Хорижликлар ўзбек тилини ўрганди
  • 07 Декабрь 2017

Хорижликлар ўзбек тилини ўрганди

 

Ҳар йили ноябрь ойида Франциянинг Тур шаҳрида Халқаро маданий алоқалар ассоциацияси ташаббуси билан “Халқаро тиллар фестивали” ўтказилади.

Мазкур анжуманнинг мақсади дунё халқлари тиллари ва маданиятини тарғиб этиш, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Фестивалда қатнашиш учун жуда кўплаб мамлакатлардан делегациялар ташриф буюради. Бу галги маданий форумда 50 дан ортиқ давлатларнинг миллий анъаналари намойиш қилинди. Жумладан, Франция, Германия, Япония, Мўғулистон, Португалия, Вьетнам, Мексика, Польша, Бразилия каби мамлакатларнинг маданий марказлари ва дўстлик жамиятлари қаторида “Ўзбекистон — Франция” дўстлик жамияти ҳам фестивалда иштирок этди.

Эътиборлиси, миллий маҳсулотларимиздан иборат кўргазма 22 та стендда тақдим қилинди. Ҳар бир жиҳоз, тарқатма материаллар, миллий либослар ҳамда ширинликлар хорижликларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбир дастурига мувофиқ, ҳар бир қатнашчи ўз давлат тилини чет элликларга тушунтириши ва ўргатиш бўйича машғулот ўтиши белгиланган эди. Ўзбек тилига бағишланган дарсларни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, филология фанлари доктори Дилфуза Тешабоева олиб борди. Бир кунда икки марта ўтказилган машғулотларда хорижликлар ўзбек тилини осон ҳамда содда педагогик методлар орқали тез ўрганиб олишди. Айниқса, ўзбек тилидаги шеър ва қўшиқлардан фойдаланилгани дарснинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади.

Фестиваль доирасидаги бадиий дастурда миллий куй-қўшиқларимиздан “Муножот” таронаси ҳамда хоразмча рақс намойиш этилди. Халқимизнинг урф-одатларини кўрсатиб берувчи “Келинсалом” ва “Ёр-ёр” маросимларидан лавҳалар кўрсатилди.

Бундан ташқари, тадбирга Францияда таҳсил оладиган ўзбек ёшлари ҳам ташриф буюришди. Тур шаҳри мэри келганларни қутлаб, ўзига хос иштироки учун Ўзбекистон вакилларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида “Ўзбекистон — Франция дўстлик алоқаларининг халқ дипломатияси ривожланишидаги ўрни” мавзуида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Унда элчихона вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда Франциянинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар қатнашди.

Мазкур учрашувда икки давлатнинг маданий ҳамда дўстлик алоқаларини янада кенгайтириш борасида таклифлар билдирилди. Халқаро экспертлар Франция ва Ўзбекистоннинг кўп йиллик дўстлик алоқалари тўғрисида, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино кашфиётлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда бу борада Францияда олиб бориладиган тадқиқотлар ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтдилар.

Ўтказилган тадбир халқаро экспертларга жуда манзур бўлди. Суҳбатдан сўнг меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлдилар.

Раҳима ШИРИНОВА,

«Ўзбекистон — Франция» дўстлик жамияти 

ижрочи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn