Қиш-баҳор мавсуми: танқисликка ва нархнинг ошиб кетишига йўл қўйилмайди
Қиш-баҳор мавсуми: танқисликка ва нархнинг ошиб кетишига йўл қўйилмайди Sputnik Ўзбекистон
  • 06 Декабрь 2017

Қиш-баҳор мавсуми: танқисликка ва нархнинг ошиб кетишига йўл қўйилмайди

 

Юртимизнинг қулай иқлим шароити, яъни тўрт фаслнинг ўз ўрнида алмашиши, бир йилда ўртача 320 кун қуёшли бўлиши аграр соҳанинг барча тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларидан баракали ва сифатли ҳосил олиш имконини беради. Аммо она-табиатнинг ана шундай бебаҳо инъомидан амалда қандай фойдаланилаяпти? Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтириш борасидаги натижалар қандай?

Шу йилнинг 20 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу масала муҳокама этилиб, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг харидоргир турларини етиштириш ҳажми ортгани, биргина такрорий экинлар ҳосилидан сентябрь-октябрь ойларида қарийб 65 минг тонна маҳсулот экспорт қилингани алоҳида таъкидланди. Бироқ ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини захирага ғамлаш ишларида камчиликлар борлиги айтиб ўтилди. Уларни бартараф этиш, халқимизнинг арзон маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун ноябрь ойи охирига қадар қўшимча равишда яна 330 минг тонна маҳсулот ғамлаш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, бу масалада “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раҳбарияти зиммасига катта масъулият юклатилди.

Хўш, ушбу муддат ичида уюшма томонидан нима ишлар қилинди? Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг белгиланган миқдордаги захираси яратилдими?

— Аввало, шуни айтиш жоизки, жорий йил октябрь ойида уюшмада амалга оширилган туб ўзгаришлар, унинг таркибига кирувчи ташкилотларга тақдим этилган имтиёз ва преференциялар олдимизга қўйилган вазифаларни тўлиқ уддалашга кенг имконият яратди, — дейди “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси ўринбосари Неъматжон Аҳмаджонов. — Бу йилги мавсумда муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигига, улар нархининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 октябрдаги тегишли қарорига асосан, 2017/2018 йил қиш-баҳор мавсумида республика аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида давлат буюртмаси доирасида 475 минг 546 тонна маҳсулот, шу жумладан, 199,7 минг тонна картошка, 132,7 минг тонна пиёз, 84 минг тонна сабзи ва 59 минг тонна гуруч жамғариш белгиланган. 1 декабрь ҳолатига кўра, уюшма тизимидаги корхоналар томонидан 161,2 минг тонна, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 314,3 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларида эса 20,5 минг тонна маҳсулот деярли ғамлаб бўлинди. Бунда 7 минг 746 та тайёрловчи корхона фермер хўжаликларига -бириктирилгани айни муддао бўлди.

“Хизмат — беминнат”

Маълумки, ўтган мавсумда айрим турдаги маҳсулотлар, хусусан, картошка ва пиёз нархининг ошиши кузатилган эди. Бу гал шундай ҳолат рўй бермаслиги учун қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаётир?

Уюшма мутахассисларининг айтишича, мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш учун тайёргарлик ишларига барвақт киришилган эди. Яъни қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириш, муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Тизим корхоналари томонидан 1 минг 717 та шартнома тузилиб, 44 миллиард сўм миқдоридаги бўнак маблағлари баҳор-ёз ойларида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди. Натижада жорий йилнинг декабрь ойига қадар 65,2 минг тонна картошка, 42 минг тонна пиёз, 29 минг тонна сабзи, 25 минг тонна гуруч жамғаришга муваффақ бўлинди.

— Бу йил аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бевосита етиштирувчилардан харид қилиб, йил давомида уларнинг мақбул нархларда савдосини йўлга қўйиш мақсадида “Хизмат — беминнат” чакана савдо павильонлари ташкил этилаяпти, — дейди уюшма раиси ўринбосари Нодир Раҳбаров. — Енгил конструкциялардан фойдаланган ҳолда бунёд қилинадиган 142 та бундай павильон республикадаги деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум жойларда иш бошлайди. Хусусан, Тошкент шаҳрида Янги йил байрамигача 12 та “Хизмат — беминнат” чакана савдо шохобчаси фаолияти йўлга қўйилади. Улар орқали истеъмолчиларга “дала-дўкон” тизими бўйича маҳсулот етказиб бериш мўлжалланган. Шунингдек, шахсий томорқа ер эгалари ҳамда деҳқон хўжаликларига маҳсулотларини сотишда қулайлик яратиш мақсадида 49 та маҳсулот харид қилиш пункти ташкил этиш кўзда тутилган.

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш билан чегараланиб қолмасдан, балки боғ ва дала неъматлари етиштириш ҳам йўлга қўйилаётгани эътиборга моликдир. Мисол учун, шу йил Навоий, Наманган, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида кунига жами 75 тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга замонавий цехлар, саккизта замонавий чакана савдо корхонаси ишга туширилди, қолаверса, қарийб 1000 гектар майдонда сабзавотлар етиштирилди, интенсив боғлар яратилди.

Сифати ўзгармайди

Деҳқону соҳибкорларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ноз-неъматларни сифатли сақлаш, истеъмолчиларга сархил ҳолда етказиб бериш катта масъулиятдир. Уни тўла-тўкис адо этиш мавжуд инфратузилма объектларини такомиллаштириш, янгиларини бунёд қилишни тақозо этади.

— Масаланинг шу каби нозик жиҳатлари эътиборга олиниб, мавсум аввалида республикамиздаги 330 минг тонналик қуруқ омборлар, 578 минг тонналик совиткичли сиғимлар хатловдан ўтказилди, — дейди уюшма бошқарма бошлиғи Шарофиддин Асомов. — Пировардида объектлар ҳолатидан келиб чиқиб, таъмирлаш ишлари бажарилди, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар маҳсулот сақлаш учун тайёр ҳолга келтирилди. Бундан ташқари, тизим корхоналарининг 6 миллиард сўм миқдоридаги ўз маблағлари ҳамда банкнинг 2 миллиард сўмлик кредитлари эвазига Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида жами 5 минг 900 тонналик совиткичли сиғимлар фойдаланишга топширилди. Бу эса мева-сабзавотларни то баҳоргача сифатига путур етказмасдан сақлаб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилиш имконини беради.

Айтиш жоизки, бу борадаги ишлар 2018 йилда ҳам изчил давом эттирилиб, Пахтаобод, Янгиқўрғон, Фарғона, Тошкент, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳар бири 10 минг тонналик замонавий совиткичли сиғимлар қурилиши кўзда тутилган.

Талабга мос таклиф

Одатда байрамлар яқинлашгани сайин, айниқса, Янги йил байрами арафасида баъзи маҳсулотларга эҳтиёж ортиши натижасида бозорларда нархнинг талабга қараб ўсиши кузатилади. Табиийки, бу одамларга ноқулайлик туғдирмай қолмайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, ички бозорни тўлдириш, аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида ҳозирданоқ амалий саъй-ҳаракатлар бошлангани қувонарлидир.

Гап шундаки, Республика ҳукуматининг топшириғига биноан, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан қўшимча равишда 30 минг тонна шакар, 27 минг тонна картошка, 10 минг тонна кунгабоқар ёғи, 1,6 минг тонна парранда гўшти келтириш юзасидан шартномалар имзоланган. Шу кунларда ушбу маҳсулотларни юртимизга олиб келиб, захирага қўйиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Буларнинг барчаси халқимиз дастурхони сархил мевалар, сифатли ва арзон маҳсулотлар билан файзу баракали бўлиши, қиш-баҳор мавсумининг кўнгилдагидек ўтишига хизмат қилади.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn