Маҳалла тинчлиги — юрт осойишталиги гарови
  • 07 Декабрь 2017

Маҳалла тинчлиги — юрт осойишталиги гарови

 

Эртамиз эгалари бўлган ёшларни турли таҳдидлар, “оммавий маданият”, диний экстремизм каби хатарларнинг ўнглаб бўлмас таъсирларидан ҳимоя қилиш ва уларни ҳар жиҳатдан етук инсонлар этиб камолга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади. Бу борада, шубҳасиз, ноёб институт — маҳалланинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс. Шу боис мамлакатимизда мазкур институтни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзини бошқариш органларининг барчасида “Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари” мавзуида ўқув--семинарлар ўтказилди.

Навоий вилояти Кармана туманидаги Нарпай қишлоғида ташкил этилган семинарда ҳудуддаги “Камолот” ва “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, таълим муассасалари, шифохона ҳамда бошқа ижтимоий соҳа тузилмалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, улғайиб келаётган навқирон авлод қалбида фуқаролик позицияси ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш билан боғлиқ вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жорий йилда ёшлар ўртасида бирорта ҳам жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар қайд этилмаган Пахтаобод маҳалласининг тажрибаси қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Ҳудудимиздаги 3943 нафар аҳолининг 2087 нафарини ёшлар ташкил қилади, — дейди “Камолот” ва “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинларига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори Акмал Эргашев. — Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда ижтимоий бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бераяпти. Бу борада, айниқса, маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмаларининг изчил саъй-ҳаракатлари, нотинч оилалар билан мунтазам олиб борилаётган суҳбатлар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан мунтазам уюштирилаётган машғулотлар муҳим омил бўлаяпти.

Семинарда ёшлар билан ишлашда маҳалла фаоллари олдида турган долзарб вазифалар, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганишнинг ўзига хос жиҳатлари, маданий-маърифий ва спорт йўналишларида тадбирлар ўтказиш бўйича берилган тавсиялар иштирокчилар учун фойдали бўлди.

“Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган эзгу шиор остида уюштирилган бундай тадбирлар Андижон вилоятидаги мавжуд 876 та маҳаллада ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Уларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси баробарида, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бундай тадбирларга иқтидорли болалар, давомати паст ўқувчилар ҳамда уюшмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари жалб этилди.

— Жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудимизда ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик ҳолатлари рўй бермади, — дейди Избоскан туманидаги “Туячи” МФЙ раиси Ёқубжон Гапиров. — Бу профилактика инспектори, кўчабошилар, нуронийлар, фаол ёшлар билан ҳамкорликда иш олиб борилгани самарасидир. Айни чоғда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир қилинмасидан аввал унинг олдини олиш чораларини кўриш борасида пухта режа тузиб, шу асосда келгуси ишларимизни амалга оширамиз. Посбонлар иштирокидаги жамоатчилик масканлари тунда ҳудуддаги осойишталикни таъминлашда фаоллик кўрсатаяпти. Маълумки, барча иллат бекорчилик ва етишмовчиликдан келиб чиқади. Шу боис маҳалладошларимизни доимий иш билан таъминлашни асосий вазифа қилиб олганмиз. Бу борада “Лочин” МЧЖ ҳамда фермер хўжаликларининг кўмаги катта бўлаётир.

Ўқув-семинарларда жорий йилнинг шу даврга қадар вилоятдаги 143 та маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликлар қайд этилмагани ҳолда, 157 та маҳаллада жиноятлар сони бирмунча ортганлиги таъкидланиб, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чоралари белгиланди.

Қашқадарё вилояти маҳаллаларида ўтказилган ўқув-семинарларда асосий эътибор, Президентимиз томонидан таъкидланганидек, ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ортида инсон тақдири ётишидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларни маҳаллаларда муҳокама қилиш лозимлигига қаратилди.

— Нохуш ҳолатларнинг барвақт олдини олиш комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти маҳаллалар кенгаши ижро аппаратининг ёшлар масалалари бўйича бош мутахассиси Алишер Аҳмедов. — Шундан келиб чиқиб, машғулотларда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг фаолиятини кучайтириш, тизим фаолларининг жойлардаги давлат органлари, аввало, профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга урғу берилди. Зеро, Юртбошимизнинг жорий йил 14 мартдаги қарорида ҳам ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга оширишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Вилоятдаги мавжуд 730 фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирларда маҳаллада жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бу борада комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот йўналишларига оид комиссиялар ишида фаол қатнашиш, жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигини таъминлашда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш масалалари батафсил таҳлил қилинди.

Жиззах вилояти маҳаллаларида бўлиб ўтган ўқув-семинарларда ҳам шу масалалар баробарида, жойларда содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди. Аҳоли ҳушёрлигини кучайтириш, бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишда ички ишлар идоралари ходимлари, педагоглар, ота-оналар, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.

— Ҳудудимиздаги хонадонларга бориб, профилактик ҳисобда турган ва нотинч оилалар вакиллари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказаяпмиз, — дейди Шароф Рашидов туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, лейтенант Зоир Эшназаров. — Айниқса, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган фуқароларнинг қилмишларини маҳалла аҳли ўртасида муҳокама қилиш йўлга қўйилгани таъсирчан воситага айланмоқда. Семинарда бу борадаги билим ва кўникмаларимизни янада мустаҳкамлаб олдик. Бу, албатта, бундан кейинги фаолиятимизда қўл келади.

Куни кеча пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви томонидан ўтказилган “Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш — давр талаби” мавзуидаги матбуот анжуманида мазкур ўқув семинарлари якунлари ҳамда ушбу йўналишда маҳаллаларда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ҳамда мулоқот ўрнатилгани натижасида 1243 та маҳаллада бирорта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, аҳоли муаммоларини ўрганиш туфайли 22 минг 370 нафар оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 11 минг 345 нафар ёш оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди, маҳалла посбонларининг тезкор хабарлари ёрдамида 4 минг 494 та жиноят фош қилинди. Аммо шунга қарамай, юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар йиғинларининг бор-йўғи 1243 тасида жиноят содир этилмагани паст кўрсаткич. Шундай экан, ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш ва одамлар онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган тушунчани шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларини маҳаллаларда тизимли равишда ташкил қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда истиқболдаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn