Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди
  • 24 Ноябрь 2017

Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди

Ижтимоий тармоқларни кузатаркансиз, эр-хотин, қайнона-келин, яқин қариндошлар ва қўни-қўшни ўртасидаги турли келишмовчиликлар туфайли ўзаро низолар авж олиши, ҳаттоки бундай кўнгилсизлик баъзан узоқ вақт давом этиб, фожиа билан якун топаётгани ҳақидаги хабарларга ҳам кўзингиз тушади. Одатда, ҳар доим низолашаётган томонлар ўзларини ҳақ деб билади. Бунинг учун етарли важларни келтириб, ўз даъволарини илгари сурадилар. Ана шундай пайтда адолатли ёндашув, холис муносабат ҳамда тўғри қарор масалага ечим топишнинг бирдан-бир йўли эканлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Адолат бузилиб, топталса-чи? Унда зиддиятлар авж олаверади...

Шеробод туманидаги Пошхўрт қишлоғида яшовчи эр-хотин Тўхта Абдураҳмонов ва Ойимсоч Ашурова учун қариндош, қўни-қўшниларга оқибат, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, саховатпешалик ҳамда атрофдагиларга эзгулик улашиш оддий ҳаётий мезонга айланган. Бир куни ана шундай ижобий фазилатлари жўш урган оила бошлиғи турмуш ўртоғини навбатдаги хайрли ишга кўндирди. Акасининг ўғли тураржойсиз қолганидан қайғурган Тўхта ака оила аъзолари билан тўнғич ўғлининг уйига кўчиб ўтади, ўзиникини эса вақтинча фойдаланиш учун жияни Шерали Абдураҳмоновга бўшатиб беради. Аммо яхшилик ёмонлик томон юз бурди. Шерали ака андишасизлигими ёки шайтон қутқуси сабабми, нима бўлганда ҳам, одамгарчиликни бир четга суриб, ночор қолганида ёрдам қўлини чўзган, меҳр-оқибат кўрсатган амакисига тегишли уйни ўзиники қилиб олишга интилди, хиёнат кўчасига қадам қўйди.

— Тўнғич акам Турсунбойни отамдек улуғ билардим, жиянларимни эса фарзандларимдан кам кўрмасдим, — дейди Тўхта Абдураҳмонов. — Яхшиликнинг мукофоти яхшилик, дейишарди. Афсуски, ҳар доим ҳам шундай бўлавермас экан. Бизга тегишли бўлган уйни ўзиники қилиб олмоқчи бўлган жиянимнинг оқибатсизлиги қалбимни қаттиқ жароҳатлади. Натижада 2009 йили инсультга чалиниб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Тамагирлиги туфайли жияним номига сохта кадастр ҳужжатларини тайёрлаб берган, бизни йиллар давомида овораю сарсон этган кимсаларнинг қилмиши, айниқса, фуқаролик судининг адолатсизлигидан тинка-мадорим қуриди.

Гап шундаки, Тўхта Абдураҳмонов Пошхўрт қишлоғида жойлашган 8 сотих ер майдонига эга 5 хонали уйда оила аъзолари билан 1979 йилдан буён яшаган. Амакисига тегишли уйни вақтинча фойдаланиш учун олган Шерали Абдураҳмонов эса сохта ҳужжатларни рўкач қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат этади. Суд 2013 йил 22 январда бу даъвони қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини чиқарган. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди кассация инстанциясининг 2013 йил 20 августдаги ажримига биноан, Термиз туманлараро судининг ушбу қарори бутунлай бекор қилинган. Шундан сўнг мазкур масала суд маҳкамаларида копток тўпидек “тепилди”. Якуний хулоса-чи, дейсизми? Тўққиз йил давомида кўп бора қайта кўрилган иш яқингача адолатли ечимини топмасдан келди.

— Президентимиз ташаббусига кўра, халқ билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилиши натижасида биз каби фуқароларнинг доди эшитиладиган, муаммолари ижобий ечим топадиган бўлди, — дейди Ойимсоч Ашурова. — Адолат эгилса-да, синмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Кўп йиллик дарду ташвишимизни баён этиб, вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Қисқа фурсатда вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда адлия бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи масалани маҳалла жамоатчилиги билан ўз жойида атрофлича ўрганиб чиқди. Қувонарлиси, жамоатчилик асосидаги муҳокамалар масалага ойдинлик киритди: бизга ўз уйимизнинг эшиклари очиб берилди.

Суҳбатдошимиз сўзларини тинглаб турган “Учёғоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тошбўри Хўжамов ҳам ўз фикрини билдиради:

— Халқимизда “Бир соатлик адолат қирқ кунлик ибодатдан афзал”, деган ҳикмат бор. Муҳими, ишчи гуруҳининг саъй-ҳаракати билан низо бартараф этилиши баробарида, қариндошлик алоқалари ҳам қайта тикланди. Масалага қандай ечим топилди, дерсиз? Низоли уй ҳақиқатан ҳам Тўхта Абдураҳмоновга тегишли эканлиги ҳақида ҳужжатлар, гувоҳлар кўрсатмаси ҳамда Шерали Абдураҳмоновнинг бунга иқрорлиги масалани ойдинлаштирди. Пировардида Шеробод тумани ҳокими қарорига асосан, фуқаро Шерали Абдураҳмонов ва унинг ўғлига маҳалламиз ҳудудидан ҳар бирига 6 сотихдан ер ажратилиб, ҳомийлар кўмагида янги уй қуришга келишиб олинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: низоли уй бўйича жабрланувчи томонидан судга тақдим қилинган маълумотлар ҳамда даъвогар қўлидаги сохта кадастр ҳужжатларидаги чалкашликларни обдан ўрганиб, якуний хулоса чиқариш учун олий маълумотли юрист ёки бўлмаса, жуда малакали судья эмас, оддий мактаб ўқувчисининг ҳам зеҳни етарли эди. Шундай бўлса-да, “Ушбу масалада адолатли ва якуний қарор чиқариш, одил судловни қарор топтириш ўрнига шунча йиллик оворагарчиликдан ким манфаатдор эди?” деган ҳақли савол туғилади. Бундай лоқайдлик, бепарволик ҳамда масъулиятсизлик ортидан қанчадан-қанча фуқаролар азият чекаётгани сир эмас-ку!..

Бугун юртимизда аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат идоралари, маҳаллалар ва жамоатчилик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлиги ижобий самаралар бераётир. Чунончи, 9 йил давомида судларда 49 маротаба кўрилган бўлишига қарамай, адолатли ечим топмаган низоли масала жамоатчилик иштирокида ҳал этилгани бунинг ёрқин мисолидир.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn