Жиноятнинг илдизи қаерда?
  • 23 Ноябрь 2017

Жиноятнинг илдизи қаерда?

Оила — жамиятнинг кичик бўғини. У ўзаро меҳр-муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, одоб-ахлоқ асосида мустаҳкамланади. Оилалардаги барқарор муҳит эса улғаяётган фарзандлар тарбияси ҳамда келажагига ҳам бевосита дахлдор.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Фарғона туманининг Ёрдон қишлоғидаги аёлнинг муд-ҳиш жиноятга қўл ургани мисолида жамият ва оилада учраётган салбий ҳолатларга эътибор қаратиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда омилларини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш асосида кейинчалик бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ топшириқлар берди. Шунинг баробарида, муқаддас аёл, она томонидан содир этилган қотиллик қайсидир даражада жамоат ташкилотлари, мутасадди идоралар вакиллари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, умуман, кенг жамоатчиликнинг лоқайдлиги ва бепарволиги оқибати эканлиги таъкидланди.

Олиб борилган муайян саъй-ҳаракатлар туфайли вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 138 маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган, 453 маҳаллада жиноятчилик ҳолатлари камайган. Бироқ айрим туман ҳамда шаҳарларда секторлар томонидан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва муаммоларни ҳал этиш борасида хатоликларга йўл қўйилаётгани ҳам бор гап. Ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан профилактик ҳисобга олинган нотинч оилалар сони Марғилон шаҳрида 45 тага, Олтиариқ туманида 47 тага, Бувайда туманида 54 тага ошгани ана шундай лоқайдлик ҳосиласи, десак, хато бўлмайди.

— Бугун секторлар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳар бир оилага кириб бориб, уларнинг кўмакчисига айланиши лозим, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича мутахассиси Дилором ўофурова. — Фаолиятимиз даврида хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ички ишлар идоралари, кенг жамоатчилик ҳамкорлиги асосида 4876 та оиладаги нотинчликка барҳам берилди, 6602 оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди. Ёрдондаги воқеадан барчамиз янада ҳушёр тортдик. Бундай ачинарли ҳолат такрорланмаслиги учун вилоятимиздаги мавжуд 1028 маҳалла фуқаролар йиғинида тузилган, 9200 нафар намунали аёл жалб қилинган Қайноналар кенгашлари фаолиятини ривожлантириш жуда зарур. Негаки, оила муносабатларида қайнона муҳим ўрин тутади.

Келин қайнонасининг қотилига айланди. Бу мудҳиш жиноят бир кунда ёки битта жанжал туфайли келиб чиқмаганлигини фаҳмлаш мушкул эмас. Шундай экан, маҳалла фаоллари, ҳудуд кайвонилари нега ушбу ҳолатга жиддий эътибор қаратишмаган? Нима учун профилактика тадбирлари кўнгилдагидек амалга оширилмаган? Ваҳолонки, шундай йўл тутилса, мазкур воқеа рўй бермас, жиноятнинг олди олинган бўларди.

— Рўй берган бу воқеа, афсуски, фаолиятимизда жиддий камчиликлар борлигини очиқ кўрсатди, — дейди “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Лутфия Ҳилолова. — Бу оилани маҳалламиздаги тинч ҳамда намунали оилалардан, деб билардик. Жажжи қизлари Аниса ва Азимахоннинг онаси бўлган ушбу аёлнинг оғир жиноятга қўл ургани барчамизнинг кўзимизни очди. Беш йилдан буён хонадондаги келишмовчиликларни ўз вақтида пайқашимиз ҳамда зарур чораларни кўришимиз керак эди. Аммо бунга оддий қайнона-келин муносабатлари сифатида сиртдан баҳо берилди. Шу маънода, ушбу хунук воқеа барчамизнинг лоқайдлигимиз ва бепарволигимиз оқибатидир. Унинг рўй беришида биз, жамоат ташкилотлари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, умуман, ҳамма-ҳаммамизнинг айбимиз бор.

Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган муқаддас аёл нега жиноятга қўл урди? Узоқ муддатли можарою ҳар кунги дилхираликларнинг сабаби нимада? Вазият шунчалик танг ҳолатга етиб келгунича ён-атрофдагилар аралашса бўлмасмиди? Бунга маҳалла-кўй, агар уларнинг кучи етмаса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёхуд маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатлари бор эди-ку! Шунинг учун ҳушёрлик ва огоҳлик доимо зарур!

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn