Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати
  • 06 Декабрь 2017

Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати

Ўзбекистон Адвокатлар палатасида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган давра суҳбати ана шундай номланди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбирда адлия идоралари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, журналистлар қатнашди.

Асосий Қонунимизнинг XIII бобида давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, ўз навбатида, жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Таъкидланганидек, юртимизда мазкур конституциявий қоида ва тамойилларни рўёбга чиқариш, кенг кўламли ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллиги ҳамда таъсирчан ўрни изчиллик билан ошириб борилмоқда.

Давра суҳбатида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида жамоат ташкилотлари олдида турган вазифалар қизғин муҳокама қилинди. Тадбир якунида фаол ННТ вакилларига байрам совғалари топширилди.

Ф. МАҲКАМОВА,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn