Истиқлолимиз меъморига юксак эҳтиром
Истиқлолимиз меъморига юксак эҳтиром Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар
  • 07 Декабрь 2017

Истиқлолимиз меъморига юксак эҳтиром

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Асака шаҳридаги автомобиль заводига Биринчи Президентимиз номи берилган эди. Кеча “GM-Uzbekistan” АЖда Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган мемориал мажмуа очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, автомобилсозлар ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар қатнашди.

Маросимда сўзга чиққанлар мустақиллигимиз асосчисининг бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлидаги буюк хизматларини эътироф этишди. Жумладан, “GM-Uzbekistan” АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабовнинг таъкидлашича, мазкур завод миллий иқтисодиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшди. Хусусан, дастлабки йилда бу ерда уч турдаги автомобиллар тайёрланган бўлса, ҳозирги пайтга келиб улар сони 11 тага етди. Айни пайтда корхона тўлиқ қувват билан ишлаб, йилига 200 минг дона машинани буюртмачиларга етказиб бермоқда. Унинг конвейерларидан шу кунгача 2,7 миллион донадан зиёд автомобиллар чиқди. Бугунги кунда ўзбек машиналари дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Қолаверса, бу ерда янги-янги моделларни яратиш устида изчил изланишлар олиб борилаяпти.

— Биринчи Президентимиз билан бир неча маротаба мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлганман, — деб хотирлайди Ўзбекистон Қаҳрамони, ишлаб чиқариш технологиялари бўлими бош технологи Ҳасанбой Қосимов. — Фаолиятимни 1985 йилда тележка заводида бошлаганман. Унинг базасида қўшма корхона барпо этилиши кўплаб маҳаллий ишчи-мутахассислар ҳаётида туб бурилиш ясади. Биринчи Президентимиз бу ерга тез-тез ташриф буюриб, корхонамиз қурилишининг бориши билан танишар эди. 1996 йил 19 июль санаси эса мустақил давлатимиз тарихи солномаларига олтин ҳарфлар билан битилди. Шу куни заводимиз тантали очилди.

Муродил Жумабоев йигирма йилдан ошдики, бу ерда меҳнат қилади. У айни пайтда пайвандлаш цехи бошлиғи.

— Ислом Каримовнинг ғояси асосида Асакада қад ростлаган миллий автомобилсозлик заводи бугун ҳар бир юртдошимизнинг фахру ифтихорига айланган, — дейди М. Жумабоев. — 64 гектардан иборат мазкур улкан саноат объектининг бунёд этилишини яхши эслайман. Асакада дунёнинг турли мамлакатларидан келган хорижлик ҳамкорлар билан елкама-елка иш олиб борилди. Биринчи Президентимизнинг мамлакатимиз порлоқ келажагига бўлган қатъий ишончи бизга ҳам юксак ғайрат-шижоат бағишлади. Айни шу омиллар завод қурилишининг белгиланган муддатлардан ҳам аввал якунланишига хизмат қилди.

Тадбир иштирокчилари истиқлолимиз меъморининг таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборов томонидан яратилган монументи пойига гулчамбарлар қўйишди. Шунингдек, улар мустақил давлатимизнинг асосчиси ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб экспонатлар билан бойитилган Ислом Каримов музейи билан танишдилар.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn