Юридик ёрдам кафолатланган
  • 22 Ноябрь 2017

Юридик ёрдам кафолатланган

Нуфузли халқаро экспертлар ҳар бир давлат тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш, ушбу мамлакат билан ҳамкорлик ўрнатиш ёки ташриф буюриш учун, энг аввало, унинг -Асосий Қонунини ўрганиб чиқишар экан.

Негаки, Конституция ўша давлатнинг юзи сифатида унинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, қайси моделга асосланиши, маърифатли дунёда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ҳамда қонун устуворлиги ва демократия тамойилларига нечоғли содиқлигини кўрсатадиган тамойилларни ўзида мужассамлаштирган бўлади.

Буни Асосий Қонунимиз муқаддимасида инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилиб олинганлиги, мазмунида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият, дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш — тенглик, адолат, мафкура ва фикрлар хилмахиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум қилиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

Таъкидлаш ўринлики, Конституциямизда инсоннинг муҳим ҳуқуқларидан бири, яъни юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, бу амалда тўла таъминлаб келинмоқда. Хусусан, унинг 116-моддасида шундай сўзлар битилган: “Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади”.

Ушбу конституциявий нормани амалда таъминлаш учун ўтган йиллар мобайнида юртимизда тизимли ишлар амалга оширилди. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Яъни “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, амалиётга изчил татбиқ этиб келинмоқда. Унинг илк моддасидаёқ бу фаолият тури билан кимлар шуғулланиши масаласига ойдинлик киритилган. Унга биноан, адвокатлик фаолияти билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб -чиқиши, эътиқоди, шахси ҳамда ижтимоий мавқеидан қатъи назар, шуғулланишлари мумкин бўлади. Бу эса Асосий Қонунимизнинг 

18-моддасига қанчалар мос эканлигини кўришимиз мумкин: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Конституциямизнинг 

27-моддасида “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга”лиги ифодаланган бўлса, Қонунда адвокат ва унинг касбий фаолияти, адвокатнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.

Умуман олганда, юртимизда истиқлол йилларида адвокатура институти ҳамда унинг мустаҳкам қонуний асоси яратилди. Аммо мазкур институт бугун ўзини тўла оқлаяптими?

Президентимиз Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда таъкидлаганидек, “Қонунчилигимизда адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ. Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак”.

Шундай экан, бу институтни замон талаблари даражасида қандай ривожлантириш мумкин? Бунинг учун эса миллий қонунчилигимизда белгиланган соҳага доир нормалар ижросини таъминлаш кифоядир.

Маълумки, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида давлат ҳар бир фуқаронинг тенг ҳамда эркин юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш учун адвокатура билан ҳамкорлик қилиши, адвокатура манфаатларига дахлдор масалалар давлат органлари томонидан Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши, давлат адвокатурани фуқаролар мурожаат қилиши учун қулай бўлган жойларда зарур бинолар билан таъминлаши кўзда тутилган бўлиб, эндиги вазифа ушбу меъёрларни амалиётга муваффақиятли тарзда татбиқ этишдан иборат. Ана шунда адвокатура институти халқимиз кутаётган даражада такомилига етади, муҳими, юртдошларимизнинг юридик ёрдам олишга доир конституциявий ҳуқуқлари тўла таъминланади.

Геннадий ДАВЛЕТОВ,

адвокат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn