Кексалар  доимо ардоқда
  • 06 Декабрь 2017

Кексалар  доимо ардоқда

 

Халқимиз азалдан ёши улуғ инсонларга алоҳида иззат-ҳурмат кўрсатиб келади. Истиқлол йилларида бу қадрият давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугун нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мазмунли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шарт-шароит яратиб беришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, Конституциямиз ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилаётир. Зеро, унинг 39-моддасида: “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган. Ушбу ғамхўрликдан отахону онахонларимиз мамнун ҳолда, тинч ҳамда фаровон ҳаёт учун шукроналар айтиб, умргузаронлик қилмоқдалар.

Толиб САИДОВ,

меҳнат фахрийси, Навоий шаҳри:

— Ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиш ва қариганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганининг ўзиёқ унинг нечоғли миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга уйғунлигини кўрсатади.

Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, қирқ беш йил “Навоийазот” АЖда ишлаб, яқинда пенсияга чиқдим. Мустақиллик йилларида корхонамизда кўплаб янги турдаги маҳсулотларни тайёрлашни йўлга қўйдик. Уларнинг барчаси ички имкониятларни ишга солиш орқали амалга оширилди. Мазкур жараёнда ҳамиша давлатимизнинг кўмагини ҳис этиб турдик. Меҳнатларим эвазига рағбат кўрдим, қадр топдим. Бугун эса халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг депутати сифатида фаолият юритаяпман.

Кексалик гаштини сурарканман, бизга кўрсатаётган ғамхўрликлардан қувонаман. Албатта, бунга ўз ҳаётий тажрибамиз, ўгитларимиз орқали ёшларни асрий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш билан жавоб берамиз.

Латифжон АҲМЕДОВ,

меҳнат фахрийси, Наманган шаҳри:

— Инсон фақат моддий тўкисликнинг ўзи билан бахтиёр яшай олмайди. Ҳаётимизни безайдиган бошқа қадрият ва неъматлар ҳам бисёр. Шу маънода, Асосий Қонунимизни, таъбир жоиз бўлса, бизга берилган маънавий неъматлар қомуси, деб атаган бўлардим. Боиси, унда турмушимиз мазмунли кечиши учун зарур бўлган ҳуқуқларимиз қамраб олинган. Масалан, саломатлигим доимо жойида бўлиши учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканимдан ҳамиша хотиржамман. Пенсияга чиққанимга ўн йилдан ошганига қарамай, доимо тетиклигим шундан. Тез-тез бепул тиббий кўрикдан ўтиб тураман. Ҳар йили сиҳатгоҳларга йўлланма беришади.

Фақат шунинг ўзи эмас, оила аъзоларимнинг ҳам саломатлиги давлат муҳофазасида эканлигидан кўнглимиз тўқ. Умуман, Конституциямизнинг халқчиллигини кўрсатадиган бундай жиҳатлар кўп. Энди биз, нуронийлар шукрона айтиш баробарида, ёшларимизни ҳар жиҳатдан етук инсонлар этиб тарбиялаш ишларига бош-қош бўлсак, айни муддаодир.

«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn