Ҳарбий хизматчилар ёшлар билан учрашди
  • 06 Декабрь 2017

Ҳарбий хизматчилар ёшлар билан учрашди

 

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Ватан ҳимоясида менинг ҳиссам” шиори остида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар ўртасида учрашув ўтказилди.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда ҳарбий хизматчилар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлими вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар юрт тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг садоқати доимо эътироф этилиши, эл ардоғида бўлишини таъкидлашди.

Учрашув давомида сафдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ҳамда ташаббускор ҳарбий хизматчилар Навоий вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари — бадиий китоблар билан тақдирланди.

Шу куни Ёшлар маркази фойесида ташкил қилинган кўргазмада жанговар маш-ғулотларда зарур бўлган асбоб-ускуналар, қуроллар ва ҳимоя воситалари намойиш этилди.

Анжуманда китоб ярмаркаси ҳам ўтказилди.

— Китоб ўқишни яхши кўраман. У гўёки сеҳрли дунёга ўхшайди, — дейди Навоий қурилиш коллежи ўқувчиси Омадбек Аҳмедов. — Қанча кўп ўқиганингиз сари янги-янги оламни кашф қилгандек бўласиз. Ярмаркада ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг нодир дурдоналари тақдим этилгани биз учун айни муддао бўлди. Улардан бир нечтасини сотиб олдим.

Куннинг иккинчи ярмида Марказий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлашга масъул офицерлар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари раислари иштирокида ўқув--услубий йиғин ўтказилди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn