Халқ қабулхонаси: ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
  • 22 Ноябрь 2017

Халқ қабулхонаси: ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

 

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги 3-даҳада истиқомат қилувчи Ш. ўаниева фарзандини эмлатиш юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмасига бир неча бор мурожаат этгани, лекин мурожаати эътиборсиз қолиб келаётгани хусусида ҳудуддаги Халқ қабулхонасига шикоят йўллади. Ушбу ҳолатни ўрганиш ва зарур чорани кўриш юзасидан Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасига топшириқ берилди. Маълум муддатдан сўнг Халқ қабулхонасига тегишли муассасадан Ш. ўаниеванинг фарзанди эмлангани ҳақида жавоб хати келиб тушди. Бироқ текширишлар натижасида фуқаро мурожаати қаноатлантирилганига оид маълумотнинг сохталиги, амалда ҳеч қандай иш қилинмагани аниқланди. Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси поликлиникаси мудири Р. Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида Халқ қабулхонаси институти жорий этилгани фуқаролар ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларда шаффофликни таъминлашда янги саҳифа очди. Раҳбар ва мансабдор шахсларда одамлар дарду ташвишлари билан яқиндан танишиш ҳамда адолатли ечимини топишга нисбатан масъулият ҳиссини кучайтирди. Ўз навбатида, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш самарадорлиги сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Хусусан, Ширин шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда биронта ҳолатда ҳам муддат бузилишига, қонунга хилоф равишда кўриб чиқишни рад этишга йўл қўйилмади. Фуқароларга ўз муаммосини, дардини тўлиқ ҳамда очиқ баён қилиш имконияти яратиб берилмоқда. Бунда, айниқса, республика ва вилоят миқёсидаги давлат органлари раҳбарларининг сайёр қабуллари катта аҳамият касб этаётир. Ширин шаҳрида ўтган давр мобайнида 19 та ана шундай қабуллар ташкил қилинди.

Жумладан, “Сирдарё ИЭС” акциядорлик жамиятининг қўриқлаш бўлимида ишловчи 98 нафар ходимдан Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатда корхонада оптималлаштириш жараёни кетаётгани, ижтимоий аҳволни эътиборга олиб, мавжуд иш жойларини сақлаб қолишда амалий ёрдам сўралган. Мазкур масала “Ўзбекэнерго” АЖ, Энергетика ходимлари касаба уюшмалари Марказий кенгаши, “Сирдарё ИЭС” директорлари иштирокидаги сайёр қабулда кўриб чиқилиб, нафақага чиқаётган ходимлар ўрнига қисқаришга тушган ходимларни жойлаштириш ва уларни умумий ҳисобда 0,5 ставкага ўтказиш ҳисобидан иш жойлари сақлаб қолинди.

Худди шу каби, Ширин шаҳар Нуробод маҳалласида яшовчи фуқароларнинг табиий газ таъминотини яхшилаш бўйича қилган мурожаатларини кўриб чиқишда “Сирдарёгазтаъминот” бошқармаси мутасаддилари иштирокида сайёр қабул ўтказилди ва масала жойнинг ўзида ўрганилди. Натижада маҳаллага 3,8 километрлик газ тармоғи тортилиб, муаммо бартараф этилди.

— Маҳалламиздагиларнинг қувончи чексиз, — дейди нурободлик Пардахол опа Бобоёрова. — Ахир етти йилдан буён табиий газ тармоғини янгилаш масаласида кирмаган эшигимиз, бормаган жойимиз қолмаганди-да. Шукрки, Халқ қабулхонаси кўмагида узоқ вақтдан бери қийнаб келаётган мушкулимиз осон бўлди.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ширин шаҳридаги Халқ қабулхонасига шу йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 674 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 400 дан ортиғи қаноатлантирилган. Жумладан, фуқароларга газ, электр энергиясидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши, уларнинг ойлик иш ҳақларининг кечиктирилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий кўмак бериш каби мурожаатлар бўйича амалий саъй-ҳаракатлар кўплаб инсонларнинг қувончига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, ҳамон айрим ташкилот ва идоралар томонидан  фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари ҳам учраб турганидан кўз юмиш қийин. Мисол учун, фуқаро Х. Эгамбердиева Ширин шаҳридаги “Агробанк”дан кредит олиш мақсадида мурожаат этади. Лекин банк масъул шахси бу мурожаатни ўз вақтида кўриб чиқишни негадир ортга суради. Халқ қабулхонаси аралашуви билан вазият ўрганилиб, айбдорга нисбатан тегишли чора қўлланилди.

Шу ўринда маълумот тариқасида келтириш жоизки, Сирдарё вилояти Халқ қабулхонасига ўтган даврда келиб тушган 12 мингдан зиёд мурожаатларнинг асосий қисми қонуний ечимини топган. Айни чоғда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказиш изчиллиги таъминланаяпти, секторлар фаолияти бўйича мониторинг олиб бориш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Яна бир жиҳат шуки, фуқаролар Халқ қабулхоналарига нафақат муаммолари, балки ҳудудларни ривожлантириш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга оид таклифлар билан ҳам келмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга бўлган дахлдорлик туйғуси ўсиб бораётганидан далолат -беради.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn