҳам ўрни бўлиши керак.

Жазо муддатини ўтаб қайтган ёки жиноят қилишга мойил шахсларнинг ҳар бирига маҳалла фаоллари ҳамда уй бошиларидан бир кишини мураббий сифатида тайинлаш амалиёти жорий қилинмоқда. Унинг юриш-туриши, яшаш шароити, ҳаёт тарзини, руҳий ва жисмоний саломатлигини кузатиб бориш муҳим.

Жиноятчиликнинг олдини олишда долзарб жиҳатлардан яна бири, бу — бандлик масаласи. Шуни ҳал этмай туриб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликни янада жонлантириш, маҳаллаларда халқ билан мулоқотни кенгайтириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш тизимини йўлга қўйишимиз керак.

Тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, аксинча, белгиланган мақсадга хизмат қилиши шарт. Бунинг учун эса маҳаллада мониторинг олиб бориш ҳамда шу жараёнда одамлар турмуш шароити, нима иш билан машғуллиги, керак бўлса, рўзғорининг кам-кўстигача ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Саъдулла ШУКУРОВ,

Жиззах шаҳар “Ўратепалик” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси:

— Президентимиз айнан Асосий Қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ҳамда ривожланиш йўлимизни, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб бергани ҳамда бугунги тараққиётимизга ҳам кафолат бўлаётганини ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб берди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, одамлар бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ. Боиси улар бугун ўзларини ўйлантираётган муаммоларга ечим топмоқда. Айниқса, жойларда қурилаётган “Нуронийлар масканлари” биз, кексаларни беҳад қувонтираяпти.

Биргина ўзим фаолият юритаётган маҳалла мисолида фикр юритадиган бўлсак, йиғинимизда ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчиси йўқ инсонлар, ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ҳамда меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг шу кунига қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 та оиланинг уйи таъмирдан чиқарилди, 8 нафар ногиронлиги бўлган шахсга моддий ёрдам кўрсатилди, 15 нафар нуронийнинг саломатлигини тиклаши учун санаторийларга йўлланма олиб берилди.

Маърузада белгиланган устувор йўналишлар бўйича аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш режасини тузиб олдик. Биз, албатта, маҳалламизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатимиз билан Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn